22:03 / 07.12.2023
474

“Ҳуқуқий давлат қонунлар орқали бошқарилади” – “Кўча”га қарши рейдлар экспертлар нигоҳида

“Ҳуқуқий давлат қонунлар орқали бошқарилади” – “Кўча”га қарши рейдлар экспертлар нигоҳида

Бутун мамлакат бўйлаб криминоген вазиятни яхшилаш бўйича рейдлар ўтказилмоқда, уларда жиноят содир этганликда гумонланган ўнлаб одамлар қўлга олинди. Ушланганларнинг аксарияти аҳоли орасида "кўча" одами сифатида танилган шахслар. Хўш, криминал “кўча” ўзи қандай пайдо бўлган, у ҳокимият ва жамиятга қандай таъсир ўтказяпти? Kun.uz бу рейдлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида сиёсатшунослар Ҳамид Содиқ, Камолиддин Раббимов ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов билан суҳбатлашди.

— Келинг ҳозирги вақтда жиноятчилик оламининг кураши ҳақида гапиришдан олдин Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида 80-90-йилларда пайдо бўлган мафияга тўхталсак, у қандай ва нима сабабдан шаклланган эди?

Абдураҳмон Ташанов:

— Ҳар бир ҳокимият тадрижий миссиясини ўтаб бўлгач, алмашиш даврида муайян даражада заифлашади, шу маънода Совет иттифоқи ҳам 80 йилларда кучсизланаётганди. Ҳокимият кучсизланди, сўз эркинлиги кириб келди, бошқа эркинликлар ҳам пайдо бўлди. Ерни суғорса, биринчи бегона ўтлар ўсгандек, эркинлик берилганда ҳам биринчи бўлиб салбий томонлар юзага чиқади. 80-90 йиллар бошида ҳам шундай вазият юзага келган эди.

Ўзбекистонда ўша пайтда жуда катта криминоген омил юзага келди. Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов жуда қатъий позиция кўрсатган бу борада, қаттиқ курашлар олиб борган. Ўша пайтда чиққанларнинг баъзилари йўқ бўлиб, баъзилари юрган эди бемалол. Иккинчи маъмурият давридаги баъзи эркинликлар фонида бундай гуруҳлар, шахслар ҳам ривожланди. Ва ҳал қилиш керак бўлган вазият юзага келган эди. Ўзбекистон ҳукумати бу ишларни аллақачон бошлаши керак эди, аммо ҳечдан кўра кеч яхши, албатта.

Камолиддин Раббимов:

— Совет иттифоқи қулаши давлат заифлашиши ва жамиятда вакуум пайдо бўлиши оқибатида бўлди. Жамиятда бўшлиқ қолиб кетмаслиги керак. Ўзбек жамиятида ҳуқуқий давлатчилик тажрибаси кучли эмас, буни биламиз. Совет иттифоқи даврида ҳам, биринчи маъмурият пайтида ҳам ҳуқуқий давлатчилик яхши шаклланмаган. Шу фонда жамиятнинг мойилликлари бўлади. Ўзбекистон жамиятида давлатга бўлган муносабат ижобий феноменга айлангани йўқ ҳали, чунки совет давридаги тоталитаризм, кейинги авторитаризм оқибатида инсонлар ўз манфаатини давлат билан курашиб олиши керак, деган тафаккур шаклланиб қолган. Шу фонда давлат кучига муқобил тарзда мафия, кўча одамлари кўрилади.

Бу қўштирноқ ичидаги авторитетлар ўз нишонига босим ўтказиш ва жамиятда адолатли образ шакллантириш орқали ўз авторитетини яратади. Бу эса давлатчилик ва давлат образининг маълум бир инқирозини англатади. Бундай кураш бошланиши давлат ўз вазифаларини бажаришга киришганини англатади.

Ҳамид Содиқ:

— Совет иттифоқи деспатик давлат эди, бундай давлатни эса қўрқув ушлаб туради. Қўрқув ҳукмрон бўладиган давлатларда сиёсий элита ҳам жиноий унсурлар орқали давлат функциясини бажаришга ҳаракат қилади. СССРни деспатик давлат деб оладиган бўлсак, шу нарса бизга мерос бўлиб қолди. Жамиятда қўрқув бўлса, табиийки, жиноий унсурлар давлат функциясини бажаришга ҳаракат қилади.

Маълум бир ижтимоий ҳодиса жамиятда сақланяптими, демак, у маълум бир функцияни бажаряпти. “Кўча боллари” кабилар борми, улар бирор функцияни бажаряпти. Улар қўштирноқ ичидаги адолатли судни амалга оширяпти. Жамиятга ёқадигани шуки, уларда бюрократия йўқ, тезроқ ҳал қилишади. Иккинчи маъмурият давридаги баъзи эркинлик орқали, Абдураҳмон ака айтгандек, биринчи салбий томонлар кўринди ёввойи ўтдек. Мана шу салбий ўсишлар куч ишлатар тизимларга баланс беришни бошлади — мана шу нарса қўрқитяпти ҳозир. Бир нарсани унутмаслик керакки, давлатнинг марказида унинг асосий қадрияти куч ишлатиши туради. Давлат куч ишлатиш орқали манипуляция ҳам қилади, ишонтиради ҳам, мажбурлайди ҳам. Шунинг учун куч ишлатишда жиддий институционаллашган баланс вужудга келганини кўрган ҳукумат энди уларга қарши курашишни бошлади.

— Ўз вақтида кучли ҳокимиятга эга бўлмаган жамият учун “кўчалар” ҳам керак эди, деган гаплар ҳам янграб туради. Ростдан ҳам шундай бўлганми?

Абдураҳмон Ташанов:

— Давлатчиликнинг маълум қоидалари бор. Масалан, 90 йилларда криминал оламни тартибга келтириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари уларнинг баъзиларидан фойдаланган. Арман мафиясини йўқотиш учун ўзимизнинг мафиядан фойдаланишган, бир тўдани йўқотиш учун иккинчи тўдага имкон берилган. Бошқаларни йўқ қилиш учун маълум бир қатламлар ҳокимиятга яқинлаштирилган, катта тўдалардан кичик тўдаларни тозалаш учун ишлатишган. Охирида ўша фойдаланилганларнинг ҳам “боши кесилган”. Бу ҳам бошқарув усулларидан бири бўлиши мумкин. Лекин бу тарихда ҳеч қачон ўзини оқламаган, оқламайди ҳам. Ҳуқуқий демократик давлат қураётганлар бу воситадан фойдаланмагани яхши.

Камолиддин Раббимов:

— Кейинги даврда “кўча” билан давлат мулозимлари, давлат институтлари босқичма-босқич қоришаётганини, кўча қонунлари стандартлашаётганини жамоатчилик кузатди. Очиқ ахборот даврига келиб ўша кўча одамлари ахборот маконининг, ижтимоий тармоқларнинг асосий юлдузларига айланишди. Қонунчилик палатасидаги 150 та депутатнинг узоғи 5-6 тасини танишади, лекин ўша кўча одамларининг аксариятини 90 фоиз аҳоли яхши танишади. Жамиятнинг тафаккури учун кўча ҳаддан ташқари стандартлашаётган ҳолатга етиб келган эдик. Бу нарса сиёсий тизимнинг ўзгариб бораётган ҳолатига ҳам тақалади, деб ўйлайман. Қачонки фуқаролик жамияти, сиёсий партиялар, парламент заиф бўлар экан, давлат олдида мураккаб танлов туради.

Кўчани инкор қилиб бўлмайди, у билан курашиш марказлашган давлатларда самарали бўлмаган. Авторитар давлатларда “кўча” ошкора ёки яширинча бўлади, лекин бутунлай йўқ бўлмайди. Чунки марказлашган ҳокимиятда “кўча”га эҳтиёт яширин ёки ошкора сақланиб қолаверади. Парламент кучли бўлса, жамоатчилик ҳуқуқий тафаккури кучли бўлса, давлат структураси фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатчилик билан тўйинтирилганда “кўча”га бўлган зарурат йўқолади жамиятда.

Ҳамид Содиқ:

— Бу жараённи 3 даврга бўлдим. Нисбий эркинликлар берилган давр бу инсонларнинг шахси намоён бўлиш даври бўлди — биринчи давр. Кейин эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш ролини ўйнай бошлади, бу иккинчи босқич бўлди. Давлатни безовта қилгани шу бўлдики, улар турли диний ва бошқа элементлар билан ўз мафкураларини шакллантира бошлади. Яна бир нечта элемент қўшилса, қонундан ташқаридаги институционаллашган бир тизим ҳосил бўларди, худди Россиядаги Пригожин феномени каби. Бундай ноқонуний вертикал давлат вертикали билан тўқнашади, Пригожин мисолида ҳам кўрдик буни. Давлат ўзининг куч ишлатиш ҳуқуқини кимларгадир бериб қўйиши хавфли нарса.

— Ўзбекистонда сўнгги ҳафталарда бўлаётган рейдларни расмийлар – “пойтахтда криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тадбирлар”, дея изоҳлади. Сизнингча шу кунларда, уюшган жиноятчилик ошдими ёки жамият ҳаётида ростдан ҳам кўчаларнинг таъсири кучаяётганмиди?

Абдураҳмон Ташанов:

— Бизнинг “Эзгулик” жамиятига бир одам келди. Ўғлимни ўлдириб ёқиб юборишган, ҳамма жойга бордим, ҳал бўлмади, деди. Ўғлингиз нима иш қиларди, десам, битта туманга “смотрящий” (жаргон) эди, дейди. Мана, битта кейс. Яна бир ҳолатда ўқитувчи аёл ҳамма жойга бордим, ишим ҳал бўлмади, энди Файзободга бораман, деди. Айтишича, Салим деган киши одамларга уй бераётганмиш, дугоналари олганмиш ҳам. Булар ўзим билган ҳолатлар, одамларнинг гапираётган гапи.

Дейлик, ижтимоий тармоқларда бир уламо чиқиб ўша криминаген авторитетни мақтайди. Бу киши ўз сўзига жавоб бероладиган укам ёки оғайним, дейди. Бир таниқли уламо қонунан ўғри деган мақоми бор билан суратга тушиб, буни мақтанади ҳам. Сабабларга келсак. Биринчидан, давлат идораларидаги бюрократия, коррупция, муаммолар ҳал бўлмаслиги. Биламизки, “Шайтанат” филми машҳур бўлгач, ҳамма Асадбек бўлиб кетди ўзича, яъни бу ҳам ўша криминал оламнинг легитимлигини кўрсатган.

Ҳамид Содиқ:

— Айтганимдек, пост-тоталитар давлатлар асоси — қўрқув. Ва қўрқув тарқатадиган ҳар қандай манба ҳурмат қилинади, давлатни ҳам, раҳбарларни ҳам шунинг учун ҳурмат қилишади. Бундай давлатларда олий ўқув юртларида ўқиш, куч ишлатар тизими ходими бўлишга интилишади. Шундай экан, ёш авлодда “кўча боллари”га нисбатан муҳаббат пайдо бўлиши табиий ҳол бўлади, чунки улар қўрқув билан ўсган авлод улар.

Бизнинг жамиятда аҳолининг жуда катта қисми сиёсий қарорлар қабул қилишда иштирок этмайди. Сиёсий жараёнда иштирок этмайдиган, лекин шунга эҳтиёж сезадиган қатлам, албатта, мана шундай имконият берувчиларга интилади. Ўша криминаген оламга кираётганлар қарор қабул қиляпти, реал оламда ҳис қилиб кўряпти ўзини. Давлатнинг, жамиятнинг ҳаёти учун муҳим бўлган қарорлар қабул қилишда ўсиб келаётган ёшлар иштирок этмас экан, улар ўша энергиясини жиноятга сарфлайди, катта қисми эса истеъмолчига айланади. Шунинг учун бу комплекс муаммо, буни юқоридагилар яхшилаб ўйлаб кўриши керак. Ҳозирги қамашлар ҳеч нарсани ҳал қилмайди, агар унинг асосларини йўқотмаса.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият