Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт ҳажми ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25 фоиздан 45 фоизгача етиши мумкин. Бу ҳақда Сенатнинг 48-ялпи мажлисида Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.
“Бу жуда ҳам юқори кўрсаткич. Қайси тармоқларда яширин иқтисодиёт энг юқори деб айтадиган бўлсак, булар: қурилиш, савдо, хизмат кўрсатиш соҳалари. Президент администрацияси билан биргаликда қарор лойиҳасини тайёрлаяпмиз. Лойиҳа анча яқинлашиб қолди. Кўп масалалар бу ерда назарда тутиляпти. Жумладан, нақд пул айланмасини камайтириш. Бу эскича маънода эмас. Баъзи тўловларни фақат банк карталари орқали тўлаш ва бошқа масалалар қонун лойиҳасида бор”, деди у.
Сенат раиси Танзила Норбоева бу масалани ижобий ҳал қилиш, яхши тизимлаштириш лозимлигини, жумладан, Савдо-саноат палатаси учун ҳам тавсиялар белгиланиши кераклигини таъкидлаб ўтди.
Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, тўлиқ нақдсиз тўловларга ўтишни уй-жой ва автомобил савдосидан бошлаш керак.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг“Тўлиқ нақдсиз ҳисоб-китобларга биринчи навбатда ўтилиши керак бўлган иқтисодий сегментлар бу уй-жой ва автомобил савдосига оид бўлиши керак (бирламчи бозор ҳам, иккиламчи бозор ҳам). Энг катта долларлашув жараёни ҳам шу кулранг секторни эгаллаб олган”, дея ёзди иқтисодчи.