date
views 416

Янги Ўзбекистондаги янги солиқ ислоҳотлари

 

Янги Ўзбекистондаги янги солиқ ислоҳотлари

 

Тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Солиқ тизими ислоҳ қилинди, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби соддалаштирилди, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширишлар бекор қилинди. Тадбиркорлар билан мулоқот қилишнинг амалий ва шаффоф тизими йўлга қўйилди. Бу соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этди.


 

Солиқлар бевосита давлатнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ. Давлат ўз вазифаларини бажариш учун молиявий манба сифатида солиқлардан фойдаланади. Солиқларнинг амал қилиши бу объективликдир, чунки жамиятни ташкил этувчи барча субъектлар ҳам реал секторда, яъни ишлаб чиқариш соҳасида фаолият кўрсатмайди. Жамиятда бошқалар томонидан рад этилган ёки фаолияти иқтисодий самарасиз бўлган соҳалар ҳам мавжудки, булар солиқларни объектив амал қилишни талаб этади.


 

Ҳар қайси давлат барча йўналишларни ривожлантиришга ҳаракат қилади. Аммо фаровонлик ва тараққиётга эришиш йўлида тадбиркорликни ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, шу йўл билан аҳоли фаровонлиги ошиб, иқтисодиёт янада мустаҳкамланади.


 

Президент томонидан имзоланган 2022 йил 30 декабрдаги “Республика ҳудудларини тоифаларга ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида айни жиҳатларга эътибор қаратилган.


 

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, республиканинг барча туман (шаҳар)лари 5 та тоифага тақсимланган. Эндиликда солиқ имтиёзлари ва субсидиялар туман (шаҳар)нинг тоифасидан келиб чиқиб ажратилмоқда. Жорий йилнинг 1 январидан 2026 йилнинг 1 январига қадар солиқ солишнинг табақалаштирилган тартиби жорий этилди.


 

Белгиландики, 5-тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган тадбиркорлар қуйидагиларни тўлайди:


 

- фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдорида;


- юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдоридаги солиқ ставкалари бўйича тўлайди;


- 5-тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган ЯТТлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини тўлашдан озод қилинади;


- 4-тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари учун айланмадан олинадиган солиқнинг базавий солиқ ставкаси 3 фоиз этиб белгиланган.


 

Ушбу ҳужжатда белгиланишича, Жўқорги Кенгес ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига 4-тоифадаги туманлар бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича Солиқ кодекси билан белгиланган энг кам қийматларга 0,3 гача, ЯТТ учун қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича 0,5 гача камайтирувчи коэффициент киритиш ҳуқуқи берилган.


 

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан 4 ва 5-тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган кичик тадбиркорлик субъектларига тижорат банкларининг кредит ва лизинглари бўйича унинг асосий ставкадан ошган, бироқ Марказий банк асосий ставкасининг 40 фоиз кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тақдим этилади. Банк кредитларининг 75 фоиз, бироқ умумий қиймати 2,5 млрд сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик тақдим этилади.


 

Ҳужжат билан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган субсидиянинг оширилган миқдорлари ҳам тасдиқланган. Амал қилиш муддати белгиланмаган субсидиялар 2025 йил 1 январга қадар жорий этилган ҳисобланади.


 

Субсидия олиш учун сохта ҳужжатлар тақдим этилганда, тақдим этилган субсидиялардан мақсадсиз фойдаланилганда ва уларни қўллаш шартларига риоя этилмаганда субсидиялар пеня билан қайтариб олинади.


 

4 ва 5 тоифалар учун тадбиркорлик соҳасида лицензия ва рухсатномалар олиш учун давлат божи икки бараварга пасайтирилган.


 

Умуман олганда соҳадаги имтиёзлар Янги Ўзбекистонда янги тадбиркорлар синфи шаклланишига сабаб бўлди. Тадбиркорлар жамиятимизда ҳақиқий кучга, ислоҳотлар драйверига айланди. Эндиликда мавжуд салоҳиятга таяниб, янада юқори марралар кўзланмоқда.


 

Давлат тадбиркорлар билан манфаатли ҳамкорлик қилиб, уларни қўллаб-қувватлаяпти. Давлатнинг тадбиркорларга, тадбиркорларнинг эса давлатга бўлган ишончи юксалди. Бу Янги Ўзбекистоннинг янги ва муҳим қадамларини белгилаб беради.


 

Тошкент вилояти солиқ бошқармаси

бошлиғи Аловитдин Инагамов

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Янги Ўзбекистондаги янги солиқ ислоҳотлари