13:41 / 07.10.2017
5 162

Маънавият моддиятдан зарурроқ!

Маънавият моддиятдан зарурроқ!
Қачон ойнаи жаҳонда, газета-журнал ва радио орқали истиқлолга мадҳия айтаётган инсонларни кўриб, эшитиб ва ўқиб қолсам, “шу гапи чин юракданмикин...?” дея ўйлаб қоламан. Кўп ҳолатларда атрофдагиларга эриш туюлувчи бу каби сўзларнинг аксари шунчаки айтилгандек туюлаверади. Шу боис ҳам Ўзбекистонимиз тарифини айтиб-ёзгучи инсонларга оғзингизни тўлдирмай яримта гапиринг, аммо сидқидилдан бўлсин, дегим келади.

Рости, мен ҳам ҳозир ёзмоқчи бўлганларим устида узоқ ўйландим. Ахир четдан қараганда бу ерда ёзаётганларим ҳам оддий бир ўринсиз маздоҳликдек туюлиши мумкин. Аммо Аллоҳим мени шундай юртда яратгани учун шукрона айтмаслик ҳам гуноҳ, деб ўйлайман.

Ўзбекистон деганда мусофир юртда юрган ўзбекнинг юраги бир ҳаприқиб кетади. Соғинч ҳисси ила қаршилик муҳаббат туйғуси шу юрт номини ардоқлашга мажбур этади. Мусофир ким бўлишидан (ўзбек, рус, қозоқ, қирғиз, уйғур, татар ва ҳ.к.) қатъий назар у ўзбекистонлик. Шу боис шу юртнинг ҳар бир кичик ютуғини қувониб, митта хатосидан куюниб яшайди.

Бугун юртимиздаги ёшларга қараб ҳавас қиламан. Спорт билан шуғулланишяпти, истаган чет тилини ўрганяпти. Энг муҳими — дунё миқёсида ўзбек номини ҳар бир соҳада тан олдиришмоқда. Ахир бунга қувонмай бўладими?

Тўғри, собиқ Иттифоқ даврида ҳам чет тиллари ҳар бир мактабда ўқитиларди. Аммо... у пайтда инглиз тилини (бошқасини гапирмай) ўрганишга ўқувчилар қизиқмасди. Фақат рус тилига эътибор қаратиларди. Чунки инглиз тилини ўргангани билан ҳаётда ўша ўрганганини қўллаш учун имкон йўқ эди. Рус тили ҳеч бўлмаса ҳарбийга борганда ва анча-мунча русча киноларни кўрганда яхшироқ тушуниш учун керак бўлади, деб ўрганиларди.

Бугунчи!? Чет элдан келаётган тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиш, сайёҳлар билан мулоқот қилиш, четга чиқаётган тадбиркору саёҳатчилар, спортчиларимиз немис, испан, корейс тилларини ўрганиб, бемалол сўзлашмоқда.

Камина ҳам тақдир тақозоси билан Россияда ўн йил юриб келганман. Мусофирлик нима эканини анчагина яхши тушунаман. Мен ишлаган фирмада мен-ёлғиз ўзбек эдим. Қолганлар рус, молдаван ва украинлар бўлиб, анчагина аҳил эдик. Қачон Ўзбекистон ҳақида сўз кетса, мен уларга шундай сўзлаб берардимки, мени эшитиб, бошида ҳайрон бўлишарди. Чунки улар Ўзбекистон фақат чўл ва тоғдан иборат, деб тасаввур қилишар экан. Бир неча маротаба айтган ҳикояларимдан сўнг нафақат Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд, Бухороси, балки гўзал, деярли Москвадан фарқ қилмас Андижон деган гўзал шаҳри ҳам борлигини билиб олишди. Улар бирон ерда ўзбекни учратишса “бизда андижонлик бола бор” дея айтишаркан. Баъзи соддароқ юртдошларимиз “булар Андижонни қаердан билишади?” деб ҳайрон ҳам бўлишаркан.

Ҳозир Россиядаги айрим гуруҳлар миллатчилик, ишлаб пул топгани келганларга маҳаллий аҳолини қайраб низо келтириб чиқаришга астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Айрим ҳолларда улар ўз мақсадларига ҳам эришмоқдалар.

Баъзан эса бизнинг юртдошларимиз томонидан содир этилаётган жиноятлардан бошимизни эгамиз... Ўзбек деган номга доғ тушириб қўймадимми, дейиш ўрнига ўзларини тенги йўқ зўравондек тутишларини кўриб яна баттар хижолат тортасан, одам.

Эркакларнинг бундай юриш-туришларидан ажабланиб, аёлларга бир назар ташлаб “дод!” деб бақиргинг келади. Чунки эл кўзида “оилам, бола-чақамга пул топай, эримга ёрдам бўлсин” деб уйидан чиқиб кетган аксарият аёлларнинг Россия ва ёки Туркиядаги “юриш”ларини кўриб тил сўзга айланмайди. Эри ва никоҳи бўла туриб бошқа эркак билан яширинча яшаб юрган аёлларимиз, афсуски, оз эмас.

Очиғини тан олиш керак, агар эркак хотинига хиёнат қилса кечиримли. Нега дейсизми? Чунки аёл ўша эркакка уйидан истаганини топиб беролмаган. (жуда кам ҳолатда эса эркак шунчаки эрмак учун хиёнат кўчасига киради). Яна “эркак киши кўча одами” деган ибора бор. Шундан келиб чиқиб ҳам хулоса қилиш мумкин. Аммо мен бу билан эркакларни асло оқламоқчи эмасман. Хиёнат қилдими-айбдор!
Истанбулда икки ёш ўзбек йигитининг ҳасратидан чўғ сачрайди:

—Ака, ўзбекман дегани чўчиб қолдик. Ўзбеклигимизни билган турклар “аёл ҳамюртингдан топиб бер?” деб жонга тегишади. Бир куни биронта “землячкамизни” бир нарса қилиб қўямизда, бу кетишда. Зора, шундан кейин ўзбек аёллари сал одамга ўхшаб юришса...
Уларни “бир нарса қилиш” фикридан қайтардим. Аммо миллатидан қатъий назар, ўзбекистонлик бўлган аёлларнинг аксарияти Туркияда юмшоқ қилиб айтганда, ўзларини яхши тутмаётганликларини кўриб хафа бўлдим.

Бугунги кунда миллатдош ва юртдошларимиз орасида ўз юртимиздаги ўзаро муносабатларини кўриб, мавжуд салбий ҳолатларнинг илдизини излаб ҳайрон бўламиз. Айрим дағал муомалали йигит-қизлар ўша ўзларича чет элни “кўриб қўйган...” ота-оналарнинг берган “тарбия”сидан шундаймикан? Билмай бошимиз қотади. Ўзингни бил, ўзгани қўй, деган нақлни ҳамма билади ва ҳамма ўзича ҳаётга тадбиқ қилади.

Ана шундай инсонлар ўзбек номини дунёга таратиб, бутун юртимиз ҳурмат-эътиборини қозонаётган юртдошларимиздан ибрат олса, ўшаларга ўхшашга ҳаракат қилса қани?! Йўқ, улар ўзларича ақлли, “али” десангиз “бали” деб туради. Қилаётган ишлари нотўғри эканлигини исботлаб, хатосини бўйнига қўйган тақдирингизда ҳам бетини сидириб, “ҳозир ҳамма шундай!” дея ўзини оқлайди. Қизиқ, ўзи учун жавоб бериш қўлидан келмаса, нега шундай ножўя ишлар билан шуғулланади? Тушунарсиз...

Ҳозирда мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ва маънавий ислоҳотларни кўриб, юртдошларимизнинг эртасидан катта умид қилиб қолиш билан бирга, барчамиз ўзбекона одоб-ахлоқ нормаларини ўзлаштиришимиз, фарзанд тарбиясида ҳам ана шу меъёр ва мезонга суянишимиз керак, деб умид қилиб қоламиз.

Юртимизда эришилаётган ютуқларимиз ўзимизники. Ҳадеб уларни такрорлаш, санаш билан янги натижага эришиб бўлмайди. Яхшиси, тузатишимиз керак бўлган хато ҳамда камчиликларимиз хусусида кўпроқ сўз юритсак ва уларни тан олиб тузатишга ҳаракат қилсак, ана шундагина барчамиз учун фойдали бўлар эди.

Маънавий бойлик моддий бойликдан ҳам зарурроқ сифат. Дунёпарастлик, пул-мол кетидан қувиш инсонни ҳалок қилишгача боради. Маънавий бойлик ортидан ҳурматсизланган инсонни эса ҳали биров эшитмаган бўлса керак.

Ҳар бир тараққиёт эски ҳолатнинг бироз қўшимчалар билан қайтишидир. Биз бугун қўлга киритаётган ютуқларимиз кеча ёки илгариги кунимизда ҳам содир бўлган. Фақат бугунга келиб бироз такомилроқ кўринишда. Ҳеч қачон илгари бундай бўлмаганди, десак адашган бўлишимиз аниқ. Фарзандларимизга тарбия берарканмиз, шу нарсани ҳам уқтириб қўйсак ёмон бўлмасди.

Хулоса қилиб айтганда, ўзбекона ахлоқ, мусулмонга хос барча зарур сифатларни оиладаги фарзанд тарбиясида қўлламас эканмиз, юқорида айтилганидек — миллатимиз ва юртимиз шаънини булғовчи, бир чақага қиммат зўравонлиги билан гупирувчи ўғил-қизларни учратаверамиз. Бу эса жуда ҳам ноқулай ва ачинарлидир. Зотан, жамиятни поклаш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.

Нозим РАСУЛ

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Маънавият моддиятдан зарурроқ!