09:02 / 31.07.2018
3 716

Журналистни ким ҳимоя қилади?

Журналистни ким ҳимоя қилади?
Айни пайт “Менинг фикрим” порталида “Оммавий ахборот воситалари ходимларининг қонуний фаолиятига аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгилаш ҳақида” петиция ўтказилмоқда. Мен бу фикрни қўллаб-қувватлайман, бундай жавобгарликнинг белгиланиши эҳтимол журналистларимизга бироз бўлса-да, журъат ва кўтаринки руҳ бағишлар, уларга умид ва ишонч берар, журналистларни менсимайдиганлар озроқ ҳайиқишни бошлар. Очиғи, журналистларимиз фаолияти давомида қаршиликларга дуч келганида кимга суянишни билмайди. Уларни ким ҳимоя қилади: прокуратурами, судми, Журналистлар ижодий уюшмасими?.. Қонунларимизда оммавий ахборот воситаларининг ва журналистларнинг мажбуриятлари аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган, лекин уларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганларнинг қандай жазога тортилиши мумкинлигини ҳақида бундай дея олмаймиз. Журналистларни одатда журъатсизликда айблашади ва ўша айблайдиганларнинг ўзи журналистларни қўллаб-қувватламайди. Ҳа, мустақилликка эришганимиздан бери жамиятда чинакам шов-шувга сабаб бўлгулик ишни дўндирган, айтайлик, бирор вазирни истеъфога ёки ҳукуматни қандайдир қарорни ўзгартиришга мажбурлай олган журналист чиқмади. Чунки журналист биладики, бошига қандайдир муаммо тушса, уни ҳимоя қиладиган ҳеч ким йўқ!

Албатта, ОАВ ходимларининг қонуний фаолиятига аралашганлик ёки тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликнинг белгиланиши билан журналистикамиздаги эркинлик ёхуд журналистларнинг ҳимояси билан боғлиқ муаммолар бирданига ҳал бўлиб қолади деб ўйлаш тўғри эмас. Айтайлик, Россиянинг Жиноят кодекси 144-моддасида журналистнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланган. Бундай хатти-ҳаракат йирик миқдордаги жарима, ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилишга ва ҳатто озодликдан маҳрум этилишга сабаб бўлиши мумкин. Бу билан Россия журналистикаси дунёда олдинги қаторларга чиқиб қолгани ёхуд тарғибот машинасидан чинакам ОАВга айланиб қолганча йўқ.

Менимча, жавобгарликнинг белгиланиши кифоя эмас. Мен аслида энг катта муаммо зеҳниятда деган бўлар эдим: сиёсий ҳокимиятдан тортиб ҳар бир фуқарогача оммавий ахборот воситаларининг фаолияти эркин ва дахлсиз бўлиши кераклигини, журналистиканинг вазифаси ниманидир мақташ ёки танқид қилиш эмас, бор воқеликни – ҳақиқатни етказиш эканини, эркин матбуот жамият ривожи йўлидаги муҳим восита бўлишини ростакамига тушуниши лозим.

2012 йилда дунёнинг турли мамлакатларидан келган журналистлар билан бир қаторда Германияда малака ошириш курсида қатнашдим. Маҳаллий газеталардан бирида бўлиб ўтган учрашувда вьетнамлик ҳамкасбимиз (у ҳам ўзимизга ўхшайди-да!) бош муҳаррирга шундай савол берди: “Айтайлик, сиз ҳокимни танқид қилдингиз ва ҳоким бунинг учун сизга дўқ қилди, ишингизга халал бермоқчи бўлди. Сиз қандай йўл тутасиз?” Бош муҳаррир аввалига саволни яхши илғамади: ҳоким нима учун унинг ишига аралаша олишини тасаввур қилолмади! Кейин эса қисқагина қилиб жавоб қайтарди: “Нима ҳам қилардим, тошингни тер дейман”. Ўша йили яна бир ҳодиса рўй бердики, мен немис оммавий ахборот воситалари фаолияти дахлсиз эканига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Ўша пайтдаги Германия президенти Кристиан Вульф шахсий кредит билан боғлиқ можаро марказига тушиб қолган эди. Бу можаро ҳақида “Бильд” газетаси (немис сариқ матбуотининг энг йирик вакили) ҳам ёзмоқчи эканидан хабар топган президент газета муҳарририга қўнғироқ қилди. Аксига олиб муҳаррир жавоб қайтармади ва Кристиан Вульф унга дўқ-пўписа аралаш овозли хабар қолдирди. Бу президентнинг катта хатоси эди: у кредит можароси қолиб матбуот эркинлигига дахл қилишда айблана бошлади. Президентнинг орбўси баттар тушиб кетди ва 2012 йилнинг 17 февралида истеъфо берди.

Аслида ҳам шундай бўлиши керак: дунёдаги ҳеч бир куч-қудрат ва сиёсий ҳокимият ҳақиқатдан устун бўлмаслиги лозим. Эркин ва дахлсиз матбуот фуқаролар ва ҳокимият томонидан қўллаб-қувватланадиган, судловнинг одил эканига ҳамма ишонадиган жамиятда журналистик фаолиятнинг қонуний ҳимоя механизми ҳам шаклланган бўлади. Акс ҳолда журналистларнинг ҳимояси учун жилд-жилд қонунлар ёзсак ҳам, фойда бермайди. Шундоқ ҳам, қонунлар чиройли ёзилади, ишламагандан кейин бир чақалик қадри йўқ...
Аброр МАШАРИПОВ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Журналистни ким ҳимоя қилади?