
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 15 апрел кунги ялпи мажлисида «сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишга» доир қонун биринчи ўқишда қабул қилинди. Қонун бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган.
Депутат Шаҳноза Холмуҳаммедовага кўра, «бутун дунёда, хусусан, Ўзбекистонда сунъий интеллект инсон ҳуқуқлари ва шахсий маълумотлар хавфсизлиги учун таҳдидларни юзага келтиряпти».
«Хусусан, ўтган йили СИдан фойдаланиб, таниқли шахсларнинг аудио, фото ва видеоларини сохталаштириш 50 баробарга ошган. Ўзбекистонда 2023 йилда интернет тармоқларида 1129 та, 2024 йилда эса 3553 СИ ёрдамида ишлов берилган ноқонуний материаллар тарқатилгани аниқланган. Бунда аҳолининг ишончига кириш мақсадида ўзга шахсларнинг қиёфаси ва овозидан фойдаланилган», дейди у.

Шаҳноза Холмуҳаммедова
Депутатнинг фикрича, бу ҳолатлар миллий қонунчиликда сунъий интеллект технологияларини қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солиш заруратини вужудга келтирмоқда.
«Қолаверса, президентимиз ҳам айнан шу бинода, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг илк ялпи мажлисида СИ билан боғлиқ масалаларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш бўйича ўз тавсиясини берган эди. Шу муносабат билан ушбу қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди», – дейди парламент аъзоси.
Депутатлар, доимгидек, қонун лойиҳаси матнини эълон қилмаган, уни жамоатчилик муҳокамасига ҳам қўймаган.
Очиқланмаган лойиҳа билан «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонун ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Маърузачига кўра, лойиҳада «сунъий интеллект» тушунчасига таъриф берилган, соҳада давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда махсус ваколатли органнинг вазифалари, ахборот ресурсларини яратишда ҳамда ахборот тизимлари ишида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг умумий қоидалари белгиланган.
СИ технологияларидан фойдаланган ҳолда яратилган ахборот ресурсларига маркировка қўйиш талаби назарда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳада сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш ҳамда уни ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва интернетда тарқатмаслик мажбурияти белгиланмоқда. Бунинг учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинмоқда. Лекин депутатлар бу иш учун қандай турдаги жазолар таклиф этаётганини очиқламаган.
Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодировнинг ёзишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-моддасига 2-қўшимча киритилмоқда:
«Сунъий интеллектдан фойдаланиб, шахсга доир маълумотларга ноқонуний ишлов берган ва тарқатганларнинг иш қуроллари мусодара қилинади, 15 суткагача маъмурий қамоққа олинади ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваргача жаримага тортилади».
Қуйи палатанинг жонли эфирда кетган мажлисида бу ҳақда маълумот берилмади.
Қонунчиларга кўра, лойиҳани ишлаб чиқишда АҚШ, Европа, Шарқий Осиё ва МДҲ давлатлари тажрибаси ўрганилган ва манфаатдор вазирлик-идоралар билан келишилган.
«Лойиҳада, шунингдек, сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган ахборот ресурслари ва сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари инсон, унинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқларини бузмаслигига оид талабни киритиш кўзда тутиляпти. Бундан ташқари, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлигига алоқадор қарорларни қабул қилишда фақатгина сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган ахборот ресурслари ва сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари хулосасига таянилмаслиги ҳам ўз аксини топмоқда», дейилади қуйи палата Telegram-каналида лойиҳа ҳақида берилган маълумотда.
Депутат Шаҳноза Холмуҳаммедованинг маърузасидан сўнг депутат Екатерина Смесова сўз олиб, СИ муҳимлиги, ушбу қонун жамият учун кераклигини айтди. Шунингдек, у СИ билан боғлиқ қонун талаблари амалга оширилишини ким назорат қилишини сўради.
«Ушбу қонун қабул қилинганидан кейин қонуности ҳужжатлари қабул қилинади. Унда маркировка қўйиш ким томонидан, қандай амалга оширилиши батафсил ёритилади. Албатта, сунъий интеллектдан фойдаланиб ахборот маҳсулоти яратилса, уни ОАВга ёки интернетга жойлаштирган шахс томонидан маркировкалаш талаб қилиняпти», деди Шаҳноза Холмуҳаммедова.
Депутат Зафар Худойбердиев сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган ахборотни маркировкалаш қандай бўлиши, бунинг учун МЖтКга киритиш таклиф қилинаётган моддада нега жавобгарлик белгиланмагани ҳақида сўради. Саволга депутат Илҳом Абдуллаев жавоб берди.
«Айнан бу қонун доирасида қайсидир органлар СИ соҳасидаги вазиятни назорат қилиши белгиланмаяпти. Сунъий интеллект ёрдамида ҳақорат ёки мазах қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир қилинса, бу моддалар бўйича жавобгарликка тортиш учун масъул идоралар ўз ишини қилади. Бу ерда фақат ҳуқуқбузарликнинг кўриниши ўзгаряпти.
Европада кўплаб нормалар қабул қилиниб, СИдан фойдаланиш регулировка қилинмоқда. АҚШда эса, айниқса янги президент келганидан кейин барча тақиқлар ечилиб, технологиялар ривожланишига қўйиб берилмоқда. Биз кейинроқ қонунлар билан «етиб оламиз» деган маънода.

Депутат Илҳом Абдуллаев
[Ўзбекистонда] биз қабул қилаётган қонун эса тақиқловчи, чекловчи ёки назорат қилувчи эмас. Балки ҳуқуқий майдонга сунъий интеллект тушунчасини киритиб, ўйиннинг асосий қоидалари ва субъектларини аниқлаяпмиз», деди Абдуллаев.
Илҳом Абдуллаевга кўра, СИ маҳсулотларини маркировкалаш бу – бирор маҳсулотни сертификатлаш деган тушунча эмас. Бундан мақсад қўлда яратилган рақамли маҳсулот, санъат асарининг СИдан яратилганидан фарқлаш ва буни билдириш учун маркировкалаш керак. Уларни маркировкалаш тартиби ҳукумат қарори билан белгиланади.
Депутат Азиз Акбаров Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг лойиҳада келтирилган 46-2-моддасига қўшимча киритишни таклиф қилди.
«Фақат шахсга доир маълумотлар учун жавобгарлик киритиляпти. Мен кеча фракцияда ҳам таклиф қилганман, давлат имижига таъсир қилувчи, халқимиз умуммиллий манфаатларига зид келувчи ёки тарихий шахсларимизни обрўсизлантириш бўйича жавобгарликни ҳозирдан қонун лойиҳасига киритсак мақсадга мувофиқ бўларди», дейди Азиз Акбаров.
Депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. 130 киши уни қабул қилишга тарафдор бўлди, 3 нафар депутат бетараф қолди. Қарши овоз берганлар бўлмади.
Манба: Kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар