22:41 / 14.01.2023
1 236

Миллатимиз эркинликни кўтара олмайдими?

Миллатимиз эркинликни кўтара олмайдими?
Янги Ўзбекистонда янги сиёсат юритилмоқда. Деярли барча соҳаларда ижобий ўзгаришлар ясалди, бошланган ислоҳотлар ўз самарасини бера бошлади. Шу билан бирга, сўз эркинлиги ва виждон эркинлиги фақат қоғозда эмас, амалда ҳам таъминлана бошлади.

Афсуски, бу ижобий ўзгаришлардан ҳамма ҳам хурсанд бўлаётгани йўқ. Одамларнинг онги, қалби ва тилини қафас ичида кишанлаб сақлашни истайдиган, шундай қилишдан манфаатдор ёки ўзи шу қафасга ўрганиб қолганлар бугунги эркинлик шабадаларидан жунжика бошлади. Бундай эскилик сарқитлари ҳамма жойда, жумладан, ижтимоий тармоқларда “ўзбекларга эркинлик керак эмас”, “ўзбеклар эркинликни кўтара олмайди”, “бу миллатни золим, қонхўр ва қаттиққўл подшо бошқармаса, ўзидан кетиб қолади” каби куракда турмайдиган жирканч мулоҳазалари билан айюуҳаннос сола бошладилар. Албатта бу каби мулоҳазалар асоссиз ва ёлғонлигини “кўзи очиқ” одам дарров пайқайди. Бу каби “информацион шовқин” иллатимиз ва давлатимизни мустақил кўришни истамайдиган кучлар уюштираётган информацион ҳужум ва пропаганда натижаси ҳам бўлиши мумкин

AzonTV да “Бугунги дунё” кўрсатувида иштирок этган сиёсатшунос Ҳамид Содиқ ҳам бундай мулоҳазалар ҳақидаги саволга жавоб бериб, бундай фикрлар ўзбек халқига очиқ туҳмат эканини таъкидлайди.

Ўзбек халқи минг йиллик тарихга ва бошқа халқлар тараққиёти ҳам таъсир кўрсата олган маданиятга эга. Эркинликни кўтара олмайди дейиш, ўзбек халқига туҳматдан бўлак нарса эмас. Шунчаки биз узоқ йиллар истило остида, автократ сиёсат босими остида яшадик. Ақлли, онгли ва билимли етакчиларимиз йўқ қилинди. Ўзгача фикрлайдиган, миллати учун қайғурадиган миллатимиз зиёлиларини сургун қилиб ёки қамаб, орадан олиб ташланди. Энди эркинлик берилганида бўлаётган айрим тасодифий ҳолатларни бутун халққа ёрлиқ ўлароқ ёпиштириш - дўстнинг иши эмас.

Шунчаки ҳозир халқимиз демократик ва эркин ҳаётга кўникиш босқичида. Автократия ва диктатурага мойилликни бутун миллатга татбиқ этиб бўлмайди. Осиёдаги кўпгина халқлар, айтайлик Япония халқи ҳам автократияга мойил десак бўлади. Лекин улар тузган демократик тузумга, уларнинг ривожланган иқтисодиёти ва илм-фанига, халқининг фаровон ва маданий турмушига бир қаранг! Ёки Жанубий Кореяни олайлик. Бу ерда ҳар 2-3 йилда собиқ президент ёки йирик бизнесменларини судлаб, қамаб туришади.

Лекин улар ҳам тараққиёт ва маданиятда ривожланган Ғарб давлатларидан кам жойи йўқ. Ёки фашистлар Германиясини эсланг. Деярли бутун халқ пропаганда таъсири остида диктатурани ва миллатчиликни ёқлади. Аммо ҳозирги Германияни бир кўринг!.. Демак бирор халқни демократияга мойил ёки мойил эмас, фалончи тузумга муносиб ёки муносиб эмас, деб бўлмайди. Агар қонунлар устувор бўлса, адолатли ва халқпарвар тузум бўлса, халқ ўшанга дарров кўникади. Ўзини шу тузумга муносиб тута бошлайди
".

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият