18:26 / 21.01.2023
499

«Аномал совуқ» атамаси коммунал хизматлар ношудлигини хаспўшлаш учун ўйлаб топилдими?

«Аномал совуқ» атамаси коммунал хизматлар ношудлигини хаспўшлаш учун ўйлаб топилдими?
Сўнгги кунларда “Аномал совуқ” тушунчаси “тренд”га чиқди. Унинг оқибатлари кейинги масала. Аммо сабаблари ҳақида бироз чуқурроқ билиб олсак зарар қилмайди.

Шу мақсадда AzonTV нинг «Фикрат» таҳлилий дастурида “Ўзгидромет” Бош директори Шерзодхўжа Ҳабибуллаев ҳамда мутахассис Эркин Абдулаҳатов билан суҳбат уюштирилди.

Суҳбатда, шунингдек, “аномал” сўзининг ишлатилганига изоҳ берилди. Чунки “бу атама коммунал хизматлар ва жойлардаги маҳаллий бошқарув органларининг ношудлиги ва муаммоларини “оқлаш” ҳамда хаспўшлаш учун ўйлаб топилди, деган шубҳалар кўпчиликнинг кўнглидан кечгани рост гап.

- Бу сўзни қўллаганимиз юзасидан жуда кўп саволлар берилди, дейди Шерзодхўжа Ҳабибуллаев. – Агар об-ҳаво прогнозини беришда, ҳарорат кўп йиллик маълумотлар бўйича кундалик ўртача миқдоридан 7 даражага фарқ қилса, “аномал” дейилади. Масалан, ҳозирги ўрганишларимизга кўра, тунда минус 6 даража бўлса, агар унга 7 қўшилса, демак минус 13 даража йилнинг шу пайти учун аномал об-ҳаво ҳисобланади. Бу халқаро даражада қабул қилинган меъёр.

Лекин ўтган ҳафтадаги вазиятда нафақат ҳарорат даражасига, балки ҳаво босимига ҳам қаралди. Чунки ҳақиқатан ҳам юртимиз ҳудудига совуқ циклон кириб келди. Вазият ростан ҳам жуда жиддий эди. Айримлар ҳатто “аномал совуқ” ҳақидаги хабар коммунал хизматлар фаолиятидаги муаммоларни оқлаш учун айтилган, деган шубҳага ҳам боришди. Лекин бу ҳақиқатан аномал об-ҳаво эди.

Кўп йиллик кузатувлар, ҳамкорларимиз берган маълумотлар, ер сунъий йўлдошлари узатган рақамлардан келиб чиққан ҳолда, “аномал совуқ” сўзини ишлатдик. Бу огоҳлантириш нафақат аҳолини ҳушёрликка чақириш, балки тегишли хизматлар эътиборини қаратиш вазифасини ҳам бажаради. Чунки биз мунтазам об-ҳаво хабарномасини чиқарамиз. Бу хабарнома бўйича фаолият кўрсатишда барча хизматларнинг ўз вазифалари белгилаб қўйилган.

Таъкидлаш керак, об-ҳаво прогнозида “аномал” тушунчаси ҳам совуқлиги бўйича, ҳам босими бўйича қўлланилди. Чунки босим ҳам анъанавий кўрсаткичдан анча юқори бўлди. Оддий тушунтирадиган бўлсам, қуёш чиқса ҳам қиздирмади. Босимнинг юқори бўлиши совуқни ушлаб туришга хизмат қилади, қуёш ҳароратини “синдиради”.

Айтиб ўтишимиз керак, “аномал” сўзини ўтган йили ёздаги қаттиқ иссиққа нисбатан ҳам ишлатганмиз, лекин негадир ҳеч ким аҳамият бермаганди. Ҳаттоки ўтган йилги чанг бўронлари ҳам ҳар йиллик ўртача меъёрдан ортиқча бўлгани учун аномал ҳисобланади, дея тушунча берди “Ўзгидромет” Бош директори Шерзодхўжа Ҳабибуллаев.

Шу ўринда “Ўзгидромет” ташкилоти ҳақида қисқа маълумот берсак:

Тошкентда метереологик кузатувлар 1867 йилнинг декабридан бошланган. 1870 йилнинг мартидан “Туркистанские ведомости” газетасида об-ҳаво метеокузатув маълумотлари нашр этила бошланган. 1873 йилдан Тошкент Астрономия ва физика обсерваторияси фаолият юрита бошлади. 1876 йилнинг сентябрида Тошкент обсерватория метеостанцияси очилди ва ҳозиргача хизмат қилиб келяпти.

XX асрнинг бошларига келиб, Ўзбекистон ҳудудида 11 та гидрометеорологик станция ташкил этилган. Ўзбекистон гидромет хизматининг расмий ташкил этилган санаси 1921 йил 7 май куни нишонланади.

1931 йилдан бошлаб Гидромет хизмати ҳам метеорологик, ҳам гидрологик кузатувларни мунтазам равишда олиб боради. 1992 йилда Гидрометхизмат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги гидрометеорология бош бошқармаси ҳуқуқий мақомини олди. 2004 йилнинг апрел ойидан бошлаб бош гидромет Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги гидрометхизмат марказига айлантирилди.

2017 йилдан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ўтказилди. 2019 йилдан эса Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтказилган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият