Ёши катта инсонларнинг айтиб беришларига кўра, 1950-60 йилларда республикамизнинг кўп жойларида бўлгани каби бизнинг туманимиз қишлоқларида ҳам инсонларнинг уйларида ҳожатхоналар бўлмаган экан.
Ўша пайтдаги ҳоким мажлисларда маҳалла раисларига “Одамларга айтинглар, кап-катта одамлар ҳожатларини очиқ жойларда қилиб юрмасинлар. Уят булади. Бу ўзбекларга ярашмайди”, деб айтибди. Одамлар эса бунга парво ҳам қилмабдилар. Шунда туман ҳокими: “Кимнинг уйида ҳожатхонаси бўлмайдиган бўлса, унга қарши фалон-фалон чоралар кўрилади”, деб огоҳлантирибди-да, кейин унинг шахсан ўзи хонадонларга бирма-бир кириб текширув ўтказа бошлабди. Қарабсизки, орадан кўп вақт ўтмасдан тумандаги барча хонадонлар ўзларига ҳожатхоналар қуриб олибдилар. Бизнинг туманимизнинг қишлоқларига ҳожатхоналарнинг “кириб келиши” мана шундай тарзда юз берган экан…
… Бир гуруҳ чет эллик туристлар билан Бухоро шаҳрига саёҳатга бордик. Бухоро шаҳрининг обидаларининг гўзаллигини ва инсонларининг меҳмондўстлигини таърифлаш учун реклама ва ортиқча бўёқлар шарт эмас.
Табиийки, туристларимиз ҳурсандчиликдан осмонларда учиб юрар эдилар. Саёҳат давомида туристларимиз программага киритилмаган бобокалонимиз Абу Али ибн Синонинг туғилган қишлоғи Афшонани кўрсак бўладими, деб қолдилар. Биз уларнинг илтимосини бажонидил қондирдик, лекин ўзи шундоқ ҳам кам қолган вақтимизни янада тежашга тўғри келди. Шундан кейин Арк саёҳатидан тўғри чиқиб, Навоийга йўл оладиган бўлдик.
Аркни томоша қилгач, меҳмонхонага боришга вақтимиз бўлмаганлиги сабабли туристлар Арк биносида ҳожатхонага киришга рухсат сўрадилар. Уларни ҳожатхонага олиб бордиму, ҳожатхонанинг аҳволини кўриб, ҳайратдан қотиб қолдим. Унинг таърифини бермасам ҳам кўпчилик гап нимадалигини тушуниб бўлди, деб ўйлайман. “Бошқа ҳожатхона йўқми?” десам шу ердаги масъуллар “Шаҳар маъмуриятига неча марта айтдик, лекин улар муаммони ҳал қилай демайдилар”, деб нолидилар. Туристларимизнинг ярми ҳожатхонанинг ҳидига чидай олмасдан тўғри автобусга қараб йўл олдилар. Қолган ярми эса бурунларини ёпиб у ерга кириб чиқдилар-да “Бухоро саёҳати бундай тасвир билан тугаётганлиги яхши бўлмади”, дедилар. Улар кетгач, ҳожатхонага қаровчи киши менга “Ҳожатхона пуллик эди. Буларнинг хафалигини кўриб, пул сўрашга хижолат бўляпман” деди…
… Яширмайман, ёшлигимда “уйлансам, тўйимни фалондай ва фалондай қилиб ўтказаман. Тўйимда фалончилар хизмат қиладилар ва ҳоказолар”, деб орзу қилганман. Тўй маҳали келганда орзуларимни шароитга қараб мослаштиришга тўғри келган бўлса ҳам тўйимизнинг дабдабасию даҳмазасига кетказган харажатларимиз кам бўлгани йўқ. Орадан йиллар ўтиб, энди “бизга шунча дабдаба керакмиди?” деб ўйлаб қоламан. Жавоби : Албатта керак эмас эди. Лекин шуларни қилмасак бўлмасди. Нима учун?
Нима учунлигини ижтимоий таҳлил тушунтириб беради. Бизнинг жамиятимизнинг фаолияти Индейс қабилаларидагига ўхшаб “олди-берди”, “кўз-кўз” ва “салом-алик”лар асосига қурилган. Ўзгаларнинг тўйларида нон-туз едикми, ўзгалар ҳам бизнинг тўйларимизда нон-туз ейишлари керак.
Биз уларнинг тўйларида ҳадялар бердикми, улар ҳам бизнинг тўйларимизда ҳадяларни қайтаришлари керак. Улар ўзларининг тўйларида “кўз-кўз” қилиб лимузин олиб келдиларми биз ҳам улардан ўтказиб, ўз тўйларимизга лимузинлар карвонини олиб келишимиз керак. Бизнинг бошқалардан зўрлигимиз эмас, балки ўзгалар бизни “зўр экан” деб ўйлаб кетишлари муҳим. Тўй бу инсонларга ўзимизнинг таниш-билишларимиз қанчалик кўп эканлигини кўрсатиб қўйиш имкониятидир. Тўйимизга прокурор, шаҳар ҳокими, вазирликда ишлайдиган фалончи инсонлар келса, одамлар биз билан ўйлаб муомала қиладиган бўладилар, деб ишонамиз. Прокурор бизни шахсан таниши ҳам шарт эмас. Бировларга қўшилиб, тўйимизга келиб, бир пиёла чой ичиб кетса бўлди.
Мана шу “кимошди” урф-одатнинг оқибатида пойтахтимизда битта тўйга бир эмас, бир нечта артистлар келадиган бўлди. Ҳозир Ўзбекистонда 5000 эмас 50 000 артист бўлса ҳам уларнинг барчасига тўй топилади. Олдинлари келин тўйдан кейин қайнона-қайнотанинг уйига келган бўлса, ҳозир келин-куёв тўйдан кейин янги квартирага боришлари мажбурийдир. Олдин кундалик ҳаёт учун зарур шкаф, сандиқ ва бир иккита мебелчалар қилинган бўлса, ҳозир одамлар кўриб қўйишлари учун Франция қироллари ҳам орзу қилмаган шоҳона мебеллар сотиб олинади.
Пойтахт ўз номи билан пойтахт. Яъни Тошкент бошқа вилоятларга ўрнак. Бугун Тошкентда урф бўлган одатлар эртага вилоятларга ёйилади. Қарабсизки, бутун республикамиз бир-бирининг кетидан қувиб, тўйларимизни ақл-бовар қилмас харажатлар билан қилинадиган аҳмоқона удумлар кўринишига олиб келдилар. Бизнинг тўйларни чўнтагида 10 сўм пули бор одам 1000 сўм қарз олиб, мингта одамни ресторанга таклиф қилишига ўхшатиш мумкин. Энг ачинарлиси, илгарилари бу “кимошди” соатига 50 километр тезликда ҳаракатланаётган бўлса, ҳозирда у инсонларнинг яшаш шароитларининг яхшиланиши эвазига соатига 200 қилометр тезликда ҳаракатлана бошлади ва тезлик янада кўтарилишда давом этмоқда…
… Бугун кўпни кўрган, зиёли ва журналист акамиз Мақсуд Жонихонов Фейсбук тармоғида турмуш қурганларидан кейин мебел-матоҳлар сабабли бошлари уруш-жанжалдан чиқмай қолган бир оила ҳақида куйиниб пост ёздилар. Мақсуд ака бор йўғи биргина мисолни келтирдилар, холос. Сиз истаган бир ўзбекни тўхтатиб сўранг, у сизга бундай ва бундан баттар бўлган мисолларнинг бир нечтасини айтиб беради.
Тўй аслида ўзбекнинг оиласидаги бахт тимсоли бўлиши керак эмасмиди? Китобларда ёзилишига кўра — ҳа. Аммо биз ўзимиз яратиб олган дабдабаларнинг орқасидан қувишимизнинг натижасида тўйларимизни бахтсизлик ва ҳаловатсиз ҳаёт рамзига айлантириб юбормоқдамиз. Буни зудлик билан ўзимиз тўхтатишимиз керак. Агар буни ўзимиз тўхтата олмайдиган бўлсак, буни “ҳоким”ларимиз, давлат раҳбарларимиз тўхтатишлари керак. Агар ўзбек ўз аҳмоқлигини ўзи тўхтата олмайдиган бўлса, унга бу ҳақда “тепа”дан буйруқ келиши керак. У шундагина ўз аҳмоқлигини тўхтатиши мумкин.
Дониёр Рўзметов
2016 йил, 31 октябрь
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди