Foto: Shutterstock
Тошкент шаҳрида учта давлат банкига тегишли янги қурилган кўп қаватли бинолар сотувга чиқарилди. Иқтисодчи Отабек Бакиров фикрича, кўчмас мулкка инвестиция киритиш банкларнинг молиявий самарадорлигини ёмонлаштиради.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Tashkent City ҳудудидаги “Асакабанк”, “Ўзсаноатқурилишбанк” ва “Алоқабанк”га тегишли кўп қаватли биноларни сотувга қўйди. Баландлиги 26 қаватдан 33 қаватгача, майдонлари 66,2 минг квадрат метрдан 82,3 минг квадрат метргача бўлган бизнес марказлар сотувига KPMG компанияси консултантлик қилади.
Иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур савдо бўйича билдирган муносабатида банклар бино қуриб сотиши нотўғри эканига урғу берди.
“Банк акциядорлари, кенгаши ва бошқаруви — бинолар нима учун қурилди ва битай деганда нима учун сотиляпти, бу жараённинг иқтисодий, молиявий манфаати ва афзаллиги нимадан иборат бўлди, деган саволга жавоб бера олмаслиги аниқ. Лекин бу саволга ҳеч бўлмаса, Марказий банк аниқлик киритиши керак. Чунки бино қуриб сотиш банкларнинг вазифаси эмас, носоғлом банк фаолияти ҳисобланади. Марказий банкнинг регулятор сифатида қилиши керак бўлган ишларнинг бири айнан банкларни кредитор, депозитор ва омонатчилар манфаатларига хавф соладиган операциялардан тийишдан иборат. Бу яна шунинг учун ҳам муҳимки, амалдорларнинг тор манфаатлари учун ўйинчоққа айлантирилган, саналган учта давлат банки бино қуриб сотишни яна давом эттирмоқчи. Гап ўтган ойда овоза қилинган ялтироқ режалар билан чекланмайди, бу учовлон банк хабарларга кўра, янги Тошкентда яна янги бино қуриш топшириқларини олган”, — деб ёзган иқтисодчи.
Отабек Бакировни банклар биноларини Давактив агентлиги орқали сотишмоқчи экани ажаблантирган.
“Яна бир савол шуки, нега учовлон қурилган биноларни Давактив орқали сотмоқчи? Ахир “хусусийлаштириш оталари” қиммат сотиш дизайни билан эмас, арзонлаштириб, текинга сотиш схемалари билан машҳур-ку? Мана “Халқ банки” эски биносини ўзи сота олди? Нега Давактив ва унинг севимли консултантини ёллаш керак? Ё мақсад аввалдан тайинланган “инвесторлар”га биноларни топширишми?”, — дея савол қўйган мутахассис.
Отабек Бакировнинг ёзишича, бинолар Хитой банкларининг жуда қиммат кредитлари ҳисобига қурилган.
“Ҳар бир бино учун олинган кредитлар 100 миллион доллардан 140 миллион долларгача. Тўланган фоизлар, комиссиялар, лойиҳаларнинг тайёрлаш қиймати билан биноларнинг таннархи 26 қаватлисиники 150 миллион доллардан, 33 қаватлиси 200 миллион долларгача ошган бўлиши табиий. Кўрамиз, Давактив қанчага сотиб берар экан”, — қайд этган жамоат фаоли.
Аввалроқ иқтисодчи банкларнинг кўчмас мулкка инвестициялари (бу нафақат қурилиш ва эгалик, кўчмас мулк ва қурилишга кредитларни, инвестициялар, бошқа харажатларни ҳам ўз ичига олади) молиявий самарадорликни кескин ёмонлаштирадиган омиллардан ҳисобланишини ёзганди.
Хабарларга кўра, “Ўзсаноатқурилишбанк” Яшнобод филиали ўрнида 40 миллион доллар эвазига 21 қаватли бино қурмоқчи. Унинг дастлабки тўрт қаватида савдо-кўнгилочар комплекс, бешинчи қаватида банк, юқори қаватларида офис ва квартиралар қуриш режалаштирилган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди