Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев 12 декабр куни матбуот анжумани ўтказиб, жиноятчиликка қарши “Долзарб 40 кунлик” доирасидаги тезкор-профилактик тадбирлар юзасидан маълумот берди.
“2023 йил 27 ноябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатувчи шахсларнинг жиноий фаолиятига чек қўйиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган махсус тезкор тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда бир қатор гуруҳлар ташкил этилиб, Қудратуллаев, Саидалиев ва уларнинг жиноий алоқалари, етакчи ва етакчилик қилувчи шахслар, республикамизнинг бошқа вилоятларидан келиб, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган шахслар ва жиноят содир этишга мойил бўлган бошқа шахсларга нисбатан тезкор тадбирларни амалга ошириш бошланди”, – деди Тошхўжаев.
ИИББ расмийсига кўра, ўтказилган махсус тадбирлар доирасида Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан жами 38 та жиноят иши қўзғатилган:
- 165-модда: товламачилик, жазо муддати 10 йилдан 15 йилгача);
- 168-модда: фирибгарлик, 8 йилдан 10 йилгача;
- 248-модда: қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддаларга қонунга хилоф равишда эгалик қилиш, 10 йилдан 20 йилгача;
- 273-модда: гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва б. 10 йилдан 20 йилгача;
- 276-модда: гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп воситаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва б. 3 йилдан 5 йилгача;
- 277-модда: безорилик, 3 йилдан 5 йилгача.
Маълум қилинишича, ушбу жиноят ишлари доирасида жами 103 нафар шахс процессуал тартибда ушланган. Шундан 52 нафар шахсга нисбатан суд ажримига асосан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. 2 нафари ЖПКнинг 221-моддаси, 1 нафари ЖПКнинг 224-моддасига асосан ушланган. Шунингдек, 48 нафари билан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг“Юқорида номлари келтириб ўтилган уюшган гуруҳ ва жиноятларни содир этган шахслар айнан бугун ёки кеча эмас, балки ойлар ва йиллар давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кузатувга олиниб, тезкор ишлов жараёнининг натижасида қўлга олинган”, – дея таъкидлади пойтахт ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари.