11:55 / 18.10.2017
7 690

Атомни ижод этиб… ёки инсониятга нуқта қўювчи бу кашфиётга энди қандай чора бор?

Атомни ижод этиб… ёки инсониятга нуқта қўювчи бу кашфиётга энди қандай чора бор?
Атомни ижод этиб
Даҳшат бало бунёд этиб
Оқибатни ёд этиб
Ҳайрон ўзинг, ҳайрон ўзинг...

Севимли шоиримиз Эркин Воҳидов «Инсон» қасидасида шу сатрларни ёзганида нақадар ҳақ бўлганига йиллар ўтиб қайта-қайта амин бўлмоқдамиз. Қизиғи шундаки, бу сатрлар ёзилганида атом бомбалари асосан икки давлат — АҚШ ва собиқ СССР тасарруфида эди. Бу икки қудратли куч совуқ уруш даврида бир-бирлари билан қанчалик ёвлашмасин, бу қуролнинг даҳшатли кучини яхши англаб етишар, Ер шарини бир неча марта парчалаб ташлашга қодир термоядро бомбалари жуда қаттиқ қўриқланарди.

Совуқ уруш ҳам ортда қолди. СССР парчаланиб кетди, АҚШ бу борада узил-кесил етакчиликка эришди. Ҳозирги кунда Россия билан АҚШ раҳбарлари бундай қуролларни қисқартиришга астойдил ҳаракат қилаётган бир пайтда бир неча давлат ўз атом бомбасини яратиб олди. Энг даҳшатлиси, атом клубининг янги аъзолари бўлган бу давлатларнинг кўпчилиги ўзларининг яқин қўшнилари билан азалдан урушиб келадилар ва атом қуроли ҳам аввало ўз қўшнилари томон қаратилган. Ҳиндистон билан Покистон аллақачон бу қуролларини кўз-кўз қилишга тушишган бўлса, Эрон билан Исроил атом қуроллари йўқлигини таъкидлаган ҳолда бир-бирларига бу даҳшатли қурол билан ҳужум қилишга тайёрлар. Янада ёмони атом қуролининг ақидапараст жоҳилларнинг қўлига тушиб қолиш хавфидир.

Инсоният учун ўзи яратган кашфиётлар орасида атом қуроличалик шафқатсизи йўқлиги, жаҳон аҳли Иккинчи жаҳон уруши якунига етганлигидан қувониб турган 1945 йилдаёқ маълум бўлганди. АҚШ томонидан Япониянинг Нагасаки ва Ҳиросима шаҳарларига ташланган бомбалар ҳозирги замон таъбири билан айтганда ўйинчоқдек бўлсада, жуда жаҳшатли фожеаларни келтириб чиқарди.

Аслини олганда ҳаммаси эзгу ниятларда бошланган, атом энергияси аввало инсониятнинг оғирини енгил қилиши лозим эди. Қайсидир маънода шундай бўлди ҳам, лекин унинг қурол сифатида ишлатилиши барча яхши жиҳатларини осонгина йўққа чиқариб қўйиши мумкин.

Атом энергияси кашф қилиниб, эндигина ўрганилаётган йилларда, 1903 йилдаёқ физик олим Ф.Содди «Атом энергияси биз биладиган молекуляр энергияга нисбатан беқиёс кучга эга эканлиги аниқ. Бу фактнинг маълум бўлиши эндиликда сайёрамизни даҳшатли портлаш имконига эга бўлган каттакон ўқ-дори омбори сифатида кўришимизга замин яратади», — дея фикр билдирганди.

Ўша даврлардаёқ физиканинг бу йўналишига етакчи давлатларнинг энг кучли олимлари жалб қилинган, мақсад ақл бовар қилмас кучга эга қурол яратиш эди. Турли йўллар билан етарли даражадаги хом-ашёни қўлга кирита билган АҚШ бу борада анча илгарилаб кетди. Махсус ташкил этилган Лос-Аламос илмий марказида Роберт Оппенгеймер раҳбарлигида ядро қуроли яратишга зўр берилди. 1939 йилда Альберт Эйнштейн президентга атом энергиясининг имкониятлари батафсил тушунтирилган мактуб ёзди ва унинг таклифлари инобатга олиниб ўша йилда ядро энергетикаси бўйича ҳукуматнинг махсус қўмитаси тузилди.

Бу ҳаракатнинг бошланишига эътироз билдирганлар кўп бўлди. Хусусан, 1913 йилда бу соҳадаги тадқиқотлари учун Нобель мукофотига сазовор бўлган олим Нильс Бор бутун дунё афкор оммасини атом энергетикасини ҳарбий мақсадларда қўллашни тақиқлашга чорлаб чиқишлар қилди. Лекин унинг гапларини ҳеч ким инобатга олмади — атом қуролига эга бўлиш ва душманларни бу қурол билан қўрқитиш истаги жуда кучли эди.

1941 йилнинг ёзида Англияда бу соҳада иш олиб бораётган олим Жеймс Чэдвик тап тортмай: «Атом бомбасининг яратилиши урушда ҳал қилувчи аҳамиятга эга», — дейди. Бу фикрга қўшилганлар орасида фашистлар ҳам бор эди. Улар атом бомбаси лойиҳасини Ҳитлерга таклиф қилганларида фюрерни бу ғоя қизиқтирмадими ёки унинг катта куч ва вақт талаб қилиши қониқтирмадими, хуллас Ҳитлер атом бомбасидан воз кечди ва анъанавий қуролланишга бор кучларни сафарбар қилди.

Германиянинг атом лойиҳаси тўғрисида кўплаб тахминлар бор. Лекин кўпчиликнинг фикрича Ҳитлерда атом бомбаси бўлмаган, ёки фашистлар бундай қуролни яратишга улгуришмаган. Бу лойиҳанинг қабул қилинмаганлиги ёки амалга ошмаганини бемалол инсониятнинг, тарихнинг туб бурилиш нуқтаси, деб аташ мумкин. Чунки фашизмнинг тарғиб этган тузумнинг, бу тузумнинг тепасида турган телбанинг бундай қуролга эга бўлишини ўйлашнинг ўзи даҳшат.

Фашизм катта қурбонлар эвазига тор-мор қилинди. Лекин инсоният атом ишқидан воз кечолмади. Иккинчи жаҳон уруши якунида юқори доирадаги халқаро учрашувлардан бирида Совет тузумига қарши курашни давлат миқёсидаги масала даражасига кўтарган АҚШнинг 33-президенти Ҳарри Трумэн Сталинга ўз давлати ҳар қандай армияни бир онда йўқ қилиб юбориш, урушларнинг тақдирини бир зарба билан буриб юбориш қудратига эга бўлган қурол ҳақида писанда қилади. Тез орада бу гапларнинг исботи сифатида Япониянинг икки шаҳри атом қуроли билан бомбардимон қилинади ва тагдор гапларни ўзича тушунган Сталин дарҳол шошилинч кенгаш чақиради ҳамда атом қуролини яратиш учун барча кучларни сафарбар қилишни буюради.

Олимлар ҳисоб-китоб қилишга киришиб кетишади ва шундай хулосага келишади — атом қуролини яратиш сарф-харажатлари давлатга Иккинчи жаҳон урушидан ҳам оғир келаркан. Лекин шунга қарамай «доҳий» ўз фикридан қайтмайди ва махсус қурилган Челябинск-2 шаҳрида бу қуролни яратишга киришиб кетилди. Тез орада СССР ҳам атом қуроли бўйича АҚШ билан беллаша бошлади. «Совуқ уруш» номини олган бу қуролланиш пойгаси тузумларнинг асосий кучлари шу ишга сафарбар қилинишига сабаб бўлди. Бу ҳолат оламшумул маблағ сарфланиши билан бирга инсониятнинг энг буюк глобал муаммоларидан бирига айланди.

Ҳозирда мавжуд атом қуроллари шунча қисқартиришлардан сўнг ҳам ақл бовар қилмас қирғинлар уюштириш, одамзодни ва барча тирикликни буткул йўқ қилиб юбориш қудратига эга. Айниқса АҚШ билан мунтазам зиддиятга борувчи Эрон, КХДР каби давлатлар ҳам атом дастурига эга эканлиги таҳдидни янада оширади. Эзгулик йўлида одимлаётган инсоният ўзининг бу кашфиётини чеклаши ва ундан бутунлай воз кечиши лозим. Бошқача бўлиши мумкин эмас!

Аброр Зоҳидов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Атомни ижод этиб… ёки инсониятга нуқта қўювчи бу кашфиётга энди қандай чора бор?