20:10 / 04.01.2018
6 101

Супермаркетдаги ҳийла...

Супермаркетдаги ҳийла...
Дилноза дугонаси Моҳирани кутавериб, тоқати тоқ бўлди. Яқинда тўйи. Бир неча йилдан буён аҳдлашиб юрган йигити — Саъдуллага турмушга чиқяпти. Дилноза у йигитни қанча паривашлардан тортиб олди, унгача ўзидан нима ўтгани ўзига аён. Охири мақсадига етиб, севгиси тўйга уланди.
Бугун энг яқин дугонаси Моҳира билан супермаркетни бирга айланишни келишиб олганди. Бир ҳафтадан буён режалаштирилган харид саёҳати қизгинанинг наздида чўзилиб кетаётгандай эди. Эшикдан кириб келган Моҳирани Дилноза қош чимириб кутиб олди.
— Бўлди, бўлди, дугонажон, қошларингнинг орасини оч, — деди Моҳира дугонасининг хафа бўлганини сезиб, дарров ҳазил аралаш.
Улар ҳазил-ҳузул билан сумкаларини ушлаб, супермаркет томон йўл олишди. Супермаркет ичида одамнинг жонидан бўлак ҳамма нарса бор. Дилноза расталарда кўз қувнатиб турган маҳсулотларга қараб, ҳайратини яшира олмас, ҳар битта нарсани қўлига олиб кўрарди. Чунки бозор-ўчарни Дилнозанинг уйида фақат ойиси ёки дадаси қиларди. Дилноза пардоз буюмлар растасига келиб, ўзига ёққан нарсани олиб, нархини кўрдию, кўзлари каттариб кетди.
Моҳира буни сезиб, қўшиб қўйди:
— Бу ерда тоза моллар бор. Узоқ вақт яйраб ишлатасан.
— Биламан, — Дилноза дугонасига қаради. — Лекин ҳозир бунинг пулига бир дунё нарса оламиз.
Моҳира кулиб қўйди. Дилноза пардоз буюмидан кўз узолмай узоқлашди. Моҳира ўша буюмни қўлига олди ва дугонасига эргашди. Иккиси обдан айланиб, керакли нарсаларни харид қилишди. Сўнг касса олдига бориб, бироз навбат кутишгач, ҳисоб-китоб бошланди. Бир нечта сумкадаги нарсаларни кўтариб, икки дугона супермаркетни тарк этар маҳал, эшик олдида огоҳ этувчи сигнал чалинди. Супермаркет ходими сергак тортиб, икки қизнинг олдига шошиб келди.
— Кечирасизлар, — деди у. — Сумкангизда ҳисобдан ўтмай қолган буюм бор, шекилли.
Дилноза ажабланиб, бир Моҳирага, бир ходимга қараганча сумкасини очди. Ходим текширув мосламаси билан сумкани текшириб, ҳеч нарса тополмагач, Дилнозани бошдан-оёқ назоратдан ўтказди. Курткасининг чўнтагига келганида мослама қаттиқ овоз берди. Дилноза шошиб чўнтагига қўл суқиб, растада кўрган қимматбахо пардоз буюмини олди. Кўзлари ҳайратдан катта очилиб, тили айланмай қолди.
— Ахир бу қаердан келди?
— Вой, дугонажон, саватчага соламан деб, чўнтагингга солибсанми?
Моҳиранинг бу сўзлари супермаркет ходимининг жаҳлини чиқарди.
— Уялмайсизларми шундай иш қилишга, яна ўйин қилиб турганингизни-чи? — ходим ортига ўгирилди. — Йигитлар, бу қизларни суратга олинглар, жаримага тортамиз.
Дилнозанинг ранги оқарди. Моҳира ҳам довдираб қолди.
— Бу нима қилганингиз, мен ўғирлаганим йўқ?! Ҳатто билмайман чўнтагимга қандай тушиб қолганини, — Дилноза ўзини қўлга олиб гапиришга уринса-да, кутилмаган вазият қизни карахт ҳолга тушириб қўйганди.
— Синглим, уялинг! Нарсанинг оёғи ёки қаноти бўлса экан, чўнтагингизга тушиб олса.
Қанча ялиниб-ёлвормасин, Дилноза билан Моҳира айбдорга айланди. Уларни суратга олишди. Моҳира юзини тўсиб олишга улгурдию, Дилноза улгурмади. Тушунтириш хати ёзиб, икки дугона супермаркетдан юзи шувут бўлиб чиқиб кетишди. Дилноза йиғидан ўзини тўхтата олмас, тинмай «Бу қандай бўлди?» дея такрорларди. Моҳира ҳам имкони борича дугонасига далда бўлар, лекин уни юпата олмасди. Дилноза уйга келиб, хонасига қамалиб олди ва ёстиққа юзини буркаб йиғлади. Қуруқ туҳматнинг тоши оғирлигини ҳис қилиб ўксинди. Икки соатдан сўнг ҳақиқий томоша бошланди. Қизга унаштирилган йигит Саъдулла қўнғироқ қилди. Дилноза қўли қалтираб, яшил тугмани босди. Бирдан Саъдулланинг овози янгради:
— Нима ишлар қилиб юрибсан, Дилноз? Уялмадингми нарса ўғирлагани…
Йигитнинг бу маломати қизнинг танасини музлатиб юборди. Тилига сўз келмай, довдираб қолди. Саъдулла яна бир нарсалар деб ўшқириб, телефонни ўчирди. Дилноза фақат бўлажак куёвнинг «Телеграмга кириб кўр», деган гапларини эшитиб қолди. Шоша-пиша «Телеграм» тармоғига кириб, ўзини қидира бошлади. Саъдулланинг жон куйдирганича бор экан. Дилноза шўрликни «Телеграм»га ўғри қиз тамғаси остида бериб юборишибди. Расмлар, ҳатто қисқагина видео ҳам бор эди. Дилноза ғазаб билан телефонини деворга отди ва ўкириб йиғлаб юборди.
* * *
Моҳира кечга яқин Саъдуллага қўнғироқ қилди. Саъдулла кайфиятсиз аҳволда телефонни кўтарди.
— Алло, эшитаман…
— Алло, Саъдулла ака, яхшимисиз?
— Ҳа, ким бу?
— Биламан, Саъдулла ака, ҳозир кайфиятингиз йўқ. Айтишади-ку, одамнинг оласи ичида деб.
— Ким бу? Нега менга бундай гапларни айтяпсиз?
— Мен Моҳираман!..
— Ҳа, сизми, агар дугонангизни оқлаб, қўнғироқ қилаётган бўлсангиз, ҳозир эшитишни истамайман.
— Йўқ-йўқ, Саъдулла ака, мен уни оқламайман. Аввалроқ сизга айтмаганимдан ҳозир афсусланяпман.
— Нима? — Саъдулланинг жонлангани сезилди. — Аниқроқ гапиринг?
— Гап орамизда қолсин, сўз берасизми?
— Ҳа, гапираверинг..
— Ҳалиги… Дилноза ўзи сал қўли эгрироқ қиз… аввалроқ айтишим керак эди.
— Нималар деяпсиз? Ўз дугонангизни шундай дейишга қандай тилингиз борди?! — Саъдулланинг жаҳли чиқаётгани сўзлаш оҳангидан сезилиб турарди.
Моҳира томоқ қириб, бироз жим турди-да, гап бошлади.
— Мени нотўғри тушунманг. Эртага турмуш қурсангиз…
— Бас қилинг!
Саъдулла жаҳл билан телефонни ўчирди.
* * *
Моҳиранинг Саъдуллани илинтириб, Дилнозадан айнитиш йўлидаги илк қадами омадли чиққанди. Дилнозанинг ижтимоий тармоқда тарқаб кетган фотосуратлар билан видеоёзувнинг дардида аҳволи ёмонлашди. Аммаси супермаркет ходимларининг олдига бориб, қиёмат қилди. Улар расм ва видеони интернетга жойламаганини қасам ичгудай бўлиб тасдиқлашди.
Саъдулла юрагига қулоқ солди. У аниқ билади — Дилноза ўғри эмаслигини. Ахир олий маълумотли, кўпни кўрган йигит дабдурустдан неча йилдан буён кўз олдида юрган қизни дарров ёмон отлиққа чиқариб, ташлаб кетишни истамас эди. Йигит ўйлай-ўйлай, Дилноза билан учрашиб, гаплашиб олишга қарор қилди. Дилнозанинг уйидагилари, қизнинг ўзи ҳам Саъдулланинг келишини кутмаган эди, шошиб қолишди. Дилноза йигитнинг кўзига тик қаролмай, тинмай йиғларди. Саъдулла қизнинг елкасидан тутди.
— Нега худди айбдордек кўзимга қарай олмай, ўзингни қийнаяпсан? Бошингни кўтар, мен сенга ишонаман! Майли, бутун дунё сени қораласин, лекин мен сен томондаман…
Дилноза Саъдуллага кўзи тўла ёш билан мўлтираб тикилди. Қиз асосийси Саъдулланинг ишончини йўқотишдан қўрқаётганди. Мана, йигит унга ишонди. Энди кўнгли хотиржам.
Саъдулла уйга бориб, тинч ўтирмади. Супермаркетга йўл олди. Иш бошқарувчи билан гаплашиб, ўша кунги воқеани камера орқали кўрсатишни илтимос қилди. Супермаркет доимо камера назоратида туриши йигитга маълум эди. Иш бошқарувчи узоқ тортишувдан сўнг рози бўлди. Саъдулла синчковлик билан экрандаги манзарани кузатар экан, Дилноза қўйган пардоз буюмни Моҳира олганини кўриб, сергак тортди. Шу пайт Моҳира атрофга қараб, Дилнозанинг чўнтагига сездирмай солганини ва Дилнозани ходимлар билан турган пайтда видеога олаётганини кўрдию, ғазаби қайнади. Моҳиранинг уддабуронлигига бир тарафдан қойил қолса, бир тарафдан нафрати қўзий бошлади. Ҳатто супермаркет бошлиғининг ёнига чиқиб, видео ёзувни дискка кўчириб олди. Чунки бу ерда бир қизнинг шаъни турган эди-да. Саъдулланинг уйидагиларга ҳам Дилнозанинг «ўғри»лиги етиб борган ва тўйни тўхтатиш ҳаракатига тушишган эди. Саъдулла видеони уйидагиларга кўрсатиб, ота-онасини тинчлантирди. Дилноза ҳам дугонасининг ишини кўриб, тахта мисол қотиб қолди. Моҳирани уйига чақирди. Ҳеч нарса бўлмагандек салом-алик қилиб, ичкарига олиб кирди. Моҳира эса уй ичида Саъдуллани кўриб, кўзлари олайди.
— Моҳира, мен сени энг яқин дугонам деб юрардим, — дея гап бошлади Дилноза. — Сенга нима ёмонлик қилдим?
— Нималар деяпсан, ўртоқ, тинчликми?
— Мени ёмонотлиқ қилиб, нимага эришмоқчи эдинг?
— Тушунмадим?!
— Иккиюзламачилик қилма! — Саъдулланинг жаҳли чиқиб, қўлидаги дискни Моҳира томон улоқтирди. — Мана буни кўр, кейин биласан, нима иш қилганингни!
Моҳиранинг юзи докадек оқарди. Дилноза эса дарров дискни компьютерга солди. Экранда икки қизнинг харид лавҳалари жонланди. Моҳира ўзининг қилмишига навбат келганда юзини тўсиб, йиғлаб юборди.
— Бировни бахтсиз қилиб, нимага эришасан? Дугонажон, ҳамманинг бахти қаердадир кутиб туради. Сен бўлсанг…

Мансурбек РЎЗИЕВ

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Супермаркетдаги ҳийла...