date

Владивостокда ўзбекларга ҳужум: Ўзбекистон нотаси ва Россиядаги таҳликали вазият

Владивостокда ўзбекларга ҳужум: Ўзбекистон нотаси ва Россиядаги таҳликали вазият

Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси яқинда содир бўлган ўзбекистонлик фуқароларга нисбатан зўравонлик ҳолати юзасидан Россиянинг тегишли идораларига расмий нота йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Владивостокдаги бош консули Юсуф Қобулжонов маълумот берди.

Унинг айтишича, воқеа юзага келган заҳоти консуллик ходимлари жабрланган ватандошлар билан боғланиб, уларга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатди. Шу билан бирга, жабрланувчилар Владивосток шаҳар ички ишлар бошқармасига расмий ариза тақдим қилишган. Масала Приморск ўлкаси прокуратураси ва Россия ташқи ишлар вазирлиги ваколатхонасига ҳам етказилиб, чоралар кўриш зарурлиги ҳақида ноталар юборилган.

Айни дамда бу иш Ўзбекистон Бош консулхонаси ҳамда Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан алоҳида назоратга олингани таъкидланди.

Маълумки, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Владивостоклик ёшлар гуруҳи ўзбек фуқароларини калтаклаб, таҳқирлагани акс этган. “Новая газета” нашри уларни “миллатчи йигитлар” деб атади.

Россия матбуотининг ёзишича, Приморье ўлкаси Тергов қўмитаси ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатди. Хабарга кўра, воқеа Хабаровск кўчасида 10 сентябрга ўтар кечаси содир бўлган. Маст ҳолатдаги ўсмирлар ҳеч қандай сабабсиз тўхтаб турган автомашинага зарар етказиб, йўловчиларга ҳужум қилган. Уларга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 213-моддаси (безорилик) билан иш очилган. Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчилардан бири қўлга олинган, яна икки нафари эса қидирувда.

Жамоат фаоли ва собиқ депутат Расул Кушербоев бу ҳолатни “уларнинг ягона айби – марказий осиёлик мигрант бўлгани” сифатида баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Россия ички ишларига мурожаат қилиш кўпинча фойдасиз ва хавфли, чунки бундай ҳолатларда адолат таъминланиши шубҳали.

Таҳлилчи Муҳаммадқодир Собиров эса бу тенденцияни Россия ҳукуматининг тарғиботи билан боғлади:
“Жамиятдаги норозиликни йўналтириш учун кимгадир айб юклаши керак эди. Украинадаги шармандали вазият ва дунё миқёсидаги яккалланишдан сўнг марказий осиёлик мигрантлар ‘ўлжали қурбон’ сифатида танланди. Бугунги кунга келиб, ҳатто 2010 йилда туғилган ўсмирлар ўзбек мигрантини урса ҳам, ўзини жазодан ҳимояланган деб ҳис қилади. Чунки улар ҳар ҳафта ОМОН томонидан мигрантларга нисбатан куч ишлатилишини кўряпти, телевидение ва тармоқларда эса мигрантлар ҳақида ёмон тарғибот эшитяпти. Шу орқали нафрат авлоддан-авлодга ўтиб, мутлақо хавфли кўринишга келди”, – дея ўз фикрини билдирди таҳлилчи.

Воқеа нафақат ўша ёшлар, балки Россиядаги умумий муҳит ва мигрантларга нисбатан муносабатни ҳам янада кескин муҳокамага олиб чиқди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Владивостокда ўзбекларга ҳужум: Ўзбекистон нотаси ва Россиядаги таҳликали вазият