Инсоният ҳозирда атроф дунё ҳақида бир нечта тушунчада. Бу тушунчаларни “дунёқарашлар” – дейиш урф бўлган. Бошқаларнинг дунёқарашини қўйиб турамизда, ўзимизнинг – исломий дунёқарашнинг бир улуғ жиҳати ҳақида гапирамиз. Бу – инсон ёки жамият билан юз берадиган ҳодисаларга нисбатан муносабат. Даҳрий ва бошқа турфа дунёқарашлардан фарқли ўлароқ, Ислом дунёқараши ҳар бир юз берадиган ҳодисада ҳикмат, маъно борлигини уқтиради…
Охирги пайтда ўзбек миллати вакиллари билан боғлиқ ҳодисаларни кўплаб эшитаяпмиз. Шулардан бир тури – миллатдошларимизнинг у ер-бу ерда фалокатга учраётганлари ҳодисалари. “Нега бундай ҳолатлар айнан энди кўп содир бўлаяпти, ахир, ватандошларимиз аввал ҳам чет дунёга сафарлар қилишган, ўзга юртларга бориб ишлаб келишлар аввал ҳам бўлган-ку!” – деган саволга ҳеч бир соҳа мутахассиси мантиқий жавоб бера олмайди.
Тенденцияларнинг моддий сабабларини топишда мутлақ муваффақиятсизликка учраганда ўзгалар қўл силтаб қўя қолишади, “тушунмадим”, деб, елка қисиб қўйишади. Аммо, бизнинг бунга ҳақимиз йўқ – эътиқодимиз бундай ҳуқуқни бизга бермайди! Бундай ҳолда биз моддий эмас, маънавий сабабларни излаш мажбуриятидамиз.
Ўзбекистон мамлакатига умумий – юқоридан бир назар ташлаб, унинг имконияту-шароитларини жам қиладиган бўлсак, хулоса шу бўладики – бу заминда яшовчилар чет мамлакатларга бориб ишлашга муҳтож эмаслар аслида. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун чуқур таҳлил эмас, балки айнан “тепадан туриб” бир назар ташлаш лозим бўлади, холос. Мамлакатда бир неча миллион гектар сугориладиган ерлар бор ва… бир неча миллион ишсизлар бор. Ҳозиргача ерлар эски совет тузумидан қолиб кетган маъмурий-буйруқбозлик услубида истифода этиб келинди. Натижада миллионлаб қишлоқ ёшлари – ўша, меҳнат миграциясининг асосини ташкил этувчи қатламимиз – ерда ишлаб қишлоқ хўжалиги махсулотларини экспорт қилиб, ота-онаси, бола-чақасининг олдида меҳнат қилиш ўрнига чет элга кетишга мажбур бўлдилар. Хуллас, биз ҳозир қишлоқларимизни, қишлоқ хўжалиги соҳамизни ўзгача кўринишга келтиришимизга… маънан мажбуриятлимиз.
Маънавий мажбуриятдан ўзни олиб қочиш эса алоҳида шахс учун ҳам, жамият учун ҳам… жиноятдир. Маънавий жиноят локал ҳодиса эмас, балки маънавий оламга даҳлдор бўлганлиги боис, оқибатлари ҳам кўнгилсизроқ ва машъумроқдир.
Аввал узрли бўлган бўлсак, энди узримиз қолмади – ошкоралик муҳити ҳар бир жамият аъзосининг жавобгарлик миқёсини бениҳоя… бениҳоя орттириб юборади. Шунақа нарса бу – ошкоралик. Энди кўриб туриб кўрмасликка олишимиз, билиб туриб билмасликка олишимиз бизга қимматга тушиши мумкин.
Кеча қишлоқларда бус-бутун битта авлод ота тарбиясисиз катта бўлаётгани, хотинлар эрсиз қолганини кўриб муносабат билдиролмаган бўлсак, бугун бу ҳолат жамият ўлароқ биз учун гуноҳи азимдир. Отасиз ўсаётган авлод – шикаста авлоддир, инчунун миллатнинг келажаги ҳам шикастадир. Зурриёдни асрамаслик эса – жоҳилликнинг юқори кўрсатгичидир. Бизга бу энди ярашмайди.
Муҳаммад ШАКУР
Манба: mulohaza.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади