
Сирдарё вилоятида шифокор билан ўзаро жанжаллашиб, тиббий кўрик жараёнига тўсқинлик қилган эркак маъмурий тартибда жазоланди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, у суд қарори билан 15 суткага маъмурий қамоққа олинган.
Ҳодиса жорий йилнинг 9 ноябрь куни соат 00:25 ларда Мирзаобод туманидаги Сирдарё вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида содир бўлган. “102” хизматига беморнинг яқинлари тиббий муассасада жанжал чиқараётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Профилактика инспекторлари шифохонага етиб борганида, бемор Д.Х.ни унинг турмуш ўртоғи С.Х. ва ўғли А.Х.лар олиб келгани маълум бўлган. Навбатчи шифокор Р.Б. беморни кўрикдан ўтказиш жараёнида қўлидан ушлаб ўтиришга ёрдам берган ва қорин соҳасидаги оғриқни аниқлаш мақсадида қўли билан босиб кўрган.
Шу пайтда беморнинг турмуш ўртоғи рашк сабаб шифокор билан ўзаро жанжаллашган.
Терговга қадар ўтказилган текширувда шифокор Р.Б. суд-тиббий экспертизадан ўтказилган ва унда тан жароҳати ёки жароҳат излари мавжуд эмаслиги тасдиқланган.
Жамланган ҳужжатлар Мирзаобод туман судида кўриб чиқилди. Суд фуқаро С.Х.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 197-7-моддаси (тиббиёт ходимининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш) талабларини бузган деб топиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини белгилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.