08:00 / 10.01.2018
6 639

Шавкат Мирзиёев «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонунни имзолади

Шавкат Мирзиёев «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонунни имзолади
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 8 январь куни «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонунни имзолади. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 14 декабрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2017 йил 20 декабрда маъқулланган. Расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўн икки ой ўтгач кучга кирувчи қонуннинг мақсади маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборатдир.

Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, давлат хизматини ўташ, референдумлар, сайловлар ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида, шунингдек тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов, жиноий мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолият, суд ишини юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш соҳасида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: қонунийлик; мутаносиблик; ишончлилик; тингланиш имкониятининг мавжудлиги; маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги; манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги; бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги; мазмунан қамраб олиш; маъмурий иш юритишнинг «бир дарча» орқали амалга оширилиши; тенг ҳуқуқлилик; ишончнинг ҳимоя қилиниши; маъмурий ихтиёрийликнинг (дискрецион ваколатнинг) қонунийлиги; текшириш.

Қонунийлик принципи - маъмурий тартиб-таомиллар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.

Мутаносиблик принципи - маъмурий иш юритиш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган таъсир чоралари маъмурий орган томонидан кўзланган қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги керак.

Ишончлилик принципи - маъмурий иш юритиш давомида манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган ҳақиқий ҳолатлар тўғрисидаги ҳужжатлар ва маълумотлар акси исботланмагунига қадар ишончли ҳисобланади. Манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг ҳақиқийлигига шубҳа пайдо бўлган тақдирда, маъмурий орган уларнинг ишончлилигини мустақил равишда ва ўз ҳисобидан текшириш учун чоралар кўради. Маъмурий иш юритиш давомида манфаатдор шахслардан улар тақдим этган ҳужжатларнинг ёки маълумотларнинг ишончлилигини тасдиқловчи қўшимча материаллар талаб қилиш, агар қонунда бундай талаб белгиланмаган бўлса, тақиқланади.

Тингланиш имкониятининг мавжудлиги принципи - маъмурий орган манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имкониятини бериши шарт.

Маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги принципи - маъмурий тартиб-таомиллар очиқ, шаффоф ва манфаатдор шахслар учун тушунарли бўлиши лозим. Маъмурий органлар маъмурий тартиб-таомиллар ҳақидаги ахборотдан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган усуллар орқали эркин фойдаланилишини таъминлаши шарт.

Манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги принципи - маъмурий иш юритиш давомида юзага келадиган, қонун ҳужжатларининг бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлари ва ноаниқликлари манфаатдор шахслар ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ушбу манфаатдор шахслар фойдасига талқин қилинади.

Бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги принципи
билан манфаатдор шахсларга мажбуриятлар орқали қийинчилик туғдириш, фақат расмий қоидалар ва талабларга риоя этилиши мақсадидагина уларга ҳуқуқлар беришни рад этиш ёки уларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш маъмурий органларга тақиқланади. Агар манфаатдор шахс виждонан ҳаракат қилган, ўз мажбуриятларини мазмунан бажарган бўлса ҳамда расмий қоидалар ва талабларнинг йўл қўйилган бузилишлари маъмурий ишни мазмунан тўғри ҳал қилишга тўсқинлик қилмаса, манфаатдор шахс томонидан расмий қоидалар ва талабларга риоя этилмаганлиги номувофиқ маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қила олмайди.

Мазмунан қамраб олиш принципи - маъмурий органлар манфаатдор шахсларга илгари ушбу шахслар томонидан бошқа ҳаракатлар доирасида бажарилган талабларни қўйишга ҳақли эмас. Агар маъмурий органга тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар маъносига кўра бошқа зарур ҳужжатлар мазмунини ўз ичига олса, ушбу ҳужжатлар қўшимча ёки алоҳида тарзда талаб қилиниши мумкин эмас. Агар амалга оширилган маъмурий тартиб-таомил маъносига кўра бошқа маъмурий тартиб-таомилларни ўз ичига олса, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда улар ҳам амалга оширилган деб ҳисобланади.

Маъмурий иш юритишнинг «бир дарча» орқали амалга оширилиши принципи - маъмурий органга маъмурий тартиб-таомилни амалга ошириш учун бошқа маъмурий органлардан ҳамда ўзга органлардан ҳужжатлар ва маълумотлар олиш талаб этилган ҳолларда, маъмурий иш юритиш «бир дарча» принципи бўйича амалга оширилиб, бунда маъмурий орган зарур ҳужжатлар ва маълумотларни мустақил равишда, манфаатдор шахсларнинг иштирокисиз, идоралараро ўзаро ҳамкорлик воситасида олади, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Тенг ҳуқуқлилик принципи - маъмурий органларга бир хилдаги ҳақиқий ҳолатларга эга маъмурий ишларни ҳал этишда тенг бўлмаган ёндашувни намоён этиш тақиқланади. Ҳақиқий ҳолатлари бўйича жиддий фарқланадиган маъмурий ишларни бир хил тарзда ҳал этишга йўл қўйилмайди. Маъмурий орган маъмурий ихтиёрийликни (дискрецион ваколатни) бир хил усулда амалга ошириши шарт. Ушбу қоида маъмурий ихтиёрийликни (дискрецион ваколатни) амалга ошириш билан боғлиқ бўлган, шаклланган маъмурий амалиёт ўзгартирилишини истисно этмайди.

Ишончнинг ҳимоя қилиниши принципи - виждонан ҳаракат қилувчи манфаатдор шахсларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончи қонун билан қўриқланади. Маъмурий органлар манфаатдор шахсларнинг юзага келган маъмурий амалиёт билан боғлиқ қонуний кутилган натижаларини ҳурмат қилиши шарт. Юзага келган маъмурий амалиётнинг ўзгартирилиши жамоат манфаатлари билан оқланган бўлиши, умумий хусусиятга эга ва барқарор бўлиши керак.

Маъмурий ихтиёрийликнинг (дискрецион ваколатнинг) қонунийлиги принципи
- маъмурий орган маъмурий ихтиёрийликни (дискрецион ваколатни) қонун ҳужжатларида белгиланган доирада амалга ошириши шарт. Маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) асосида қабул қилинган маъмурий ҳужжатлар ва амалга оширилган маъмурий ҳаракатлар ушбу ваколатнинг мақсадига мос келиши керак.

Текшириш принципи - маъмурий орган маъмурий ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириши шарт. Зарурат бўлганда, маъмурий орган манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган далиллар билан чекланмасдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз ташаббуси билан қўшимча далиллар йиғишга ҳақли.

Маъмурий иш юритиш муддатлари. Агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий орган мумкин қадар қисқа муддатларда, аммо ариза маъмурий органда рўйхатга олинган кундан эътиборан, маъмурий ҳужжат маъмурий орган ташаббуси билан қабул қилинадиган тақдирда эса, адресат маъмурий иш юритиш бошланганлиги тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган кундан эътиборан ўттиз иш кунидан кечиктирмай маъмурий ишни кўриб чиқади ва маъмурий ҳужжатни қабул қилади.

Маъмурий иш юритишни бошлаш учун асослар. Манфаатдор шахснинг аризаси (шикояти) ёки маъмурий органнинг ташаббуси маъмурий ишни бошлаш учун асос бўлади. Маъмурий иш юритиш ариза маъмурий органда рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан бошланган ҳисобланади. Агар маъмурий ишни бошлаш учун маъмурий органнинг ташаббуси асос бўлса, маъмурий иш юритиш адресат тегишли тарзда хабардор қилинган пайтдан эътиборан бошланган ҳисобланади.

Манфаатдор шахснинг аризасини тааллуқлилиги бўйича ваколатли маъмурий органга юбориш. Талаб қилинаётган маъмурий ҳужжатни қабул қилиш ўз ваколатига кирмайдиган маъмурий органга келиб тушган ариза қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмурий ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган маъмурий органга кўпи билан беш кунлик муддатда юборилади ва бу ҳақда аризачига хабар берилади.

Маъмурий ҳужжат бекор қилинган тақдирда ҳужжатлар, буюмлар ва пул маблағларини қайтариш. Маъмурий ҳужжат бекор қилинган тақдирда унинг асосида берилган ҳужжатлар, буюмлар ва пул маблағлари, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, уларга эгалик қилаётган шахслар томонидан қайтариб берилиши лозим.

Маъмурий шикоятни кўриб чиқиш муддати. Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, юқори турувчи маъмурий орган ёки бошқа ваколатли орган маъмурий шикоят бўйича ўттиз иш куни ичида қарор қабул қилиши шарт. Маъмурий шикоят бўйича белгиланган муддатда қарор қабул қилинмаган тақдирда, манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат, процессуал ҳужжат ёки маъмурий ҳаракат устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.

Эндиликда манфаатдор шахс виждонан ҳаракат қилган ўз мажбуриятларини мазмунан бажарган бўлса давлат органлари томонидан расмий қоидалар бажарилмади деган важ билан (масалан ариза белгиланган тартибда тўлдирилмаган ва х. к.) уларга ҳуқуқлар беришни рад этиш ёки чеклаш тақиқланади.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни «Халқ сўзи» нашрида эълон қилинган.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонунни имзолади