1953 йил 26 июнда собиқ советлар иттифоқи вазирлар кенгаши йиғилишида ички ишлар вазири Лаврентий Берия қамоққа олинди. У ўша кунга қадар собиқ советлар давлати хавфсизлик хизматини ҳам ўз назоратида ушлаган. Мамлакатда Сталиндан сўнг иккинчи шахс ҳисобланган. Бериянинг қамоққа олиниши ва кейинчалик қатл этилиши ўша даврдаги сўнгги йирик ишлардан бири бўлиб қолди. Чунки ундан кейин корчалонлар қамоққа олинмади. Қатл ҳам этилмади. Хўш, шундай обрў-эътибор, катта кучга эга вазирни қандай йўл билан синдиришди?..
СТАЛИННИНГ ЎЛИМИ
1953 йил 5 мартида Сталин оламдан ўтди. У сўнгги соатларини яшаб турган бир пайтда ҳукумат тепасидаги шахслар коммунистик партиянинг навбатдаги пленумида вазирлар портфелларини бўлишиш билан овора бўлишган. Бу масалада узоқ ва қизғин баҳслар ҳам юзага келмаган. Берия, Хрушчев, Булганин, Молотов ва Маленьковлар бир неча дақиқа ичида ўзаро келишиб олишга улгуришди.
Агар масалага чуқурроқ кириб борилса, Сталин атрофидаги корчалонларнинг барчаси ўз ўрнига эга эди. Ҳар бири учун бошқариш лозим бўлган жой тайёр бўлган. Сталин эса ўзини синдиришга уринган ёки шунга шаъма қилувчиларни ўша вақтнинг ўзида йўқ қилган. Баъзиларини аксинча кўкларга кўтариб, ундан унумли фойдаланган.
Масалан, Молотов 30- йиллар охири, 40- йилларнинг биринчи ярмида Сталиннинг энг яқин кишиларидан бири ҳисобланган. Аммо 1949 йили бу дўстликка путур етди. Вазир лавозимини бой берди, хотини сургун қилинди.
Маленьков — коммунистик партиянинг асосий фигураси ҳисобланган. Урушдан кейин ўзининг хавфли рақиби Ждановга ўзаро курашда имкониятни бой бериб қўйди. «Авиация» деган балони бўйнига илишди-ю, Маленьков қамалиш палласида қолди. Бироқ қамалмади. Берия уни қутқариб қолди. Сабаби, Маленьковнинг тажрибаси ва билими Берия учун жуда муҳим эди. Қарангки, орадан қанчадир вақт ўтиб Жданов оламдан ўтди ва Маленьков ўз лавозимини қайта эгаллади.
Берия собиқ советлар тарихидаги энг хавфли ва кучли кадрлардан бири эди. У келиб чиқиши билан ҳам Сталинга яқин бўлган. Зийрак, ўз ишининг устаси эди. Гарчи 1945 йили давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлигидан кетган бўлса-да, тез орада Сталиннинг биринчи ўринбосарига айланди ва хавфсизлик хизматини назоратда ушлашда давом этди. Бундан ташқари, сиёсий бюро аъзосига айланди. Хавфсизлик хизматида ишлаган бирор раҳбар бундай юксак ишонч ва ҳурматга эга бўлмаганди.
Берия атом лойиҳасини ҳам назоратда ушлаган. Бу соҳада муваффақиятга эришилгач, ҳурмати ва обрўси янада ортди. Ана шундан кейин
Сталин учун хавфли шахслардан бирига айланиб қолди. Сталин уни аста-секинлик билан ўзидан четлата бошлади. Айниқса, умрининг сўнгги йили Сталин унга нисбатан иккита жиноий иш қўзғатишларини талаб қилди. Биринчи ишда Бериянинг Грузиядаги ҳамтовоқларини Туркия разведкаси билан ҳамкорликда ва бу ишни бошқарганликда айблашган бўлишса, иккинчисида врачлар билан боғлиқ коррупция жинояти содир этганликда айблашди.
ПОРТФЕЛНИ ТОПШИР, ОШНА!..
Демак, 5 март кунги ўша йиғинда Сталиннинг яқинлари вазир лавозими портфелларини ўзаро бўлишиб олишди. Молотов яна ташқи ишлар вазири лавозимига қайтди. Берия эса ички ишлар вазири бўлди. Ўшанда ички ишлар ва хавфсизлик хизмати бирлаштирилганди. Хрушчев марказий қўмита котиби лавозимини ўзида сақлаб қолди.
Маленьков вазирлар кенгаши раиси лавозимига тайинланиб, тўғридан-тўғри мамлакат раҳбарига айланганди. Аммо ҳукуматдагилар давлатни жамоавий тартибда бошқаришга келишиб олишди. Шунга қарамай, собиқ советлар бош котиби лавозимини номигагина банд қилиб қўйишди. Амалда бу лавозим эгаси худди ҳозирги Америка президентларидек мустақил тарзда бирор ҳужжатга имзо қўйиш ҳуқуқига эга эмасди. Бу Сталиндан кейинги қилинган йирик ўзгаришлардан бири эди.
КУЧЛАР ТЕНГЛИГИДАГИ КУЧЛИЛАР
Собиқ советлар мамлакати жамоавий тарзда бошқарила бошлагани билан ҳар бир раҳбар лавозимдаги шахс ўз сиёсий вазнига, ўрнига эга бўлган. Масалан, Молотов ташқи ишлар масаласида жимгина фаолият юритар, лекин бу ишларни фақат жамоавий тарзда амалга оширарди. Ёлғиз ҳеч бир иш қила олмасди. Негаки, ҳукумат аъзолари орасида тарафдорлари деярли йўқ эди.
Асосий куч Берия, Хрушчев ва Маленьковлар қўлида эди. Партиянинг, халқнинг тақдирини худди мана шу учлик ҳал этарди. Уларнинг энг севимли ишларидан бири кадрлар орасида тозалов ишларини тез-тез ташкил этишдан иборат бўлган. Хрушчев марказий қўмита аъзоси сифатида бош котиб йўқлигида унинг вазифасини ҳам аъло даражада уддаларди. Лекин шунга қарамай, «зарба»да Берия ва Маленьковларга етолмасди. Бериянинг хавфсизлик ва ички ишлар соҳасидаги ваколатлари чегара билмасди. Берия ва Маленьковлар биргаликда бу икки соҳани ўзларига буткул бўйсундира олишганди.
ДАФН МАРОСИМИДАГИ «БАШОРАТ»ЛАР
9 мартда Сталиннинг дафн маросимини ташкил этишди. Дафн маросимини ташкил этиш гуруҳи раҳбари этиб Хрушчевни тайинлашди. Маленьков, Берия ва Молотовларга сўнгги сўз берилди. Улар Сталинни сўнгги манзилга кузатишда сўз олиб марҳумнинг босиб ўтган йўлини қисқа сатрларда эслаб ўтишдан ташқари собиқ советлар давлатининг келажаги қандай бўлиши ҳақида ҳам гапириб ўтишди. Кейинчалик бу гапларни тарихчилар «дафн маросимидаги башорат» деб аташганди.
ТАХТ ТАЛОШЛАРИ
Ана, энди Сталин ўлимидан кейинги ишлар тамоман тезлашиб кетди. Ким зўр бўлса, давлатни ўша бошқара олди. Асосий ролни, шубҳасиз, Берия эгаллади. Маленьков билан бирга ўз сиёсатини ҳаётга тадбиқ этишни бошлади. Молотов эса уларга қарши кураша олмасди. Бунинг учун алоҳида жамоаси ҳам йўқ эди. Хрушчев ҳам худди шундай аҳволда қолди. Уни ҳам иккинчи «план»га ўтказиб қўйишди. Нима қилишсин? Икковлари ҳам Бериянинг сиёсатини қўллаб-қувватлашдан бўлак чора топа олишмади.
ҲОКИМИЯТ УЧУН КУРАШ
14 март куни коммунистлар партиясининг навбатдаги пленуми ташкил этилди. Бу пленумда энди Маленьковга ташланиб қолишди. Натижа шундай бўлдики, уни партия раҳбарлигидан воз кечиш ҳамда оддий котиб бўлиб қолишга рози қила олишди. Хрушчев эса давлат раҳбари сифатида фаолият юритадиган бўлди.
БЕРИЯНИНГ СИНИШИ
1953 йил 17 июн. Германияда туйқусдан ишчиларнинг норозилик акциялари юзага келди. Бу акциялар мамлакатнинг бир нечта шаҳарларида ташкил этилганди. Берия бу намойишларга барҳам бериш ниятида бир неча кунга Германияга жўнаб кетди. Ана шундан Хрушчев, Маленьков ва Булганинлар унумли фойдаланиб қолиш илинжида Берияга қарши коалиция тузишга муваффақ бўлишди. Коалициячилар ҳарбийларга кўмак сўраб мурожаат этишди. Булганин гарчи собиқ советлар мамлакати мудофаа вазири лавозимида бўлса-да, қўл остидаги генералларга сўзи ўтмасди. Берияни қамоққа олиш учун эса жуда обрўли ва бақувват шахслар, куч талаб этиларди. Бу ролга маршал Жуков муносиб деб топилди. Жуков ўшанда мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритарди.
25 июн куни Жуковни президиум йиғилишига чақиришди ва Маленьков, Хрушчевлар Берия давлат тўнтаришига тайёргарлик кўраётгани, шунинг натижасида президиумдагиларнинг барчасини йўқ қилиш пайига тушганини маълум қилишди. Кейин эса Жуковга Берияни эртанги йиғилиш пайтида қамоққа олиш вазифаси топширилди.
Бу ҳақиқатан ғалати қарор эди. Сабаби, ҳарбийлар ўшанда сиёсатга умуман аралашишмасди. Бу тахлит ишларни чекистлар амалга оширарди.
Дарҳол Москва шаҳрига бир нечта ҳарбий қисмлар жойлаштирилди. Уларнинг вазифаси Берияга тегишли кучлар қаршилик кўрсата бошласа, барчаларини сиқувга олишдан иборат эди. Барчаси тахт қилиб қўйилди. Йиғин бошланишидан бир неча ўн дақиқа олдин махсус алоқа воситалари ишлашдан тўхтатилди. Берия бу алоқадан унумли фойдаланарди.
Берияни қўлга олиш операцияси режасига кўра, бир гуруҳ генераллар алоҳида хонада ўтиришган. Уларни йиғин бўлаётган залга махсус сигнал ёрдамида чақириб олишган. Генераллар шу ерда Берияни қамоққа олишган. Генералларга Жуков раҳбарлик қилган.
Берияни оддий изоляторда сақлаш қанчалар хавфли эканини билишарди. Шунинг учун уни махсус бункерга жойлаштиришди. Соқчилик хизмати бир неча ўн баробарга кучайтирилди.
ҚАМОҚҚА ОЛИШ ПАЙТИДАГИ ҚАТЛ
Кейинчалик гувоҳларнинг эсдаликлари, тарихий ҳужжатлар аслида Берия йиғин пайтида қамоққа олинмаганини тасдиқлади. Уни ўз уйида отиб ўлдиришган экан. Бу версияни эса Бериянинг ўғли Серго илгари сурган. Унинг айтишича, қатл 26 июн куни амалга оширилган.
Бошқа бир версияда эса Берия ҳақиқатан қамоққа олингани баён қилинган. Суд жараёни ҳам бўлган. Бу жараёнда Бериянинг зиммасига қотилликлар, номусга тегиш жиноятлари, сотқинлик кабилар қаторлаштирган ҳолда илинган. Шундан кейингина уни қатл этишган. Хуллас, ўз даврининг ўта обрўли шахсларидан бири ҳисобланган Берия қандай ўлим топгани ҳақидаги аниқ фактлар ҳануз топилмади.
СУД
Яна бир шу каби фактга мурожаат этилса, Берия устидан суд мажлиси 1953 йил 24 декабрда ташкил этилгани айтилган. У қўйилган айбловларни бўйнига олмаган бўлса-да, суд қатл этиш ҳақида ҳукм эълон қилган. У билан бирга ички ишлар соҳасидаги кўплаб юқори лавозимли шахслар ҳам қатл этилган.
«Совершенно секретно» сайтидан олинди
Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)