Яқинда вилоятларимизнинг бирида жойлашган кичкина шаҳарчадаги ҳар жиҳатдан фаол, жиноятларсиз, оилавий ажралишларсиз ҳаётга интилаётган фаол бир маҳаллада ёшгина келинчакнинг эрини жаҳллантирган, “Бу аёл билан энди яшамайман” деган қарорга келтирган қилмиши таҳлил қилинди. Бу воқеада жуда кўп эр-хотинлар ўйлаб кўрса бўладиган нуқталар бўлгани учун ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилишни лозим топдик.
Йигитнинг ҳикояси
Мен ота-онамнинг танлови билан қўшни қишлоқдан улар яхши танийдиган бир оила қизига уйландим. Ўша пайтда қизларга кўпроқ кўз билан баҳо берадиган даврим экан: қадди-басти ҳам, ранги рўйи ҳам келишгангина, ёқимтой бўлгани учун ота-онамга: “Бўлади!” деб юбордим.
Онамнинг: “Мактабда “аъло”га ўқиган экан. Бир йил ўқишга ҳаракат ҳам қилиб кўрибди. Лекин озгина бали етмай кира олмабди. Отаси “Бир йилгина ҳаракатингга рухсат бераман. Агар эплай олмасанг, узатиб юбораман”, деган экан. Эсли-ҳушли қизга ўхшайди, ўқийман, деган қиз ёмон бўлмайди. Ота-онаси яхши одамлар”, – деган гаплари қароримни мустаҳкамлади.
Тўй ўтгач, китоб ўқиш хотинимнинг жону тани эканини билдим. Бунинг устига, нималардир ёзар экан…
Биз деҳқончилик қиламиз. Техника, суғориш, ҳисобчилик – ҳаммаси гарданимда, катта рўзғормиз. Дастлабки йили Гуласалнинг бўйида бўлмади. “Ўқишга рухсат беринг, яна бир ҳаракат қилиб кўрай”, деб роса ялинди. “Оилали аёлга ўқишни ким қўйибди? Бунинг устига, далани эплай олмаганингга онамнинг ўзи чиқиб юрибди. Уялмайсанми, қозон-товоқни эплаяпсан, лекин келин уйда қолиб, қайнана далага кетса, ҳамма гапиради-ку?” – дедим.
Шу-шу далага чиқиб кетди. кўпинча йиғласа керак, кўзлари қизариб келарди. “Ўрганиб кетади, бир куни осмондан тушади”, дедим. Ҳақиқатдан ҳам ҳомиладор бўлгач, қизалоқ дунёга келгач, даланинг ишини бўйнига олгандек бўлди. Ўзи тузук-қуруқ гаплашмас ҳам эдик, мен ишдан чарчаб келаман, Гуласалга ҳам осон эмас. Шундай кунларнинг бирида хотинимнинг “Телеграм”да телефон орқали ким биландир ёзишаётганини пайқаб қолдим. Гуласал вақт топди, дегунча телефонга ёпишарди. Бир кун телефонини қўлидан тортиб олиб текширдим. У бир йигит билан шеър ёзишиб юрган экан. Рости, ўзи аҳамият беришга арзимайдиган нарса: бирорта шубҳали, ҳамиятга тегадиган гап йўқ. Суҳавасибатдоши аёл киши бўлса, “Шу билан кўнглини хушласа, хушласин”, деб кетаверар эдим. Лекин у эркак киши-ку… Охири бир кун кўнгли бузилса-чи?
Негадир хотинимга қарагим келмай қолди. Юз-кўзларида ўша эркакнинг изи бордек. Яхшиси, ажрашаман. Қизимга ёрдам бериб тураман. Эҳтимол, бу қарорим Гуласалнинг ўзи учун ҳам яхшидир…
Гуласалнинг ҳикояси
Етти-саккиз ёшларимдан шеър, кичик ҳикоячалар ёзаман. Ёзганларим бир пайтлар газеталарда ҳам чоп этилган.
Хато энг аввало ўзимдан ўтди. Мен отамнинг оёғига ўзимни ташлаб, ялиниб-ёлвориб бўлса-да, турмушга чиқишга рози бўлмаслигим керак эди. Такрор-такрор топшириб бўлса-да, институтга киришим керак эди. Аммо отам билан тортишиб ўтирмадим, кексайган одамларнинг рози-ризолигини олай, дедим.
Эрим Иброҳим ака ёмон одам эмас, меҳнаткаш, “уйим-жойим” дейдиганлардан. Эҳтимол, мендан бошқа одам бўлса, яхши эр-хотин бўлиб яшаб кетишарди. Лекин менга қизиқ ҳаёт уларга қизиқ эмас, у киши учун қизиқ ҳаёт менга тушунарсиз. Мен қаттиқ нон билан сув ичсам ҳам, булбулнинг қанотидек бўлса-да, бир китобча чиқаришни, ёзганларимни ҳеч бўлмаса, катта бўлганида болаларим ўқишини орзу қиламан. Эримга бу ҳақда сўз очсам: “Неча сўм сарфлаб чиқарасан? Қанча фойда кўрасан?” – деб сўради. Ўша куни хуноб бўлиб йиғладим.
Шеърларимни интернетга қўярдим, озми-кўпми, мухлисларим бор эди. Шоаббос ака (эримнинг ғазабига сабаб бўлган йигит) шеърни теран тушунади. Маслаҳатини аямайди, китоб чиқаришимга ҳам ёрдам бермоқчи. Ахир ўзим севган мавзуда эрим билан гаплаша олмасам, бир куни эзилиб сил бўламан-ку?.. Шу озгина кўнгил ҳаловатига етганим учун дарров мен гуноҳкор бўлиб қолдимми? Дарров “суюқ оёқ” деган тавқи лаънатга сазовор бўлдимми? Шу инсофданми?..
Ҳикоялардан сўнг
Ҳар иккисини ҳам оқламайман
Аёл киши турмушга чиққач, фақат ўзининг эмас, эри, фарзандлари, яъни оиласининг ҳам шаънини ўйлаши керак. Гуласални оқламайман. Лекин Иброҳимжоннинг қарори ҳам тўғри эмас. Бу муаммони ажрашиш билан ҳал қилиб бўлмайди. Чунки у хотинини шу воқеа туфайли ташлаб кетса, “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур?”га ўхшаган гаплар кўпайиб кетади. Ўртада ўсиб келаётган қиз бор. Унга “Онаси фалон экан” деган тавқи лаънат мерос бўлиб қолмаслигига ким кафолат беради?
Оилали одамлар битта қадам қўйишдан аввал икки, уч марта ўйлашлари керак. Назаримда, Иброҳимжон мард бўлиб ўзини қўлга олиши, хотинининг кўнглига йўл топиши керак.
Мавлуда ҚОСИМОВА, маҳалла фаоли.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»