date
views 345

Европа Россияга ёрдам берганларни жазоламоқчи. Бу Ўзбекистон учун нимани англатади?

Европа Россияга ёрдам берганларни жазоламоқчи. Бу Ўзбекистон учун нимани англатади?

Европа Иттифоқи Россияни Украинага бостириб киргани учун жазолашга қаратилган санкцияларининг 11-тўпламини эълон қилиш арафасида.

Бу сафар Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон компаниялари ҳам Россияга чекловларни айланиб ўтишда ёрдам берганлик учун қора рўйхатга тушиши мумкин.

Хўш, мавжуд санкцион вазият Ўзбекистон учун қанчалик хавфли? Kun.uz бу борадаги қатор саволлар билан “Centil” адвокатлик фирмаси ҳуқуқшуноси Умид Орифжоновга мурожаат қилди.

Санкциялар Ўзбекистон компанияларига аллақачон етиб келган

— Европа Иттифоқи томонидан тайёрланаётган ва Украина-Россия уруши билан боғлиқ 11-санкциялар пакети борасида гапирсак, ҳуқуқшунос сифатида Қозоғистон ёки Ўзбекистон каби давлатлар бошқа давлатга ёрдам бергани учун санкцияга тушиши мумкин демаган бўлардим. Сиёсий жиҳатдан Ўзбекистон бу низога нисбатан бетараф муносабатда, шу сабабли бирламчи санкциялардан қочишга ёрдам берадиган айрим элементлар ёки тузилмалар иккиламчи санкцияларга тушиши мумкин. Марказий Осиёда жойлашган субъектлар бирламчи санкцияларга дучор бўлмайди.

Асосийси, бу компанияларнинг Россияга молиявий жазони четлаб ўтишга ёрдам бераётган операциялари чекланиши мумкин. Бу ноодатий ёки кутилмаган нарса эмас, деган бўлардим. Аммо Ўзбекистон аллақачон санкцияларга учраганини билишимиз ҳайратли бўлиши мумкин. Биринчи марта ўтган йили июн ёки июлда маҳаллий логистика компанияси қора рўйхатга киритилганига гувоҳ бўлдик. Кейинги иккиламчи санкцияга учраган компания 10 минглаб ўзбекистонликлар ишлайдиган “Оҳангаронцемент” заводи бўлди.

Бу, албатта, заводдаги иш ўринларига таъсир қилади, банк ҳисобрақамлари музлатилади ва ҳоказо. Ўзбекистон Марказий банки OFAK билан бу масалани ҳал қилишда иш олиб бораётганини айтди.

Европа Иттифоқининг навбатдаги 11-санкциялар пакети узоқ вақтдан бери муҳокама қилиняпти. Албатта, у қабул қилиниши учун иттифоқнинг барча давлатлари бир овоздан рози бўлиши керак. Бу сафарги санкциялар пакети Европа Иттифоқининг Венгрия, Греция каби давлатлари учун муҳим аҳамиятга эга ҳудудларни қамраб оляпти, шу сабабли улар навбатдаги санкциялар пакетига розилик бермаяпти. Чунки санкциялар Венгрия банкларига, масалан OTP банкка ҳам таъсир қилиши мумкин. Бу банк Ўзбекистонга кириб келяпти. Европа банки мамлакатимизга кириб келишидан биз манфаатдормиз.

“Санкциялар табиати ўзгарди – энди улар алоҳида шахсларга, мақсадли қаратилади”

— Бу конфликтда исталган томонни қўллаб-қувватлашда сиёсий жиҳатдан биз нейтралмиз, на Украина ва на Россияга ёрдам бермаяпмиз. Ўзбекистоннинг сиёсий қарори ва позицияси нейтрал. Умуман олганда, биз асосий санкциялар учун нишон эмасмиз. Аммо қора рўйхатдаги Россия компаниялари ёки шахсларга, масалан, ҳарбий кучларга ёрдам берса, Ўзбекистондаги маълум компаниялар ҳам санкциялар остида қолиш эҳтимоли юқори.

Санкциялар табиати сўнгги 10 йилда ўзгариб боряпти. Олдин Эрон, Куба каби давлатларга қарши молиявий жазо ўлароқ уларнинг кенг қамровли ҳудудлари санкцияга учраган бўлса, ҳозир санкциялар тобора маълум шахсларга мақсадли қаратиляпти. Масалан, Ўзбекистон мисолида қарайдиган бўлсак, Россиянинг ҳаво кучлари, ҳарбий амалиётлари ва транспорт тизимига ёрдам бераётган маълум бир компаниялар санкцияга тушиши мумкин.

Компания иккиламчи санкцияга тушса, нима бўлади?

— Агар компания иккиламчи санкцияга тушса, халқаро транзакцияларни амалга ошира олмайди, доллардан фойдалана олмайди, аммо унинг Ўзбекистонда бизнес юритишини ҳеч ким чекламайди.

Масалан, “Оҳангаронцемент” иккиламчи санкцияга тушди, унинг Ўзбекистонда ишлаши ва ўзбек сўми билан муомала қилишига ҳеч ким тўсқинлик қилмайди. Улар ўзбек сўмида ишчилар маошини бериши, солиқларни тўлаши мумкин, аммо халқаро транзакциялар ва операцияларни амалга ошира олмайди. Ўзбекистондаги шу каби қанча кўп компания санкцияга учраса, дунёдан шунчалик кўп узилиб қолади.

Ўзбекистон билан боғлиқ вазият мураккаб эмас, Қозоғистон бўйича эса назорат кучайган

— Россияга исталган қонуний импорт ва экспорт операциялари Европа Иттифоқини хавотирга солмайди, бу – нормал маҳаллий сиёсат. Биз исталганча Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатига тушмаган товарлар, масалан, қулупнай, қишлоқ хўжалиги ва текстил маҳсулотлари кабиларни Россияга экспорт қилишимиз мумкин. Европанинг асосий хавотири – Ўзбекистон компаниялари орқали икки мақсадда фойдаланиладиган товарлар Россияга етказилишида.

Яъни Европада ишлаб чиқарилган кир ювиш машинаси, микрочип ёки камера каби маҳсулотлар Қозоғистон ёки Ўзбекистон орқали Россияга етиб боради ва рус ҳарбий техникаларини таъмирлаш учун ишлатилади. Асосий хавотир шунда.

Исталган қонуний экспорт ёки импорт сизнинг ишингиз, аммо санкцияга тушган, экспорт қилиш тақиқланган товарларни етказиб берсангиз, мана бу – ҳақиқий риск.

Европа давлатлари Қозоғистондаги импорт-экспорт операцияларини кузатишни бошлади, мониторинг тизимини ишга туширди. Шу сабабли улар Европадан импорт, кейин Россияга импортни солиштира олишлари мумкин. 2022 йилда Қозоғистоннинг Россияга кир ювиш машиналари экспорти 12 минг доллардан 30 миллион долларгача ошди. Бу Қозоғистон Европа Иттифоқидан Россия учун транзит мамлакатга айланганини кўрсатяпти.

Омадимиз шуки, бизнинг мамлакатимиз билан боғлиқ вазият унчалик мураккаб эмас, чунки биринчидан, биз Россия билан чегарадош эмасмиз ва Евросиё иқтисодий иттифоқи аъзоси эмасмиз, шу сабабдан, биз орқали Россияга товар етказиш қимматга тушади.

Биз Россияга нима экспорт қилдик – буни Европа назорат қила олмайди ёки тақиқлай олмайди, лекин апрел ойидаги Ўзбекистонга ташриф чоғида яна бир бор таъкидланганидек, улар ҳақиқатан ҳам Европа Иттифоқи аъзоларидан Ўзбекистонга маҳсулот экспортини тўхтатишни сўрашлари мумкин. Шу боис у ёки бу ускунани Ўзбекистонга олиб киришга шунчаки тақиқ қўйилади. Бу, албатта, бизга ёқмайди ва керак эмас.

Банклар ва “Оҳангаронцемент” ҳақида

— Банклар агар улар ҳали ҳам санкцияга тушган шахслар билан ишлаётган бўлса, жазоланиш хавфи бор. Шунинг учун улар бу масалага жиддий муносабатда бўлишади. Компаниялар банк секторига узвий боғлиқ ҳолда ишлайди: санкцияга тушган компания яхши банкларни танлай олмайди, демак, агар бизнес банк сектори ва хизматларисиз қолса, бу компания учун ўлим дегани.

Масалан Тошкент вилоятида жойлашган йирик завод – “Оҳангаронцемент” 10 минг маҳаллий ишчини иш билан таъминлаган. Унинг қора рўйхатга тушиши муаммосини бартараф этиш учун ҳукуматнинг аралашуви керак бўлиши мумкин. Яъни ҳукумат инвестор билан музокаралар олиб бориши ва қандайдир тарзда акциядорлик тузилмасини ўзгартиришга ҳаракат қилиш мумкин. Бу ғайриоддий нарса эмас, чунки бу Европадан Осиёгача бўлган бошқа юрисдикцияларда ҳам содир бўлган амалиётдир. Агар компаниялар хавф борлигини, санкциялар хавфи ортиб бораётганини кўрса, акциядорлар таркибини ўзгартиради ва хавфни минималлаштиришга ҳаракат қилади.

Компаниялар учун қора рўйхатга тушиш кутилмаганда содир бўлиши мумкин, лекин одатда компания эгаларининг 50 фоизидан ортиғи қора рўйхатга тушган бўлса, одатда улар Россия билан йирик ҳажмли операцияларни амалга оширган бўлади. Товарлар ва хизматларнинг санкция тоифаларини экспертизадан ўтказиш ва жорий этиш санкцияларнинг энг кўзга кўринган мақсадлари ҳисобланади.

Умуман олганда, Ўзбекистон банклари бу борада мукаммал ишлаётганини пайқадим. Улар комплаенс хизматларини яратиб, яхшироқ дастурларни амалга ошириш томон ҳаракат қилмоқда. Комплаенс назорат бўйича мутахассисларни ёллашяпти, улар банклар учун тренинглар ўтиб беряпти. Улар ўз устида ишлаяпти, санкцияланган компанияларга тезкор жавоб қайтаришяпти, глобал ўзгаришлар, янгиликларни кузатишяпти. Комплаенс дастури бўйича ҳаракат қилишяпти.

Банклар KYC (knowing your client), яъни “Мижозни билиш” қоидасини жорий қилишади, яъни мижоз ҳақида барча маълумотларни чуқур ўрганишади, қўшимча маълумотлар сўрашади, Беларус, Россия ва Хитой каби санкцияланган давлатларга транзакцияларни амалга оширишдан олдин чуқур ўйлашади. Мен бу ҳудудларни Ўзбекистонга яқин давлатлар бўлгани учун тилга оляпман.

Банклар халқаро ва маҳаллий хизматларни амалга ошириш чоғида санкциялардан қандай эҳтиёт бўлиш мумкинлиги ҳақида маслаҳат берадиган ҳуқуқий маслаҳатчиларни ёллашади. Умуман, банклар бу борада жуда яхши ишлашяпти, айниқса, Россия–Украина уруши туфайли санкциялар борган сари кўпайиб, мураккаблашиб бораётган бир пайтда, банкларнинг бу ишларни амалга ошириши жуда ҳам муҳим. Куба ва Эрон каби давлатлар компаниялари билан ишлаш хавфлилиги аниқ, аммо рус компаниялари билан ишлаганда улар санкцияга тушганми ёки йўқлигини текшириш керак бўлади.

Ўзбекистонга ё ишлаш учун, ё урушдан қочиб, ёки бошқа мақсадда келаётган россияликлар Россиядаги мавжуд режимдан норозилиги умуман бошқа масала, улар санкция рўйхатига тушмаган. Юқорида ҳам санкциялар мақсадли шахсларга қаратилаётгани ҳақида гапирдим, шахсларга қаратилган санкциялар бўлади, секторларга қаратилган санкциялар бўлади. Аммо биз барча россияликларни фақат Россия паспорти борлиги учун жазолай олмаймиз, баъзи банклар консерватив ёндашув туфайли россияликларга дебет Visa ёки Маstercard очишдан қўрқишади. Биз буни ҳаддан ташқари мувофиқлик, қайта суғурталаш деб атаймиз.

Банклар комплаенс дастурларини мустаҳкамлаши керак. Марказий банк ва Адлия вазирлиги томонидан уюштирилган тренингларда қатнашишлари, АҚШ, Европа Иттифоқининг санкцияларга оид эълонлари билан танишиб боришлари керак. Марказий банк банкларга керакли кўрсатма ва тавсиялар бериб боряпти, улар шуларга амал қилиши лозим. Фақатгина Россия–Украина конфликтига оид санкциялардан эмас, балки Хитой, Эрон, “Толибон” ва ҳатто Венесуэлага қарши санкциялардан ҳам эҳтиёт бўлиш керак.

Санкциялар қўллаш амалиёти қандай ишлайди?

— Санкциялар амалиётида ўзгарган нарса шундаки, Буюк Британия, Европа ва АҚШнинг барча санкция қоидалари амалда огоҳлантириш ва хабар тизимидан фойдалана бошлади. Шундай қилиб, агар кимдир Ўзбекистондаги муайян вазиятдан шубҳаланса, санкцияларни тартибга солувчи органларга санкциялардан бўйин товлаганлик ҳақида ушбу тизим орқали хабар бериши мумкин ва бунда аниқ далиллар тақдим этилади. Европа Иттифоқининг санкцияларни тартибга солувчи органи далилларни олади, уларга жазо чораларини қўллаш ёки бошқа ҳаракатларни амалга ошириш учун “санкцияларга риоя қилмаслик” даражасини баҳолайди.

Аммо яна бир бор қўшимча сифатида айтмоқчиман, бу қарорлар ва санкциялар сиёсий сабабларга кўра бўлса ҳам, қонуний қарорлардир. Европа Иттифоқидаги ҳар қандай қонуний қарор аслида муаммоли бўлиши мумкин, масалан, Россия, Беларус, Эрон компаниялари Европа ва АҚШ судларида санкциялар қўлланишига қарши чиқишга ҳаракат қилмоқдалар.

Европа Иттифоқи талабларни кучайтиради

— Менимча, Европа Иттифоқи 11-пакетдан сўнг тобора кўпроқ босим ўтказа бошлайди. Ҳозиргача Европа ҳар қандай фирмага санкция қўллашда жуда консерватив эди. Бундан буёғига кўпроқ компанияларни қора рўйхатга кирита бошлайди.

Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонга қарши қадам қўйишдан олдин эҳтимол кўпроқ огоҳлантириш бериш ва ишонтиришга ҳаракат қилишяпти. Биз Европа Иттифоқи ёки бошқа бирор давлат томонидан қўйилган муайян санкцияларга риоя қилишимиз керак. Аммо шу билан бирга, бизда яна бошқа босим бор.

Бу босим – иқтисодий интеграция масалаларига оид. 2022 йилда Россия бизнинг энг йирик савдо шеригимиз бўлди. Транспорт йўналишларимизнинг аксарияти ҳақиқатда Россия орқали ўтади. Шуни унутмаслигимиз керакки, бизнинг юк ва транспорт коридорларимиз асосан “шимолий йўллар” орқали ўтади. Агар биз Европа Иттифоқи санкцияларига тушиб қолсак, ҳатто йирик давлатлар билан алоқаларни узиб қўйсак ҳам бўлади. Россия билан савдо ҳамкорлиги иқтисодий нохуш оқибатларга олиб келади, Ўзбекистон бу борада эҳтиёткор бўлиши керак.

Бизни санкциялардан нима қутқаради?

— Бизни санкциялардан қутқарадиган нарса ҳозирги босқичда энг йирик корпорациялар ҳукуматга тегишлилиги бўлиши мумкин. Улар маълум маънода ҳукумат томонидан ҳимояланган ва лоббилашган. Ва агар уларга бирор нарса таъсир қилса, ҳукумат уларга ёрдам беришга киришади, масалан, банклар ва Оҳангаронцемент билан боғлиқ вазият. Гарчи у ҳукуматга тегишли бўлмаса ҳам, Тошкент вилоятидаги энг йирик иш берувчилардан бири. Шунинг учун ҳукумат буни юмшатишга ҳаракат қилади, қандайдир тарзда музокаралар олиб боради ва Европа Иттифоқи билан муаммодан чиқиш йўлини топишга ҳаракат қилади.

Улар тўғридан тўғри бир-бирига боғлиқ эмас. Демоқчиманки, савдо дастури санкциялардан ташқари ҳамма учун очиқ. Санкция субъектлари шунчаки товар етказиб бера олмайди ва пул ололмайди. Гап шундаки, санкциялар блокировка ва чекловчи чора бўлгани учун, бу уларнинг савдо дастурида иштирок этишига техник жиҳатдан тўсқинлик қилади.

Менинг ташвишим кўпроқ ўрта ва кичик компаниялар билан боғлиқ, улар ҳар доим ҳам ҳамкорларини синчковлик билан текширмайди, комплаенс дастурларидан фойдаланишмайди.

Ҳукумат учун ҳал қилиниши шарт бўлган вазифа

— Санкциялардан қандай ҳимояланиш ҳукумат учун ҳал қилиниши керак бўлган асосий масалалардан бири бўлиши керак. Санкциялар режими асосан ҳар куни ўзгариб бораётганини кўряпмиз, янада кўпроқ компаниялар санкцияларга дучор бўляпти. Европа Иттифоқининг позицияси ўзгармоқда. Илгари улар Европа Иттифоқидан ташқарида бўлган ҳар қандай субъектни жазолашга тайёр эмас эди, аммо бу 10-санкциялар пакетидан кейин ўзгарди.

Шундай қилиб, энди 11-пакет билан улар БАА, Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистонда жойлашган компанияларга нисбатан иккиламчи санкцияларни қўллашни тарғиб қиляпти.

Шундай қилиб, бу ҳамма учун ўрганиш жараёни бўлиши керак. Масалан, биз санкцияларга тааллуқли суд ишларини диққат билан кузатиб боришимиз керак ва низолар қандай ҳал қилинаётгани биз учун йўл-йўриқ бўлиши лозим.

Мен шуни айтмоқчиманки, ҳукумат глобал миқёсдаги вазиятни кузатиб бориши, тартибга солувчилар, шу жумладан Европа Иттифоқи билан кўпроқ гаплашиши, асосий санкцияларга риоя қилиши ва ҳар қандай шубҳа уйғотиш мумкин бўлган транзакцияларнинг олдини олишга ҳаракат қилиши керак.

Мен сизга шуни айта оламанки, ҳатто адвокатлар ҳам мижозларига жуда эҳтиёт бўлиши керак. Мижозига нима учун ва қандай асосий ёки иккиламчи санкциялар қўллангани каби масалаларда эҳтиёт бўлиши керак. Чунки биз сўнгги ҳолдинг билан боғлиқ ишда унга Кипрда корпоратив хизматлар кўрсатган адвокатлар ҳам иккиламчи санкцияга тушганини кўрдик.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Европа Россияга ёрдам берганларни жазоламоқчи. Бу Ўзбекистон учун нимани англатади?