
Disney 2027 йилда катта экранларга чиқиши кутилган машҳур “Фрозен” мультфильмининг учинчи қисми ҳақида дастлабки тафсилотларни ошкор қилди. Унга кўра, томошабинларни нафақат қироллик тўйи, балки Аренделле шаҳрига сирли тарзда қўшиладиган янги оила аъзоси ҳам кутмоқда.
Мазкур синопсис Шанхайда ўтказилган Disney конференциясида тақдим этилди ва аллақачон катта қизиқиш уйғотмоқда. Унда шундай дейилади:
“Янги бобда қиролича Анна йўлак бўйлаб одимлар экан, Элза эса сирли ва синовларга тўла сеҳрли саёҳатга қўшилади. Бу пайтда Аренделледаги асрнинг тўйига мезбонлик қилади. Энг ҳайратланарли жиҳати шундаки, қироллик оиласи янги, сирли аъзони кутиб олиш арафасида турибди”.
Мазкур “янги аъзо” ким бўлиши ҳанузча сир бўлиб қолмоқда. Мухлислар эса турли тахминларни илгари сурмоқда: бу Анна ва Кристоффнинг фарзанди бўлиши, Элза учун кутилмаган романтик қаҳрамон пайдо бўлиши ёки бутунлай янги сеҳрли мавжудот келиши мумкин. Агар гап бола ҳақида бўлса, бу Disney тарихида катта янгилик бўлади — 25 йил ичида илк бор малика катта экранда онага айланган ҳолда тасвирланади. Бундай воқеа охирги марта 2000 йилда фақат уй видеоси сифатида чиққан “Кичик сув париси II: Денгизга қайтиш” фильмида кузатилган эди.
Эслатиб ўтамиз, “Фрозен 2” охирида Анна Аренделле қироличасига айланган ва Кристоффнинг таклифига рози бўлган, Элза эса сеҳрланган ўрмонда унинг қўриқчиси сифатида қолишга қарор қилганди. Шунингдек, Disney ушбу франчайзингнинг тўртинчи қисми ҳам ишлаб чиқилаётганини тасдиқлади, аммо ҳозирча тафсилотлар эълон қилинмаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!