date

Зироат Мирзиёева дунёдаги энг нуфузли 100 аёл орасига кирди

Зироат Мирзиёева дунёдаги энг нуфузли 100 аёл орасига кирди

Жаҳон миқёсида саратон касаллигига қарши кураш бўйича етакчи ташаббусларни бирлаштирган халқаро OncoDaily платформаси “Онкология соҳасидаги энг нуфузли 100 нафар аёл” рейтингини эълон қилди. Бу рўйхатга тиббиёт, фан, сиёсат ва жамоатчилик фаолияти орқали глобал соғлиқни сақлаш сиёсатини шакллантираётган энг таъсирли аёллар киритилган. Ушбу нуфузли рўйхатда Ўзбекистон Биринчи хоними, “Замин” халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёеванинг номи ҳам муносиб ўрин олди.

Экспертлар Зироат Мирзиёеванинг болалар онкологияси соҳасидаги ташаббусларини, касалликларни эрта аниқлаш, замонавий даволаш усулларини жорий этиш ҳамда оғир касалликка чалинган болаларнинг яшовчанлик даражасини ошириш борасидаги ишини юқори баҳолади. Унинг саъй-ҳаракатлари нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда онкологик касалликларга қарши самарали ҳамкорлик тизимини ривожлантиришга хизмат қилмоқда, деб таъкидланди рейтинг изоҳида.

OncoDaily маълумотларига кўра, Зироат Мирзиёева 2025 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ВОЗ) ва америкалик St. Jude тадқиқот шифохонаси билан ҳамкорликда ўтказилган “Саратон ва бошқа ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлигини ошириш” мавзусидаги халқаро форумга ҳамраислик қилган. У мазкур минбардан туриб жаҳон ҳамжамиятини болалар онкологиясида тезкор ва қатъий чоралар кўришга чақирган.

Биринчи хонимнинг фаолиятида асосий эътибор — тиббий ёрдамдан тенг фойдаланиш имкониятларини яратишга қаратилган. У айниқса яшовчанлик кўрсаткичи паст бўлган мамлакатларда болаларни саратон касаллигига қарши самарали даволаш имкониятини оширишни ўз фаолиятининг устувор йўналиши қилиб белгилаган. Зироат Мирзиёеванинг ташаббуслари натижасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида 2030 йилгача болаларда саратонга қарши курашда яшовчанлик даражасини 60 фоизга етказиш бўйича миллий стратегия халқаро мақсадлар билан уйғунлаштирилди.

Таҳлилчилар фикрича, унинг халқаро рейтингга киритилиши — бу шахсий саъй-ҳаракатлар билан бир қаторда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган соғлиқни сақлаш ислоҳотларининг самарадорлигига берилаётган юқори баҳодир.

Зироат Мирзиёеванинг ташаббуслари орқали Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро ҳамжамият билан тенг ҳамкор сифатида танила бошлади. Унинг раҳбарлигида “Замин” фонди болалар онкологияси, реабилитация ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳаларида амалий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Шу билан бирга, мамлакатда юқумли бўлмаган касалликларга қарши профилактика ишлари, тиббий маданиятни ошириш ва аҳолининг соғлом турмуш тарзига йўналтирилган давлат дастурларига кучли туртки берилди.

Шундай қилиб, Зироат Мирзиёеванинг дунёдаги энг нуфузли аёллар қаторида эътироф этилиши — бу нафақат шахсий ютуқ, балки Ўзбекистонда амалга оширилаётган инсонпарвар, ҳаётни асрашга қаратилган сиёсатнинг халқаро майдондаги юксак эътирофидир.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Зироат Мирзиёева дунёдаги энг нуфузли 100 аёл орасига кирди