Бақара сураси 286 оятдан иборат. Мадинада нозил бўлган. Баъзи уламоларнинг айтишларича ушбу сурада мингта хабар, мингта амр ва мингта наҳий бор.
Ибн Жарир Табарий роҳимаҳуллоҳ Мухоҳид роҳимаҳуллоҳдан ривоят қиладилар. У киши айтдиларки: “Бақара сурасининг аввалги тўрт ояти мўминлар ҳақида, кейинги икки ояти кофирлар хусусида улардан кейинги ўн уч оят эса мунофиқлар тўғрисида нозил бўлган”.
Имом Суютий ўзларининг “Асбобун нузул” китобларида ушбу ривоятни шарҳлаб, Бақара сурасининг 1-4 оятлари мўминлар ҳақида, 6-7 оятлар кофирлар ҳақида, 8-20 оятлар мунофиқлар ҳақида нозил бўлган дейдилар. Шунда орада қолган бешинчи оят мўминларни мақташ маъносида нозил бўлган дейишимиз мумкин.
Бақара сурасининг илк ояти “Алиф, Лом, Мим”, деб бошланади.
Имом Табарий ушбу оятнинг тафсири борасида бир қанча фикрларни зикр қиладилар. Жумладан:
Баъзи уламолар “Алиф, лаам, мим Қуръони каримнинг исмларидан биридир”, дейишган.
Бошқа уламолар эса: “Алиф, лаам, мим Аллоҳ Қуръонни очиб берган очувчилардан биридир”, дейишади.
Яна бошқа уламолар эса: “Алиф, лаам, мим Бақара сурасининг номларидан биридир”, деганлар.
Уламоларнинг бошқа бир гуруҳи эса: “Алиф, лаам, мим қасам маъносида келган”, дейдилар.
Яна бошқа бир гуруҳ олимлар эса: “Бу ҳарфлар бирини иккинчиси такрорламайдиган ўзига хос маънога эга ҳарфлардир”, деганлар.
Уламоларнинг яна бир тури эса: “Ҳар бир китобнинг сири бор. Бу ҳарфлар Қуръоннинг сиридир”, дейишган.
Бошқа уламолар эса: “Бу ҳарфлар мушриклардан иборат тингловчиларнинг диққатини жалб қилиш учун”, дейишган.
Имом Табарий юқоридаги фикрларни келтира туриб, “Буларнинг бари маъруф хабарлар. Аммо менинг фикримча Аллоҳ таоло бу ҳарфларни бошқа ҳарфлар каби муттасил (бир-бирига уланган) ҳолда эмас, муқоттоат (узилган, алоҳида) ҳолда келтирди. Бунинг сабаби Ўз каломи билан ҳар бир ҳарфдан бир маънога эмас, кўплаб маъноларга далолат қилишини ирода этди.
Баъзи одамлар эътироз билдиради, қандай қилиб бир ҳарф бир неча маъноларни ифодалаши мумкин? Биз айтамизки, бир сўз гоҳида бир неча маънони ифодалаганидек, бир ҳарф ҳам бир қанча маъноларни билдириши мумкин. Масалан, “кўз” деганда инсон аъзоларидан бирини, узукнинг кўзини, ишнинг кўзини ва ҳоказо маъноларни тушуниш мумкин. Бундай мисоллар жуда кўп.
Худди шу каби “Алиф, лам, мим”, “Алиф, лам, ро”, “Алиф, лам, мим, сод” каби сураларнинг бошида келадиган ҳарфларнинг ҳам бир қанча маънолари бор.
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ эса Имом Қуртубийдан, у киши Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумлардан ҳикоя қилиб айтадиларки: “Бу оят (яъни, Алиф, лаам, мим) Аллоҳ илми ила Ўзида олиб қолган нарсадир”. Улар бу оятнинг илмини Аллоҳнинг Ўзига топширдилар ва тафсир қилмадилар.
Имом ибн Касир роҳимаҳуллоҳ яна қўшимча қилиб айтадилар: “Бу муқоттаот ҳарфлар бандаларни ожиз қолдириш учун нозил қилинган. Яъни, махлуқотлар Қуръон каби каломни келтиришга ожизлар. Ваҳоланки, оятлар мана шу сизлар ишлатадиган ҳарфлардан ташкил топиб турибди”.
Фақатгина эътибор беришимиз лозим бўлган бир жиҳат бор. Кўплаб муфассирлар бу каби муқоттаот ҳарфлари иштирок этган оятларни тафсирига киришмаслик яхшироқ дейишади. Аммо бу дегани Аллоҳ беҳуда, бекорчи, маъносиз нарсани нозил қилган, деган мутлақ нотўғри фикр пайдо бўлиб қолмаслиги керак, кишида. Бу оятнинг нозил бўлишида биз билмаган маъно ва ҳикматлар бисёр, фақат биз уни билмаймиз, холос. Яъни, қосир ақлимиз бунга етмайди.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади
Манба: Azon.uz
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)