Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан юртимизда турли ислоҳотлар рўй бермоқда. Хусусан, сўнгги пайтларда матбуотимизда эркинлик ҳавоси уф уриб келяпти. Қўшимчасига, ажиб замонларни бошдан кечиряпмиз. Мисол учун, бундан бир неча йил аввал хоин ва “ватанфуруш” деб ном олган бир қанча собиқ маҳбуслар озодликка чиқарилган бўлса, аксинча — яқин вақтгача “юртимиз халоскорлари” дея эътироф этилиб келинган бир қанча иккиюзламачи “каламушлар” эса, бир қисми ишдан олинди, бошқалари ҳибсда.
Бугунги сайтимиз меҳмони — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, собиқ депутат Жаҳонгир Муҳаммад. Очиғини айтадиган бўлсак, журналистнинг Фейсбукда ёзиб қолдирган мана шу кичик пости бизни шу суҳбатни уюштиришга ундади:
«- Бизда ошкоралик!
— Бизда уйғониш!
— Бизда ана унақа,
— Бизда мана бунақа! — деб ёзади баъзи журналистлар.
«Камтарлик» қилиб: «Ака ундай бўлса, каминадан ҳам бир суҳбат олинг, ҳар қандай саволингизга очиқ, «устамаси» билан жавоб қиламан, «қалам ҳақи» керак эмас», дейман.
— Жоним билан! Сиздан суҳбат олиш орзуим!
— Саволларни тузишга киришдим!
Бла-бла-бла!
Қолгани гулдур гуп, пилдир пис! Клок-клок! Блок!»
Зеро, биз — fayzbog.uz сайти юртимизда сўз эркинлиги мавжудлигини амалда исботлаб келаяпмиз ва буни таниқли кишиларга ҳам уқтиришда давом этишимиз лозим.
Бутун қалбимиз, юрагимиз, хаёлимиз Ўзбекистонда. (Жаҳонгир Муҳаммад)
— Авваламбор, ассалому алайкум, Жаҳонгир ака! Суҳбатга рози бўлганлигингиз учун таҳририятимиз номидан ташаккур билдирамиз!
— Саволларингизга жавоб беришдан камина ҳам мамнуният ҳис қилмоқда. Чунки сизлар бугуннинг овозисизлар. Бугуннинг овозини эшитиш орзуимиз.
— Биринчи савол: нимага Фейсбук аккаунтингиз «Жаҳонгир Муҳаммад ЎЗБЕКИСТОНДА» деб номланади?
— Биласизми, бутун қалбимиз, юрагимиз, хаёлимиз Ўзбекистонда. Бир кун фейсбукда тузатиш қилаётган эдим, ўз номимдан сўнг Ўзбекистон деб ёзиб юборибман. Кейин тузатаман, десам Фейсбук, олти ойдан сўнг тузатишингиз мумкин, деди. Шу зайл Ўзбекистонга «бориб қолдим».
— Жаҳонгир ака, сизни катта ёшли ўқувчиларимиз 90-йилларда эфига узатилган “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатуви ҳамда парламентдаги кескин баҳсларингиз орқали билишади. Суҳбатимиз бошида ўзингиз ҳақингизда ва журналистикага кириб келишингиз тўғрисида сўзлаб берсангиз.
— Журналистикага жуда ёш кириб келганман. Ҳали мактабда ўқиб юрган кезларим туман ва вилоят газеталарида мақолаларим чиққан. 1973-1979 йилларда Тошкент Давлат университети журналистика куллиётида ўқидим. Меҳнат фаолиятимни 1973 йилда “Тошкент ҳақиқати” газетасида корректорликдан бошлаганман.
1974-1979 йилларда республика “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида масъул котиб ўринбосари лавозимида ишладим. 1979-1981 йилларда Ўзбекистон радиосининг қишлоқ хўжалик бўлимида редактор лавозимида ишлаш билан бирга қишлоқ хўжалик ва қишлоқ маданияти муаммоларига бағишланган махсус “Табаррук замин” дастурига муҳаррирлик қилганман. 1982-1985 йилларда Самарқанд вилояти “Ленин йўли” (“Зарафшон”) газетасининг Қишлоқ хўжалиги” ва “Партия турмуши” бўлимларини бошқарганман.
1985-1990 йилларда “Совет Ўзбекистони” (“Ўзбекистон овози”) газетасининг Самарқанд вилояти бўйича махсус мухбири бўлиб фаолият кўрсатдим. Айни пайтда “Муштум” журнали ва “Қишлоқ ҳақиқати” газеталарининг жамоатчи мухбири бўлганман. Шу йилларда мингдан зиёд фелъетонлар, танқидий ва таҳлилий мақолаларимни эълон қилдим. Баъзи асарларим “Ёшлик” алманахи ва “Беғубор тонг”, “Самарқандни титратган 525 кун” китобларида нашр этилди.
Қайта қуриш йилларида ошкоралик муаммолари ҳақида ёзилган “Қуръон ва Қурол”, “Ёнаётган аёл”, “Ёпиқ эшикнинг очилиши” каби туркум таҳлилий очеркларим билан Ўзбекистон ҳамда Иттифоқ Журналистлар уюшмаларида биринчи ўринни эгалладим. 1990 йилда 35 ёшимда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони берилган.
— Қайта қуриш йилларида Ёзувчилар уюшмаси ошкоралик минбарига айланган эди. Нима деб ўйлайсиз, ҳозирги ёзувчилар уюшмаси нега жимлик режимини сақлаб келмоқда?
— Қайта қуриш йиллари ошкоралик теппадан талаб қилинганди. Ўзбекистон Компартиясининг қаршилигига қарамасдан Москва ошкоралиги бизга ҳам кириб келди. Совет Иттифоқи бўйлаб бошланган ошкоралик бизда ҳам акс-садо берганди. Ёзувчилар уюшмаси икки бўлиниб кетганди, ҳатто. Бугун ҳам улар тепадан топшириқ бўлишни кутишаётган бўлишлари мумкин.
— Ҳозир ошкоралик даври келмаганми?
— Ошкоралик учқунлари келди. Лекин кўпчилик яна ортга қайтиш бўлиб қолмасмикан, деб чўчиб, ташаббус кўрсатмаяпти. Буни кўпроқ «эски»ларда кўриш мумкин. Ёшлар эса ҳали уйғониш палласида. Улар тезроқ ўзларини тутиб олиб, учқунни халқнинг йўлини ёритадиган нурга айлантиришлари керак.
Ҳар қандай одим қонун доирасида бўлган мамлакатда ривожланиш бўлади. Камина биринчи кунданоқ янги президентга бу парламентни тарқатиб юбориш кераклигини таклиф қилган. Эркин сайловлардагина янги президентга ёрдам берадиган кучли шахслар ҳокимиятга кириб келадилар. (Жаҳонгир Муҳаммад)
— Шу кунларда Миллий хавфсизлик хизматини парламент назорат қилиши механизмлари қонунларда белгиланди. Мустақиллик бошларида сафдошларингиз бу хизматни якка президент назорат этиши президентни тийиқсиз кучга айлантиришидан бонг урган эдилар. Йиллар бу хавотирингиз бир қадар ўринли эканлигини кўрсатди. Шу хусусда бошқа давлатлар тажрибасига назар солсак, хавфсизлик хизмати, асосан, шошилинч, кечиктириб бўлмас ишлар билан шуғулланишини кўрамиз. Шошилинч ҳолатда эса кўпчилик эмас, бир кишининг иродаси асосида иш кўргани маъқулроқ эмасми? Умуман, қайси мамлакатларда хавфсизлик хизматлари парламентга бўйсундирилган?
— Демократик давлатларда парламент хавфсизлик хизматларини ҳам назорат қилади. Уларнинг раҳбарларини тасдиқлайди, ҳисоботларини эшитади ва ҳоказо. Эсингизда бўлса, 1991 йил августида Москвада давлат тўнтариши (ГКЧП) юз берди. КГБ бу “ҳунар”нинг бош қаҳрамони бўлиб чиқди.
Бир қатор жумҳуриятларда то бу ташкилот ҳақида маҳаллий қонун қабул қилингунига қадар КГБ парламент назорати остига олинди. Фаол депутатлар бизда ҳам шундай қилишни муҳокама этиб, масалани сессияга олиб чиқишга қарор қилдик ва сессиядан уч кун олдин — 1991 йил 26 сентябрда Ўзбекистон КГБсини тарқатиб, МХХни тузиш борасида фармон эълон қилинди. КГБ-МХХ ҳақида қонун қабул қилиш шу зайл кун тартибидан чиқариб ташланди. МХХ қонундан ташқари ташкилот эди. Мана энди у ҳақда қонун қабул қилинмоқчи. Миллий хавфсизлик хизмати ҳам халқини ҳимоя қиладиган ташкилотга айланиши керак. Зулм қиладиган эмас.
— Дейлик, мамлакатда бирор қўпорувчи куч ёки чет эллик наркобарон мавжудлиги аниқланди. Бундай ҳолатда парламентни йиғиб хавфсизлик хизматларини координация қилиш ишни кечиктириб юбормайдими?
— Парламент назорат қилади, дегани унинг тепасида парламент ўтиради, дегани эмас. Фавқулодда ҳолатларда президентнинг топшириғи билан ишлаши, аммо парламент ҳисоб эшитиб туриши лозим. Қонунда қайси ҳолатларда президент ёки бош вазир аралашиши белгилаб қўйилади.
— Шу ерда мантиқий бир савол туғилади-да: кечирасиз-у, бугунги параментимиз МХХ устидан назорат қилиш кучига эгами?
— Ҳар қандай одим қонун доирасида бўлган мамлакатда ривожланиш бўлади. Гап бугунги парламент ҳақида эмас, келажак ҳақида. Камина биринчи кунданоқ янги президентга бу парламентни тарқатиб юбориш кераклигини таклиф қилган. Эркин сайловлардагина янги президентга ёрдам берадиган кучли шахслар ҳокимиятга кириб келадилар.
Бугунги ҳолатдан келиб чиқадиган бўлсак, асосий масала ИШ, ИШ ва ҲАҚ. Бу масала йўлга қўйилгандан кейин мафкура ҳақида гаплашсак бўлади. Оч қоринга қуруқ гап ёқмайди, дейишадику! (Жаҳонгир Муҳаммад)
— Мамлакатимиз фуқаролари ҳозир турли идеология ва қадриятлар қаршисида депсиниб турибди. Уларнинг энг асосийлари: миллий туркийлик ғояси, умматчилик ғояси, ғарбга мос демократия, шунингдек, собиқ шўрочилик дунёқараши ҳам кўпчиликнинг онгида сақланиб қолганини эътироф этиш жоиз. Сизнингча, бу ғояларнинг қай бири устун? Ўз миллий ғоямиз қандай унсурлардан таркиб топмоғи лозим?
— Бугунги ҳолатдан келиб чиқадиган бўлсак, асосий масала ИШ, ИШ ва ҲАҚ. Бу масала йўлга қўйилгандан кейин мафкура ҳақида гаплашсак бўлади. Оч қоринга қуруқ гап ёқмайди, дейишадику!
Олдинги президент ҳақида ҳар турли гаплар тарқалган пайтда камина Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистонни бошқара оладиган ягона лидер деганимда қаттиқ танқидларга учрагандим. Ўз сафдошларим (эркинлик тарафдорлари) ҳатто «хоин» ҳам дейшганди. Бугун улар мақтовга ўтиб кетишди… (Жаҳонгир Муҳаммад)
— Фуқаролик жамиятини барпо этиш, одамлар онгида ўзгариш ясаш учун ишни нимадан бошлаш лозим?
— Фуқаролик жамиятининг фундаменти эркин матбуот!
Агар президент эркин матбуотни ҳимоя қилишга кафиллик берса ва буни амалда кўрсатса, уни фақат ва фақат олқишлаш керак. Бу фуқаролик жамиятининг эшикларини очиш бўлади.
— Бугун матбуотимиз, хусусан электрон ОАВ анча жонланган. Улар ҳокимларни, вазирларни дадил назорат ва танқид қилишмоқда. Бу ҳолат сизни қониқтирадими?
— Албатта жонланиш бор. Ёзма матбуотга нисбатан интернет нашрлари фаолроқ. Аммо камина учун бу етарли эмас. Олдинги президент ҳақида ҳар турли гаплар тарқалган пайтда камина Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистонни бошқара оладиган ягона лидер деганимда қаттиқ танқидларга учрагандим. Ўз сафдошларим (эркинлик тарафдорлари) ҳатто «хоин» ҳам дейишганди. Бугун улар мақтовга ўтиб кетишди, аммо камина камчиликларни кўрсам, танқид ҳам қилиб турибман. Ўша кезда эркинликни қадамба-қадам бошлаш керак. Акс тақдирда Ўзбекистонда вазият ёмонлашади, деган эдим. Шунга кўра бугунга қaдар сабр қилдим.
Депутат бу — халқ хизматкори, дегани. Кимки ўзини эмас, халқини ўйлайдиган бўлса , депутатлик ташвишини елкасига олиши керак. (Жаҳонгир Муҳаммад)
— Олдинги ва ҳозирги парламентни таққослаб бера оласизми? Олдинлари депутат деганда одам кимни тушунарди? Умуман, депутат нима иш билан шуғулланарди ўшанда? Ҳозирги вазият қандай?
— Бунга қисқа жавоб қиламан. Камина сайланганда битта округдан тўртта номзод қўйилганди. Катта баҳслар ва тортишувлар билан ғалаба қозонганмиз. Ҳатто Компартия номзоди овоз ололмай қолган. Шундай депутатлар оз бўлса-да, бошқаларни силкитишга уринганмиз. Бугун ҳам эркин сайловлар ўтказилса, ўша кунлардагидан ҳам кучлироқ парламент ўртага чиқиши мумкин.
Депутат бу — халқ хизматкори, дегани. Кимки ўзини эмас, халқини ўйлайдиган бўлса , депутатлик ташвишини елкасига олиши керак.
— Бугун ўта долзарб мавзу ҳақида ҳам фикр алмашсак. Ҳозирда Ақтўбедаги фожиадан сўнг бутун Ўзбекистон халқи оёққа турди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Хусусан, ижтимоий тармоқларда одамлардан турли фикрлар янграмоқда. Кимдир таълим муассасасини айблаяпти, кимдир ишсизлик ҳолатини, айримлар ҳаммасига «Ўзбекистон ҳаво йўллари»ни айбдор қилаётган бўлишса, бошқалар халқнинг ўзи ёппасига чет элга ишлаш учун чиқиб кетишаётганликларини танқид қилишяпти. Хўш, бу борада Жаҳонгир Муҳаммаднинг фикри қандай?
— Биласизми, яқинда автобус фожеасини эшитиб негадир шок бўлмадим. Юрагимни босиб турган тош бир айланиб, эзиб қўйгандек бўлди. Худди шундай бўлишини олдиндан билгандек ҳис қилдим ўзимни. Қандайдир гуноҳкорлик сездим ўзимда. Чунки бу фожеа фақат кўлами, сони билан олдингиларидан каттароқ эди.
Ваҳоланки, ўтган 20-25 йил ичида сон-саноқсиз инсонлар тириклайин ёниб кетишди. Россиянинг бозорларида, темир йўлларида, автобусларда, микроавтобусларда, панжарали уйларда, газбалонли кулбаларда…
Биз ҳайқирдик, аммо биров эшитмади. Аксинча, уларни “дангасалар” деб камситишди. Худди бугун Фарғона ҳокими камситаётгани каби.
Аммо, шукрки, бугун ҳайқириқ баландроқ. Ўзбекистон раҳбарининг очиқ қараши ҳам бошқачароқ. Лекин барибир юрагимдаги тегирмон тоши айланиб турибди. Бу охирги эмас, деб юрагимни эзғилаётганга ўхшайди. Чунки мамлакат мотам тутмади. Мамлакат ҳали бу фожеани ўз танида ҳис қилган эмас. Шунинг учун тириклайин жизғанак бўлиб ёнганларни камситиш сезилмоқда, шунинг учун ҳам нон қидириб кетмоқчи бўлганларни кўчаларда тутиб қолишмоқчи… Бу чора эмас. Унга иш топиб беринг, яхши ҳақ тўланг, ҳеч қаерга кетмайди. Шунинг учун ҳам бугуннинг шиори ва амали битта бўлиш керак: Иш, иш ва ҳақ!
Ичи қуриган дарахтнинг қуриган шохларини кесишга вақт сарфламаслик керак. Кучни янги кўчат экишга сарфлаш керак. Тезроқ ҳосил беради. (Жаҳонгир Муҳаммад)
— Президентимиз хорижлик инвесторларни жалб қилиш ишларини амалга оширишга ҳаракат қилаяпти. Ли Куан Ю ҳам бир вақтлар нолдан бошлаган эди. Сингапур давлат арбоби ўша дамларни ёдга олар экан, инвесторларни мамлакатга жалб қилиш учун қандай тиришганлигини, порахўрликка қарши аёвсиз жанг олиб борганини ва мамлакатга кирган ҳар бир инвесторни ҳурмат-эҳтиром ила кутиб олганини, уларга барча шарт-шароит яратиб берганини ҳикоя қилган. Сизнингча, Шавкат Мирзиёев хорижий инвесторларни юртимизга жалб қилиши учун аввало нималарга эътибор қаратиши, қайси соҳаларни ислоҳ қилиши даркор?
— Биринчи галда, хориждаги ўзбеклар учун тўсиқларни олиб ташлаш керак. Уларга ҳали йўл очилган эмас. Сарсон-саргардон бўлаётганлар сон мингта. Иккинчи галда, хорижий сармоядор ва сармоялар хафсизлигини кафолатлаш зарур. Бунинг учун мамлакатда люстрация ўтказиш ва коррупциянинг илдизига болта уриш керак.
— Шавкат Мирзиёев буларнинг барчасига 5 йиллик стратегик режани тайёрлади. Нима деб ўйлайсиз, олдимизда жуда мушкул вазифа турганини инобатга оладиган бўлсак, бугунги суръат билан 4 йил (бир йили ўтиб бўлди) бизга етарлими?
— Етарли. Ҳатто кўп ҳам. Бир жамиятда қайта қуришни жадал йўлга қўйиш учун 1-2 йил вақт керак, деб ўйлайман.
— Аммо, Ли Куан Ю анча тер тўкишга мажбур бўлган.
— Бизда ўз тажрибамиз бор. Ошкоралик йиллари. Қолаверса, ичи қуриган дарахтнинг қуриган шохларини кесишга вақт сарфламаслик керак. Кучни янги кўчат экишга сарфлаш керак. Тезроқ ҳосил беради. Бугун жуда кўп бесамар соҳаларга пул кетади. Эски сиёсат натижаси бу. Тўхтатиб барини иш жойи яратиш ва ҳақ тўлашга йўналтириш лозим.
— Тушунаман, иқтисодчи эмассиз, лекин ҳар ҳолда кўпни кўрган, собиқ депутатсиз. Саволим қуйидагича: Қозоғистон ва Россия нефть орқали, Туркия асосан туризм орқали иқтисодиётни кўтаришга эришган. Ўзбекистоннинг қандай салоҳияти бор ва нималардан фойдаланиш зарур, деб ҳисоблайсиз?
— Ўзбекистоннинг ери олтиндан қиммат. Эркин деҳқончилик қилишга, агросаноатни ривожлантиршга эътибор қилиш керак. Мева — доллар. Қуруқ мева -олтин! Бу биринчидан. Иккинчидан, маҳаллий саноатни кўтариш керак. Жуда кичик савол бераман: бугун ўзбекистонликларнинг болалари ва неваралари неча миллион долларлик ўйинчоқлар ва кийим-кечак сотиб оладилар? Учинчидан, халққа ишониш керак. Ҳукуматни кескин қисқартириб, халқ бошқарувига ўтиш керак. Ва ниҳоят, интернет технологияси. Бу туризмдан ҳам кўп даромад олиб келади.
— Жаҳон ҳамжамияти, жумладан АҚШ ҳам бугунги кунда Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларидан ҳайратларини яшириб ўтиришмаяпти. Ростдан, кўпчилик кутмаганди-да… Сиз бугунги Президентимизга қандай баҳо қўярдингиз?
— Ҳали баҳо қўйиш эрта, деб ҳисоблайман. АҚШ ҳам, бутун дунё ҳам умид қилмоқда. Биз ҳам, халқимиз ҳам умид қилмоқда. Ҳатто ишонмаганлар ҳам ўзларини умидвор қилиб кўрсатишмоқда. Демак, жуда гўзал шароит бор ислоҳотлар учун. Шавкат Мирзиёевга омад тилайман. Халқимизга ҳам.
— Оилавий савол: фарзандларингиз орасида сизнинг йўлингизни давом эттирганлар борми?
— Қизларимдан бири журналистикани битирди. Инглиз тилида ёзиб ҳам туради. Аммо компьютер тасвири йўлидан кетди. У ҳам ижод. Гўзал суратлар чизади, компютерда.
— Ўн йилдан сўнг мамлакатимиз қандай қиёфада бўлади, деб ўйлайсиз?
— Ўн йилдан кейин Ўзбекистон дунёнинг кучли давлатларидан бири бўлишини жуда орзу қиламан. Бунинг учун имкониятлари етаридан ҳам зиёд. Меҳнаткаш, меҳнатдан қочмайдиган, ўз нонини қидириб топадиган камсуқум халқимиз бор. Уни камситмай, ҳақоратламай, меҳнатига етарли ҳақ берсангиз, бас, бу халқ билан Ўзбекистонни гуллатиб юбориш мумкин.
— Шу ерда якун ясаб қоламиз. Суҳбат учун ташаккур, Жаҳонгир ака. Умид қиламизки, кейинги сафар интервьюни биргаликда Ўзбекистондан туриб уюштирамиз!
— Сизларга ҳам раҳмат! Саломат бўлинглар!
Суҳбатни Темур Малик ва Шукуржон Исломов уюштирди
Манба: fayzbog.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда