
Юртимизда кўп квартирали уйлар ва уларга туташ ҳудудларни қандай бошқариш, сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича муҳим янгиликлар тасдиқланди. Янги қоидалар бинонинг қайси жойи умумий мол-мулк ҳисобланиши, унга қандай тарзда хизмат кўрсатилиши ва бу жараёнларда мулкдорлар зиммасига тушадиган мажбуриятларни аниқ белгилаб берди.
Ҳужжат аввало асосий тушунчаларга ойдинлик киритади: «умумий мол-мулк», «иншоот», «техник эксплуатация», «реконструкция», «мукаммал таъмир» каби атамаларга аниқ қонуний таърифлар берилган. Бу эса амалдаги ишлар ва масъулиятлар чегарасини аниқлашда катта аҳамият касб этади.
Янги талабларга кўра, ҳар бир кўп қаватли уй аҳоли учун хавфсиз, қулай ва барқарор яшаш муҳитини таъминлаши шарт. Бунинг учун бинони ҳолатидан келиб чиқиб назорат қилиш, вақтида профилактик ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш, аварияларнинг олдини олиш каби вазифалар марказий ўринга қўйилган.
Умумий мол-мулк таркиби ҳам аниқ санаб ўтилган: лифтлар, зиналар, умумий фойдаланиладиган йўлаклар, чордоқ ва ертўлалар, муҳандислик тизимлари, том конструкциилари, ички коммуникациялар, ахборот ва телекоммуникация тармоқлари, уйга туташ ҳудудлар, болалар майдончалари, автотураргоҳлар – буларнинг барчаси умумий мулк сифатида қайд этилган ва уларни сақлаш харажатлари мулкдорлар зиммасига тенг улушда юкланади.
Мулкдорлар бу ишларни бажаришда бир нечта йўлдан фойдаланиши мумкин:
— бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузиш;
— уй-жой мулкдорлари ширкатини ташкил этиш;
— ёки бевосита бошқариш шаклини танлаб, пудратчи ташкилотларни жалб этиш.
Қоидаларда бошқарув органларининг вазифалари ҳам аниқ белгилаб берилган. Улар уйнинг техник ҳужжатларини юритади, муҳандислик тармоқларини доимий кўрикдан ўтказади, мавсумий тайёргарлик ишларини ташкил этади, авария ҳолатларини бартараф қилади. Бинони қурилиш ташкилотидан қабул қилиб олиш, унинг ҳолатини расмийлаштириш тартиби ҳам янгича шаклда йўлга қўйилади.
Айниқса, иссиқлик, сув, оқова, газ ва электр таъминоти тизимлари, вентиляция каналлари, том ва фундаментнинг ҳолатига оид талаблар алоҳида қайд этилган. Шу билан бирга, уйларга ўрнатилган қуёш панелларидан фойдаланиш, уларга техник хизмат кўрсатиш йўллари ҳам қонун доирасида тартибга солинди. Энергия самарадорлигини ошириш, ҳисоблагичлардан тўғри фойдаланиш ва тежамкор технологияларни жорий этишга алоҳида урғу берилган.
Уйга туташ ҳудудларни сақлаш, кўкаламзорлаштириш, чиқиндиларни тўғри тўплаш, мавсумий тозалаш ишлари ва дарахт ҳамда газонларни парваришлаш – буларнинг барчаси мулкдорлар ва бошқарув органлари зиммасида бўлади.
Эътиборли жиҳати шундаки, қоидалар талабларини бузган шахслар қонунчиликка мувофиқ тарзда жавобгарликка тортилади. Демак, янги тартиб фақат назоратни кучайтириш эмас, балки уйлар сифатини узоқ муддат юқори даражада сақлашга қаратилган тўлиқ тизимни ҳаётга татбиқ этмоқда.
Бу янгилик кўп қаватли уйларда яшайдиган минглаб аҳоли учун нафақат қулайлик, балки уларнинг мулкини ҳимоя қилувчи, хизмат сифатига кафолат берувчи янги босқични бошлаб берди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.