date

Самарқандда икки мактаб қизи жанжал устида муштлашди

Самарқандда икки мактаб қизи жанжал устида муштлашди

Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги 41-умумтаълим мактабининг 9-синфда ўқийдиган икки қизнинг жанжали интернетда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ўқувчи қизлар орасидаги муштлашув акс этган бўлиб, бу ҳолат жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси воқеага изоҳ берди. Маълум бўлишича, 9-“А” синф ўқувчиси Ф.Ф. ва 9-“Б” синф ўқувчиси Р.Г. аввалроқ кечқурун уй телефон орқали тортишиб қолган. Шундан сўнг, 14-октябрь куни соат 14:20 ларда улар “Қоратепа” маҳалласидаги Сарбозор кўчасида ўзаро жанжаллашган.

Воқеа пайтида уларнинг синфдошлари ҳам яқинида бўлган ва айримлари бу ҳолатни телефон орқали видеога олишган. Кадрлар тарқалиши билан мазкур воқеа жамоатчилик ва ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинди.

Таълим бошқармаси маълумот беришича, жанжалдан сўнг мактаб маъмурияти ва туман ИИБ масъуллари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари билан суҳбатлар олиб борилган. Ҳодисада иштирок этган барча 12 нафар ўқувчининг ота-онасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига асосан (болаларни тарбиялаш ва таълим беришдаги мажбуриятни бажармаслик) баённома расмийлаштирилган.

Тегишли идоралар таъкидлашича, бу ҳолат такрорланмаслиги учун мактаб ва маҳалла миқёсида профилактик ишлар кучайтирилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда икки мактаб қизи жанжал устида муштлашди