19:14 / 27.04.2023
299

“Картадан картага пул ўтказишни блоклаб қўйишлари мумкин” — солиқ маслаҳатчиси P2P назорати ҳақида

“Картадан картага пул ўтказишни блоклаб қўйишлари мумкин” — солиқ маслаҳатчиси P2P назорати ҳақида

Мурод Муҳаммаджонов / Фото: Kun.uz

1 майдан бошлаб картадан картага ўтказмаларга оид маълумотлар солиқчиларнинг қўлида тўпланади. Солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджоновнинг Kun.uz билан суҳбатда айтишича, P2P ўтказмалар назоратидан мақсад – счет-фактурадан пул ишлаш бўлиши мумкин. У солиқ органлари айрим жисмоний шахсларга маблағ ўтказишни блоклаб қўйишидан хавотир билдирди.

Мақсад ҳисоб-фактурадан пул қилишми?

— Монетизация масаласини оладиган бўлсак, ҳозирча счет-фактура бепул деб айтиб туришибди. Чунки фактура тайёрлаб берувчи хизматлар бир неча йил бепул фактура тайёрлаб, одамларни ўргатиб олганидан кейин ҳамма счет-фактуралар электрон берила бошлангач, пулли қилиб қўйишди. Худди шундай, транзакциялар бўйича фактуралар бепул ва солиққа ҳам тортмаймиз дейишяпти. Ўзи счет-фактура маҳсулот ва хизматларнинг реализациясини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Аммо бу ерда ҳеч қандай реализация йўқ – счет-фактура берилиши мантиққа тўғри келмайди.

Бундан кўзланган мақсад нима дейдиган бўлсак, мен бундан 2та нарсани кўряпман: монетизация ҳолати бўлса, ҳозирча бепул дейилаётган счет-фактуралар вақт ўтиб, 10 сўм, 20 сўм, 100 сўм, 200 сўм тарзида ҳар бир фактурага нарх белгиланади. Бу нима дегани? Агар кунига 1 миллионта транзакция ўтадиган бўлса, 200 сўмдан, кунига 200 миллион сўм тушум дегани. Энди бир ойлик тушумни ҳисоблайверинг. Бу шунчаки транзакцияга илиниб олишнинг йўли.

Агар ҳақиқатан счет-фактура секин-секин пулли қилинадиган бўлса, харажат пул жўнатувчининг зиммасига юклатилади. Одатда, пул жўнатувчи тезроқ пул юборишдан манфаатдор.

“Шахсга пул ўтказиш блокланиши мумкин, худди ҚҚС гувоҳномаси каби”

— Иккинчи томони бор ва бу жуда ҳам хавфли – бу томонни ҳеч ким кўрмаяпти. Бу – жисмоний шахсдан жисмоний шахсга ўтказиладиган пул маблағларига блок қўйиш ҳолати. Ҳозир счет-фактура юбора олади, эртага фалончи жисмоний шахсга фактура бермайдиган қилиб қўйишади. Агар мен сизга пул ўтказмоқчи бўлсам, солиқ органи сизга ўтказиладиган пуллар учун счет-фактураларга блок қўйиб қўяди. Бу дегани эртага мен сизга пул ўтказа олмайман.

Сизнинг картангизга ҳеч ким блок қўймайди, лекин сизга счет-фактура беришга блок қўйилади. Бунинг натижасида янада кўпроқ электрон бошқарувга ўтишади, янада кўпроқ одамларнинг шахсий маблағига аралашишади. Бу келгусида янада кўпроқ коррупцияга олиб келади. Хоҳлаган одамига блок қўйишади.

Буни нима билан солиштирса бўлади? Қўшимча қиймат солиғи бўйича гувоҳнома берилишида энг аввало нима дейилган эди? Солиқ кодексининг ўзида ҳам ҚҚС гувоҳномаси берилади ва ҚҚС тўловчилар ҳисобини Давлат солиқ қўмитаси юритади дейилганди. Ўша пайт биз эртага гувоҳнома билан ҳаммани қийнайсизлар десак, “йўқ, бу фақат ҳисобини юритиш учун, бу ерда назорат мақсади йўқ” дейишганди. Лекин ҳозирги кунда қарайдиган бўлсангиз, хоҳлаган, ёқмаган тадбиркорнинг ҚҚС гувоҳномасини ўчириб қўйишади. Жуда катта коррупцияга сабаб бўляпти. Чунки хоҳлаган одамига ишлашга рухсат беришяпти, хоҳламаганига йўқ. Солиқ органлари суд қарорларини менсимасдан, тадбиркорларнинг ҚҚС гувоҳномасини блоклаяпти.

Пул ўтказмалари билан ҳам худди шундай бўляпти, ҳеч қандай солиққа тортмаймиз деган айёрона йўлдан боришяпти. Хавф шундаки, эртага хоҳлаган одамига пул ўтказишда блок қўяди, платформалар ҳеч нарса қилолмайди: “Счет-фактура бермаяпти, бермаса, мен ўтказа олмайман”, деб тураверади. Энди жисмоний шахсларнинг ҳам пул айланмаларига тўсқинлик қила бошлашади.

Бу норма тасдиқланишидан олдин, унинг иқтисодиётга таъсири таҳлил қилинганми?

— Яна бир ҳолат бор. Солиқ органи ходимлари давраларида муҳокама қилиняпти: “Тадбиркорлар савдо қилганда, пластикка ўтказиб беришни сўраяпти, биз ўшанинг олдини олмоқчимиз”, дейишяпти. Тадбиркорлар терминалдан эмас, картадан картага тўлов қабул қилиши орқали ҳисоб-китоб қиляпти, шунинг назоратини қилмоқчимиз дейишяпти. Бу нарса учун счет-фактуранинг ҳаммага татбиқ қилиниши, фактура орқали пул ўтказишни блоклаш орқали бошқарувга ўтиш – бургага аччиқ қилиб кўрпани ёқиш. Аввало, ҳар қанақа норма чиқишидан олдин, унинг таҳлили бўлиши керак ва унинг иқтисодиётга таъсири ўрганилиши керак.

Савдода пластикдан пластикка ўтказиш сўраладиган ҳолатлар қанча? Пластикдан пластикка операциялар қанча? Ундан тахминан савдо учун ўтказилаётган миқдор қанчани ташкил қилади? Шундан олиниши керак бўлган солиқ қанча эди? Шундай таҳлилсиз, одамлар шунақа иш қилишяпти, 100та, 1000та ҳолатда шунақа бўлди деб ваҳима қилиб, бу қонунчилик нормасига тиқиб юбориляпти. Ваҳоланки, бу глобал муаммо эмас. Тўғри, бундай ҳолатлар бор, аммо аввало иқтисодиётга таъсирини ўрганишимиз керак.

Оддий ҳолат, 300 мингга яқин айланмадан солиқ тўловчилар бор. Бу ҳолатда P2P қиладиганлар, одатда, тирикчилик учун кичкина дўкон юритадиганлар. Korzinka, Makro каби катта дўконлар бундай демайди. 300 мингга яқин АОС тўловчи бўлса, бутун шу 300 мингга яқин тадбиркорлар тўлайдиган солиқ жами бюджетнинг 2 фоизини ташкил қилади. Энди уларнинг неча фоизи P2P қилишни сўраяпти? Буни таҳлил қилиш керак.

Буларнинг 150 мингтаси P2P қилишни сўраяпти деб ваҳима қилсак ҳам, жами савдосининг неча фоизини P2P тўловлар ташкил қилади?

“Ундан кўра, солиқ имтиёзларини олиб ташлаш керак”

— Бюджетга қанча тушум тушмасдан қолганини ҳисобламай, таҳлил қилмай туриб, бутун халқнинг норозилигига сабаб бўладиган норма жорий қилиняпти. Ундан кўра, солиқдан катта имтиёзларга эга гигант ташкилотларнинг шундоқ имтиёзларини олиб ташласа, бюджетга 2 фоиз эмас, 4, 5, 7 фоиз кўпроқ тушум тушиши мумкин.

Бунақа катта масалалар қолиб кетиб, жуда кичик йўқотишлар ортидан қувиб, коррупцияга олиб борадиган, кимларнингдир чўнтагини қаппайтирадиган системага олиб боришяпти.

Мадина Очилова суҳбатлашди.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият