16:25 / 12.04.2023
291

Темурийлар салтанатида аёлларнинг ўрни қандай бўлган?

Темурийлар салтанатида аёлларнинг ўрни қандай бўлган?

Тарихни ўрганар экансиз, “югурганники эмас, буюрганники” мақоли ўз исботини топган ўринларга кўп гувоҳ бўласиз. Кўплаб ихтироларни бошқа олимлар қилган бўлсада, тарих ва фанда бошқаларнинг исми муҳрланган. Американи Колумб очган бўлсада, (аслида ундан ҳам олдин викинглар борган, дейишади) янги дунёга бошқа бир саёҳатчи ва денгизчи Америго Виспуччининг номи берилган.

Бундан ташқари, кўплаб машҳур тарихий шахсларнинг буюк бўлиб етишишларига асосий ёрдамчи бўлган шахсларнинг номи сақланиб қолмаган ёки кўп эсланмайди. Стив Жобсни биламиз, лекин унга ғоя берган ва ихтироларига бевосита сабабчи бўлган ҳамда ёнида турган Стив Вознякни ҳамма ҳам танимайди.

Бу Ғарб тамаддунига оид масалалар бўлсада, юртимиз тарихида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар учраб туради. Масалан, Амир Темурни биламиз, отаси кимлигини биламиз. Лекин волидаи муҳтарамаси ҳақида деярли ҳеч нарса билмаймиз. Умуман, Амир Темур салтанатида ҳукмронларга таъсир қилган аёллар тарихи қанчалик ўрганилган?

AzonTVда Амир Темур тарихини ўрганиш муаммоларига бағишланган «Фикрат» кўрсатувида Темурийлар тарихи давлат музейи илмий ходими Ботир Йўлдошев эксперт сифатида мана шу саволга жавоб берди:

“Ҳар қандай буюк шахснинг камолотга етишишида, буюк шахс бўлишида аёлларнинг ўрин беқиёс бўлади. Биринчи ўринда оналарнинг роли катта. Амир Темурнинг онаси ҳақида сўз юритсак, Текинамоҳбегим асли бухоролик бўлади. У бухоролик йирик шайхнинг қизи эди. Демак ўз дини ва эътиқодига мустаҳкам бўлган она ўғлини ўша руҳда тарбиялайди.

Энг ёмони, бизда Амир Темурнинг болалиги ҳақида маълумотлар кам. Деярли йўқ. Ҳатто айримлар Амир Темурни саводсиз бўлган, дейишади. “10-12 ёшда саводли бўлди, ўйинқароқ эди”, деган ёлғонларни ҳам тўқишган. Ундай эмас! Темур ўша пайтдаги анъаналарга кўра, уни 4 ёшу 4 ойу 4 кунлик бўлганида таълим беришни бошлашади. Унга яхши мураббийлар тайинланади. Амир Темурнинг отаси барлос уруғидан бўлиб, Шаҳрисабзнинг йирик бекларидан эди. Илмга катта эътибор берарди. Шу боис ёш Темур 6-7 ёшларида анчагина билим олиб бўлганди. 10 ёшида эса жанговор ўйинларга қизиқа бошлайди.

Энди Темурийлар салтанатидаги аёлларга қайтадиган бўлсак, уларнинг энг буюги Сароймулкхоним эди. Амир Темур сафарда юрган пайтларида барча ишларини ўз зиммасига оладиган, оқила ва муаммоларга тез ечим топа оладиган аёл бўлган.

Лекин тарихни яхши ўрганмаслик, манбаларни қиёсий таҳлил қилмаслик айрим чалкашликларга ҳам олиб келяпти. Ўн йил олдинги бир воқеани айтиб берай. Менга Бухородан бир хат келди. Бир ўқувчи ёзяптики, “7 синф тарих дарслигида Амир Темур ҳақидаги мақолада шундай фактлар келтирилган. Лекин сизлар ёзган китобдаги Амир Темур мақоласида худди шу маълумот бошқача берилган”.

Мен ўша 7-синф дарслигини олиб текшириб кўрдим. Ўқувчи қиз тўғри айтган экан. Лекин биз бераётган маълумотлар қўлёзма манбалардан олингани учун, тўғри, деб тақдим этганмиз.

Кейин ўша қизга жавоб хати ёздим. Синчковлигингиз учун ота-онангизга раҳмат, дедим. Энди ўйлаб кўринг. Ўша қиз олий ўқув юртига кириш чоғида 7-синф тарих дарслигида ёлғон маълумотни жавоб деб берса тўғри бўлади. Чунки тестда шу хато факт олинган. Лекин биз топган янги фактни берса, тестда хато қилган бўлади!

Кўряпсизми, ўқувчиларни биз олимларнинг ўзлари чалғитиб қўймоқдамиз. Бу китобда Сароймулкхоним фарзанд кўрмаган, деб ёзяпти. Буёқда эса “Ҳабибус-сияр” китобининг таржимасида Сароймулкхоним иккита фарзанд туққан, деб ёзилган.

Демак, кўплаб тарихий шахсларнинг, жумладан, аёлларнинг номи ҳамон номаълум қолаётгани, уларнинг тарихдаги ўрни ёритилмаганига Ўзбекистон тарихини ёзувчи ва ўрганувчи олимларимизнинг ўзлари ҳам сабабчи бўлишяпти. Бунинг асл сабаблари қаерда эканини билишни истасангиз, умуман Темурийлар салтанатида аёлларнинг ўрни кўплаб янги ва батафсил  маълумотлар олмоқчи бўлсангиз, “Фикрат” таҳлилий кўрсатувининг мазкур сонини youtube.com тармоғида томоша қилишингиз мумкин.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият