22:21 / 05.12.2018
3 043

Мантиқсизлик муҳитида ривожланиб бўладими?

Мантиқсизлик муҳитида ривожланиб бўладими?
Нега ижобий ўзгаришларга қарамасдан мазкур суратлардаги каби манзараларни кўрганимизда яхши умидларимиз тарқаб кетади? Нега кўплаб барпо этилаётган моддий бойлигу қулайликлар бу манзараларнинг таъсирида бир зумда рўёга айланади? Нега шундай? Буни тушунишга уриниб кўрамиз.

Идрок аппарати

Инсон шундай мавжудотки, у борлиқда кўраётгани, гувоҳи бўлаётган ишлардан таъсирланади. Шу билан биргаликда, инсон онги нафақат воқеликдан таъсирланади, балки воқеликнинг таъсирида... шаклланади ҳам.

Яъни, инсон кўзи кўриб турган ишларнинг қай даражада соғлом ақлга – мантиққа мос келиш-келмаслигига қараб унинг онги ҳам соғлом ёки носоғлом тус олади. Мантиқсизликнинг мудҳиш кўринишлари қуршовида қолган инсоннинг эса онгида мудҳиш – идрок «аппарати»га қаттиқ талафот етказадиган ва кейинчалик тузатиш қийин бўлган ўзгариш ҳосил бўлади. Кап-катта одамлар мантиқсиз ишларни қилаётганини кўрсангиз, сабаби шундан.

Эътибор берган бўлсангиз, феъли тор, пиёла синдириб қўйган боласини худди осмон узилиб тушгандек зуғумга оладиган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам тор феълли бўлиб қолади. Чунки тушунчаларнинг «оёғи осмонда» бўлиб қолган, мантиқсиз, «пиёла қадри» юксалган муҳит боланинг нарса ва ҳодисаларга баҳо бериш тизимига жиддий шикаст етказади. Мазкур ҳолат битта, ҳозирча кичкина қалбнинг кичкинадир, каттадир фожиасини белгилайди.

Тушунчалар алмашиб қолиши ҳодисаси жамият миқёсига ёйилса-чи?

Хатарларнинг отаси

«Муваффақиятли жамият» тушунчасининг таърифида барча фозил кишилар бир овоздан «оқил, мустақил, эркин шахсиятлар ҳамжамияти» ёки шунга яқин сўзларни айтишади. Ва бу айни мантиқ тақозоси деб билинади. Демак, қайсики жамият муваффақиятни орзу қилса, эркин шахсларни парвариш этмоғи, бунга хизмат қиладиган соғлом мантиқли муҳитни яратмоғи, шахсиятни сўндирувчи, ерга урувчи омиллар билан курашмоғи даркор. Муваффақиятли жамиятни юзага келтиришнинг бошқа рецепти мавжуд эмас.

Буйруқ, тазйиқ, қасамёдлар билан кишилик жамиятини ҳаракатга келтиришга уриниш – бу инсон аслиятига зид иш бўлиб, тафаккур эгаси бўлмиш инсонни асл мақсад-самарасидан мосуво қилади. Бундай қилиш унинг – инсоннинг буюклигини инкор этиш, ақл-идроки ила ер юзини обод этишдек вазифасини рад этиш бўлиб қолади. Юксак ҳақиқатларга зид бўлган тасарруф эса жамият учун айни хатардир – хатарларнинг отаси.

Атрофга нигоҳ

Атрофга бир қарайлик – айнан инсон шахсиятини эъзозлаган жамиятлар кўп жиҳатларда бошқалардан ўзиб кетишди. Ва ким бу ишнинг уддасидан чиққан бўлса, ўша кўпроқ ривожда одимлади. Илм-фан ривожи ва фаровонлик индексини ўзида акс этган рўйхатларда айнан шахсни эъзозлаган жамиятлар пешқадам бўлиб турибди. Демак, бу айни мантиқ тақозоси экан. Шахсни чеклайдиган, шахсга зуғум ўтказадиган давлатлар эса бу рўйхатда пастда туради.

Тоталитар, шахс эркини чеклайдиган давлатларнинг бирор-бир моддий натижага эришиши эса кўплаб қурбонлар эвазига, чеклов чораларига сарфланган буюк куч, маблағ ва эрксевар кишиларни мунтазам жазолаб туриш эвазига бўлади. Ва бир қарашда кўзга ижобий бўлиб кўринган бундай натижалар, шахснинг юксалишига хизмат қилмагани, шахс ва жамият уйғунлигига етакламагани боис, аслида, умри қисқа ва самарасиз бўлади.

Тарих гувоҳ: тушунчалари алмашиб қолиб, инсон шаъни қадрсизланадиган жамиятнинг ҳаёти драматик воқеаларга бой бўлади ва бундай жамият ўзини тузатмаса, фожиаларга улашиб кетади. Яқин ва узоқ тарихга теран назар ташласак, шундай қонуниятнинг гувоҳи бўламиз.

Шокка тушган онг тажрибасидан

Суратлардаги каби мантиқсизлик куппа-кундузи, ҳамманинг кўз ўнгида юз бериб турганда нима бўлаётганини билмай қолган онг фалажланиб қолар, нима дейишни билмай қолган тил эса айланмай, ноилож ўз ўрнида – тишлар орасида жимгина қолар экан. Қизиқ жиҳати шундаки, бундай пайтда, гарчи долзарб бўлсада, бошқа масалалар ўз вазнини йўқотиб қўйиб, вазнсизлик муҳитига тушиб қолган нарсадек муаллақ туриб қолар экан.

Ўзининг юқори нуқтасига – кульминациясига етган мантиқсизлик онг ва иродани фалаж қилиш қудратига эга бўлган «кучдир». Зеро, мантиқсизлик шундай бир дардки, у ҳеч бир қадриятни, ҳеч бир азизликни қўймасдан – ҳаммасини оёқости қилади. Ва буни у эҳтироссиз бажаради ва бу билан иродангиз устидан ғолиб келади. Инсон қадри-қиммати бўладими, еру осмонни тутиб турган маънавий устунлар бўладими – мантиқсизлик учун фарқи йўқ, унинг иши барчасини маъносизлантириб, шу билан ҳаммасини «теп-текис» қилиш ва ўз салтанатини – мантиқсизлик муҳитини ўрнатиш.

Мантиқсизлик муҳитида ривожланиб бўладими?

Енгил мушоҳаданинг ўзи бундай муҳитда ривожланиш асло мумкин эмаслигини исботлаб турибди. Фитратида мантиққа интилиш, мантиққа мос келадиган тасарруфдан, манзаралардан ором ва илҳом олиш хислати жо бўлган ҳазрати Инсоннинг шахсияти мантиқсизлик муҳитида инқирозга учрайди, тубанлашади ва ҳеч бир бунёдкорликка қодир бўлмай қолади.

Мантиқий алгоритми изидан чиққан инсонлардан таркиб топган жамият эса асосий самара манбаидан айрилгани боис ривожга юз тутмайди, «учинчи дунё» мамлакатлари сафида қолишга маҳкум бўлади.

Буни жиддий ўйлаш керак.
Шокир Шарипов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мантиқсизлик муҳитида ривожланиб бўладими?