21:38 / 22.01.2018
6 219

Ўзбекистонда таълим тизими инқирозга юз тутган ёхуд нега ўзбек ёшлари Россияга йул олишмоқда?

Ўзбекистонда таълим тизими инқирозга юз тутган ёхуд нега ўзбек ёшлари Россияга йул олишмоқда?
Қозоғистондаги мудҳиш воқеа кўплаб ўзбекистонликларни қайғуга солибгина қўймай, саволлар беришга ундади. Нега, қандай, ким сабабчи, нима қилиш керак каби саволлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Йўлларнинг ёмонлиги, билетларнинг қимматлиги, автобуснинг носозлигидан тортиб, Ўзбекистондаги ишсизлик муаммосигача ёзилди. Менинг фикримча, фожианинг асосий сабаби жамиятда таълимга совуққонлик билан қаралиши, натижаси тизим буткул издан чиққанлигидир.

Биз собиқ иттифоқ даврида мактабда ўқиганмиз. Мен олтинчи синфгача рус синфида ўқиб, еттинчи синфда ўша мактабнинг энг илғор ўзбек синфига ўтганман. Рус синфида дарс қилиб, китоб ёдлаб, қўшимча вазифалар қилиб зўрға беш оладиган бола ўзбек синфида умуман дарс қилмасдан аълочи бўлиб қолдим. Нега? Чунки рус синфида олган билимим нафақат битта юқори синф учун, балки икки-уч юқори синф учун етарли экан. Синфда аълочи болаларни кўпчилик хуш кўрмас, нимагадир яхши ўқиш фақат қизларга хос деган тушунча мавжуд эди. Табиийки, маҳаллада ҳам шундай муносабат, ҳеч қайси тенгдошим мен олимпиадада ютиб чиқдим, робот яратдим ёки фалон китоб-газета-журналда мана бундай деб ёзилган экан деб мақтанмас эди. «Ўқиб олим бўлармидинг? Ана, фалончи бизнесмен олди-сотди билан шуғулланади, ўнта профессорнинг ойлигини бир ҳафтада топади» деган сўзларни ўзингиз ҳам эшитган бўлсангиз керак.

Нега 18 миллион яҳудийларнинг вакиллари жаҳон банк соҳаси, юқори технологиялари, медицина ва кўплаб соҳаларнинг илғори? Нега улар Нобел мукофотининг 201 тасини ёки жами мукофотларнинг 23 фоизини қўлга киритган? Жавоб оддий. Улар болаларини ёшлигидан бошлаб илм олишга, изланишга, фанларни ўрганишга ундашади. Япония, Жанубий Корея ва бошқа тез ривожланган мамлакатларнинг тарихига қарасангиз ҳам ривожланишининг энг асоий омили жамиятнинг таълимга муносабати, юқори сифатли таълим тизимини шакллантира олганлиги эканини кўрасиз.

Биз буюк аждодларимиз билан мағрурланамиз. Бу албатта яхши, лекин улар минг йил олдин яшаб ўтиб кетишди. Қачонгача тарихни эслаб, оҳ-воҳ қилиб яшаймиз? Балки ўз устимизда ишлармиз? Фарзандларимизга илмга чанқоқликни уқтирармиз? Кунига ҳеч бўлмаса битта янгилик ўрганармиз?

Ўзбекистоннинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлмиш ишсизлик ҳам бевосита таълимга боғлиқ. Масалан, мен компания очсам, менга 10 йилини далада ўтказган, компютерни ёқишни ҳам билмайдиган, икки оғиз сўзни тузук гапира олмайдиган ишчи керак эмас. Ўнта шундай ишчини олсам, эртага банкрот бўламан. Иш талаб қилишдан олдин «ўзим нимага қодирман, қайси соҳа бўйича мутахассисман, ўша компанияга қандай фойда келтира оламан?» деган саволларга жавоб топиш керак. Катта марраларга эришган дўстларимнинг аксарияти, ҳукумат аъзоси бўладими, халқаро ташкилот раҳбарими, Силикон водийсида ишлайдими, барчаси бунга билимга ташналиги, илмга интилиши ва ўз устида кўп ишлаши натижасида эришган.

Ўзбекистонда таълим тизими инқирозга юз тутган. Нечта оддий мактаб ўқувчиси жаҳон олимпиадаларида соврин олди? Қайси ўзбек олий ўқув юрти жаҳоннинг энг юқори мингталигига кирди? Нега боксчиларимиз олимпия чемпиони бўлаётган бир даврда ёшларимизнинг кўпчилиги икки оғиз гапни хатосиз ёза олмайди? Агар мактаб ўқитувчиси текин мардикор бўлиб, ўттиздан ортиқ ҳар хил ҳужжатларга кўмиб ташланган бўлса юқори сифатли таълимга қандай эришилади? У болаларга дарс берсинми, пахта терсинми, темир-терсак тўпласинми, кўча супуриб, дарахтларни оқласинми? Қолаверса, олган кичкинагина ойлигидан ҳам обуна-ю ҳар хил тадбирларга пул ушлаб қолинса?

Олий ўқув юртларини-ку гапирмаса ҳам бўлади. Домлаларнинг аксарияти сессия ва имтиҳонларда «ҳосил йиғиш» билан банд. Эртага ўша талабангиз фарзандларингиз ва невараларингизни даволайди-ку, шаҳар инфратузилмасига масьул бўлади-ку, банкдаги пулингизни вақтида олишга таъсир кўрсатади-ку...

Кунимиз яна чала дўхтирларга, чала домлаларга, чала иқтисодчиларга, чала инженерларга қоладими?

Хулоса қилиб айтмоқчиман, жамиятда таълимга муносабат ўзгармас экан, таълим тизимига талаб кучайиб, тизим тузалмас ва муаллимларнинг нуфузи оширилмас экан, миллионлаб ёшларимиз чет давлатларга арзон ишчи бўлиб кетаверади.
Улуғбек Қосимхўжаев
АҚШ

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда таълим тизими инқирозга юз тутган ёхуд нега ўзбек ёшлари Россияга йул олишмоқда?