14:07 / 13.01.2025
43

Комил Алламжоновга суиқасд ишига алоқадор яна бир суд тафсилоти (видео)

Комил Алламжоновга суиқасд ишига алоқадор яна бир суд тафсилоти (видео)
2024 йилнинг 26 октябрь куни тунда собиқ амалдор Комил Алламжоновга суиқасд уюштирилганди. Бош прокуратура берган маълумотга кўра, ичида Алламжонов бўлган Range Rover Қибрай туманининг Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган пайтда икки нафар номаълум шахс машинага ўқотар қуролдан бир неча маротаба ўқ узиб, воқеа жойидан яширинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, 27 октябрь куни ушбу жиноятни содир этган шахсларнинг бири аниқланиб, гумонланувчи тариқасида ушланган. 28 октябрь куни яна уч нафар, ноябрь ойида эса 5 киши қамоққа олинган.

Мазкур воқеалар фонида, айнан суиқасд содир бўлган куни Алламжоновга хизмат қилувчи 7 нафар фуқаро ҳам майда безориликда айбланиб, ими-жимида суд қарори билан 15 суткага қамалган. Жиноят ишлари бўйича Қибрай туман суди қарори, шунингдек, уларга нисбатан маъмурий баённома тузган орган ходимларидан норози бўлган 7 нафар фуқаро 15 сутка ўтириб чиққач, Олий судга кассация тартибида шикоят киритган. 2025 йилнинг 13 январь куни Олий судда ана шу шикоятчилар ишини кўриб чиқиш бошланди.

Фото: Адвокат Даврон Саидов

"Мен 2024 йил 26 октябрда содир бўлган воқеада айбланиб, маъмурий жавобгарликка тортилган етти нафар фуқаронинг манфаатларини ҳимоя қиляпман. Улар Комил Алламжонов ёнида, у билан бирга ишлайдиган инсонлар бўлган. Хабарингиз бор, Алламжоновга 2024 йилнинг 25 октябрдан 26 октябрга ўтар кечаси суиқасд қилинган эди. Ушбу етти фуқаро офицерлар ва ҳайдовчилар сафига киради. Уларнинг жиноятда иштирокини аниқлаш мақсадида оператив гуруҳ аъзолари чақириб, сўроқ қилган. Кун давомида улар тушунтириш берган.

Аммо кечга бориб, барча жараёнлар якунланганидан сўнг, Қибрай туман ИИБ ходимлари уларга майда безорилик тўғрисидаги баённомаларни имзолашни таклиф қилган. Ҳимоям остидаги 7 нафар фуқаро ИИБ ходимларининг бу талабини рад этиб, баённомани имзолашдан бош тортгани сабабли ходимлар уларни туман бўлимига олиб кетган. Уларга адвокатлар тақдим қилинмаган, шунингдек, улар судда ҳам эшитилмаган. Судья шунчаки 15 суткалик маъмурий қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарган. Бу қарор устидан юқори инстанцияга шикоят қилиш таклиф қилинди, аммо 2024 йилнинг 3 ноябрь кунига қадар адвокатлар суд қарори устидан шикоят қила олишмади.

Уларга бунга рухсат берилмади. Менга Комил Алламжоновнинг ўзи маъмурий ҳуқуқбузарлик иши билан танишишни таклиф қилиб, мурожаат қилгач, ишни ўргандик. Иш билан танишиб чиққанимиздан сўнг аслида маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати содир бўлмаган, бу фуқаролар суд ҳужжатида айтилганидек, кафе олдида ичимликлар ичиб ёки қандайдир безорилик қилмагани маълум бўлди. Профилактика инспектори ҳам фақатгина ёзув асосида баённома тузгани ойдинлашди
", дейди адвокат Даврон Саидов.

Адвокатга кўра, Тошкент вилоят суди майда безорликда айбланиб, 15 суткага қамалганлар бўйича аппеляция шикоятини кўришни рад этган.

"Апелляция шикояти берилганидан сўнг, суд уларнинг иштирокисиз ишни кўриб чиқишни рад этди. Маъмурий жавобгарликка тортиш учун эса шахсий иштирокни таъминлаш лозим эди. Суд маъмурий қамоққа олинган шахслар иштирокини таъминлаши шарт бўлгани учун 15 суткани тўлиқ ўташди. Шундан сўнг мен назорат тартибида шикоят тайёрладим ва 2025 йил 13 январда ишни кўриб чиқиш бошланди. Еттита фуқародан олти нафари судга келди, бир нафари эса хабардор қилинмаган эди. Менинг илтимосимга кўра, иш 2025 йил 23 январгача кечиктирилди", дейди айбсиз айбдор қилинганларни ҳимоя қилаётган адвокат.

Даврон Саидовнинг айтишича, 13 январь куни бошланган суд мажлисида у 7 нафар фуқарога нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузган органни ҳам судга чақиришни илтимос қилган.

"Умид қиламанки, бу иш суд тизимидаги камчиликларни кўрсатадиган мисол бўлади. Хусусан, гувоҳлар билан учрашувлар учун адвокатларнинг эркинлиги таъминланмаяпти. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “Ҳимоя адвокатурасига бағишланган” махсус боб киритилган. Бу конституцияда бу боб борлиги катта ютуқ, лекин вақти келди, бу Конституцион меъёрлар амалда ишлаши керак. Бунинг учун адвокатларнинг ўз ҳимоясида юрадиганлар билан учрашувларига тўсқинлик қилувчи кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш зарур.

Адвокатлар ҳимоясидаги шахслар билан учрашув имкониятига эга эмаслиги шароитида, биз бу ишда кўрганидек, турли адолатсизлик юзага келмоқда, яъни суд жараёни маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган нормаларни бузиш билан ўтказилди. Уларнинг маъмурий қамоқда сақланиши миллий қонунчилик ва Ўзбекистон Республикасининг Халқаро фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар пакти доирасидаги халқаро мажбуриятларига зид эди. Фуқароларимиз адолатли судлов ҳуқуқидан маҳрум бўлди
", дейди ҳимоячи.

Адвокатнинг ОАВ вакиллари саволига жавоб қайтаришича, 7 нафар фуқаронинг айбсиз айбдор қилиниши, шунингдек, судларда адвокатлар билан таъминланмаслиги ишга аралашувлар борлигидан далолат беради.

"Ҳимоя учун адвокат тақдим этилмаслиги ана шундай таъсир билан боғлиқ бўлиши мумкин. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс бузилган. Маъмурий ҳуқуқбузарлик мақсади бошқа йўл билан таъминланмаган. Буни қандай ва ким қилган? Биз бу бўйича ҳам судга мурожаат қиламиз", дейди Даврон Саидов.

Манба: Daryo.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият