22:30 / 09.03.2018
5 572

Ўзбекка тепадан буйруқ келиши керак!

Ўзбекка тепадан буйруқ келиши керак!
90-йиллардаги ўзбек тўйи. Карикатура.
Фото: «Erkak.uz»

Ёши катта инсонларнинг айтишларича, 1950—1960-йилларда республикамизнинг кўп жойларида бўлгани каби туманимиз қишлоқларида ҳам инсонларнинг уйларида ҳожатхона бўлмаган экан. Ўша пайтдаги ҳоким мажлисларда маҳалла раисларига «Одамларга айтинглар, кап-катта одамлар ҳожатларини очиқ жойларда қилиб юрмасинлар. Уят булади. Бу ўзбекларга ярашмайди» деб айтибди.

Одамлар эса бунга парво ҳам қилишмабди. Шунда туман ҳокими «Кимнинг уйида ҳожатхонаси бўлмаса, унга қарши фалон-фалон чоралар кўрилади» деб огоҳлантирибди-да, кейин шахсан ўзи хонадонларга бирма-бир кириб текширув ўтказа бошлабди. Қарабсизки, орадан кўп вақт ўтмасдан тумандаги барча хонадонлар ўзларига ҳожатхона қуриб олишибди. Туманимиз қишлоқларига ҳожатхоналарнинг «кириб келиши» мана шундай юз берган экан...

Чет эллик бир гуруҳ туристлар билан Бухорога саёҳатга бордик. Шаҳар обидаларининг гўзаллигини, инсонларининг меҳмондўстлигини таърифлаш шарт эмас. Табиийки, туристларимиз хурсандчиликдан осмонларда учиб юрар эди. Саёҳат давомида туристларимиз программага киритилмаган бобокалонимиз Абу Али ибн Синонинг туғилган қишлоғи Афшонани кўрсак бўладими деб қолишди. Бажонидил рози бўлдик, лекин ўзи шундоқ ҳам кам қолган вақтимизни янада тежашга тўғри келди. Шундан кейин Арк саёҳатидан чиқиб, Навоийга йўл оладиган бўлдик.

Аркни томоша қилгач, меҳмонхонага боришга вақтимиз бўлмагани сабабли туристлар Арк биносида ҳожатхонага киришга рухсат сўрадилар. Уларни ҳожатхонага олиб бордиму, унинг аҳволини кўриб, ҳайратдан қотиб қолдим. Кўпчилик гап нимадалигини тушуниб бўлди деб ўйлайман. «Бошқа ҳожатхона йўқми?» десам, шу ердаги масъуллар «Шаҳар маъмуриятига неча марта айтдик, лекин улар муаммони ҳал қилай демайди» деб нолишди. Туристларимизнинг ярми ҳожатхонанинг ҳидига чидай олмай тўғри автобусга қараб йўл олдилар. Қолган ярми эса бурунларини ёпиб у ерга кириб чиқдилар-да, «Бухоро саёҳати бу тариқа тугаётгани яхши бўлмади» дедилар. Улар кетгач, ҳожатхонага қаровчи киши менга «Ҳожатхона пулли эди. Буларнинг хафалигини кўриб, пул сўрашга хижолат бўлаяпман» деди...

Яширмайман, ёшлигимда «уйлансам тўйимни фалондай ва фалондай қилиб ўтказаман. Тўйимда фалончилар хизмат қилади ва ҳоказо...» деб орзу қилганман. Тўй маҳали орзуларимни шароитга мослаштиришга тўғри келган бўлса ҳам тўйимизнинг дабдабаси-ю даҳмазасига кетказган харажатларимиз кам бўлгани йўқ. Орадан йиллар ўтиб энди «бизга шунча дабдаба керакмиди?» деб ўйлаб қоламан. Жавоби: албатта керак эмас эди. Лекин шуларни қилмасак бўлмасди. Нима учун?

Нима учунлиги ижтимоий таҳлилда аён бўлади. Бизнинг жамиятимизнинг фаолияти ҳинду қабилаларидагига ўхшаб «олди-берди», «кўз-кўз» ва «салом-алик»лар асосига қурилган. Ўзгаларнинг тўйларида нон-туз едикми, ўзгалар ҳам бизнинг тўйларимизда нон-туз ейиши керак. Биз уларнинг тўйларида ҳадя бердикми, улар ҳам бизнинг тўйимизда ҳадяни қайтаришлари керак. Улар ўз тўйларида «кўз-кўз» қилиб лимузин олиб келдиларми, биз ҳам улардан ўтказиб тўйимизга лимузинлар карвонини олиб келишимиз шарт. Бизнинг бошқалардан зўрлигимиз эмас, балки ўзгалар бизни «зўр экан» деб ўйлашлари муҳим. Тўй одамларга ўзимизнинг таниш-билишларимиз қанчалик кўплигини кўрсатиб қўйиш имкониятидир. Тўйимизга прокурор, шаҳар ҳокими, вазирликда ишлайдиган фалончи инсонлар келса, одамлар биз билан ўйлаб муомала қиладиган бўлади деб ишонамиз. Прокурор бизни шахсан таниши ҳам шарт эмас. Бировларга қўшилиб тўйимизга келиб, бир пиёла чой ичиб кетса бўлди.

Мана шу «кимошди» урф-одат туфайли пойтахтимизда битта тўйга бир эмас, бир нечта артист келадиган бўлди. Ҳозир Ўзбекистонда 5000 эмас, 50 000 артист бўлса ҳам барчасига тўй топилади. Олдинлари келин тўйдан кейин қайнона-қайнотанинг уйига келган бўлса, ҳозир келин-куёв тўйдан кейин янги квартирага боришлари мажбурийдир. Олдин кундалик ҳаёт учун зарур шкаф, сандиқ ва бир-иккита мебелча қилинган бўлса, ҳозир одамлар кўриб қўйишлари учун Франция қироллари ҳам орзу қилмаган шоҳона мебеллар сотиб олинади.

Пойтахт ўз номи билан пойтахт. Яъни Тошкент вилоятларга ўрнак. Бугун Тошкентда урф бўлган одатлар эртага вилоятларга ёйилади. Натижада тўйларимизни ақл-бовар қилмас харажатлар билан қилинадиган аҳмоқона удумлар кўринишига олиб келдик. Бизнинг тўйларни чўнтагида 10 сўм пули бор одам 1000 сўм қарз олиб, мингта одамни ресторанга таклиф қилишига ўхшатиш мумкин.

...Кўпни кўрган журналист акамиз Мақсуд Жонихонов бир вақтлар «Facebook» тармоғида турмуш қурганларидан кейин мебел-матоҳлар сабабли боши уруш-жанжалдан чиқмай қолган бир оила ҳақида куюниб пост ёзган эди. Мақсуд ака бор-йўғи биргина мисолни келтирди холос. Сиз истаган бир ўзбекни тўхтатиб сўранг, у бундан ҳам баттар мисолларнинг бир нечтасини айтиб беради.

Тўй аслида ўзбекнинг оиласидаги бахт тимсоли бўлиши керак эмасмиди? Китобларда ёзилишига кўра — ҳа. Аммо биз ўзимиз яратиб олган дабдабаларнинг орқасидан қувишимиз натижасида тўйларимизни бахтсизлик ва ҳаловатсиз ҳаёт рамзига айлантириб юбораяпмиз. Буни зудлик билан ўзимиз тўхтатишимиз керак. Агар ўзимиз тўхтата олмайдиган бўлсак, буни ҳокимларимиз, давлат раҳбарлари тўхтатишлари шарт.

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекка тепадан буйруқ келиши керак!