date
views 3 704

Қайнонамнинг мактаби ёхуд ўсмир тарбиясида кексалар ўгити

Қайнонамнинг мактаби ёхуд ўсмир тарбиясида кексалар ўгити
Фарзанд тарбияси эгаллаш мушкул бўлган илмлардан бири экан. Буни фақат бошдан ўтказган кишигина тушуниши мумкин. Болаларим кичиклигида шўхлиги, тез-тез касал бўлишидан азият чеккан бўлсам, улғая бошлагач, қалбига йўл топиш, бирор масалани ётиғи билан тушунтириш муаммога айланди.

Катта фарзандим ўғил. Бошланғичда фақат аъло баҳоларга ўқирди. Юқори синфга ўтгач, негадир беҳафсала, ҳеч нарсага тоби келишмайдиган бўлиб қолди. Ҳар куни ишдан келгач, койиш билан аранг дарсини қилдираман. Шунда ҳам оғзаки топшириқларга жавоб бермаслигини ўқитувчисидан эшитиб, кўнглим хира тортди. Мен майлику-я, ҳориб-чарчаб ярим тунда уйга келадиган дадаси ҳам роса танбеҳ берди. Ёнимизда турадиган қўшнимизнинг ўғли, синфдошини кўп марта намуна қилиб кўрсатдик. Ҳатто, охирги чора деб, ҳар бир олган аъло баҳоси учун бирор нарса олиб беришни ваъда ҳам қилдик. Аввалига бирозгина қизиқиш билан ҳаракат қилди-ю, яна эски одатига қайтди. Қанча гапирсак ҳам фойдаси бўлмаётганини кўриб, таътилда ҳам у билан қўшимча машғулотлар олиб бориш керак, деган қарорга келиб, ўғлимни турли тўгаракларга ёздириб келдим.

Шу вақтда қишлоқдан бувиси кўргани келиб қолди. Бизни ташвишга солаётган масаладан хабар топгач, ёнига набирасини олди-да, «Ўғлим синфидаги энг зукко бола. Қараб туринглар, келгуси йил бирорта паст баҳо олмайди. Қани, болам, уйдаги китоб-дафтарларингни йиғиштир, сен билан қишлоқда иккимиз бирга дарс тайёрлаймиз», деди. Ахир, шунча ўқув курсларини ташлаб кетадими, деган гапимга ҳам қулоқ солмай, ўғлимни олдига солиб олиб кетди. Иш билан бўлиб, бир ойлар чамаси қишлоққа бора олмадик. Охири, ёзги таътилини беҳуда ўтказмасин, деб ўғлимни олиб келишга бордим. Дарвозадан кираверишдаги супада дарс тайёрлаб ўтирган қайнонам билан ўғлимни кўриб ҳайратландим. Тавба, китоб ушлашга тоби келмайдиган бола нечук ўқиш-ёзишдан бош кўтармаяпти, деган саволимга жавоб қидирардим. Мени кўрган қайнонам ўрнидан туриб, супага ўтказди. Салом-аликдан кейин ўғлим китоб-дафтарларини йиғиштириб, айвонга кириб кетди. Унинг ортидан тикилиб турганимни кўрган қайнонам мийиғида кулиб:

— Ҳа, келин, нега ҳайрон бўласиз? — деди. — Ҳар ҳолда, беш фарзанд катта қилганман. Бу борада тажрибам катта. Эр-хотин иккингиз бола бечорани «ўқи, ўқи», деб жуда қийнаб юборибсиз. Келганда жуда қайсар, гапга қулоқ солмайдиган эди. Ҳозир бир суҳбатини олинг, танимай қоласиз. Худди катталардек сиз билан баробар фикрлашади. Энди у ҳам улғайиб қолди. Бундай паллада болани эзиш эмас, рағбатлантириш керак. Ҳадеб «ўқимаяпсан, баҳоларинг пасайиб кетди», деб койишдан наф йўқ. Ундан кўра, «ўқисанг, синфингнинг энг аълочиси бўласан. Бунга ишонаман», деб икки оғиз ширин сўз айтсангиз, олам гулистон.

Эй, болам-эй, фарзанд ҳам худди сизу биздек, кўнгли нозик, танқидни хушламайди. Мақтовдан руҳланади. Унинг камчилигини бўрттиришдан кўра, кичик бўлса-да, ютуғини кўрсатиб беришнинг фойдаси катта. Она-бола иккимиз шундай ишладик. Мана, ҳар қандай курсингиздан аъло қилиб ўқитиб ўтирибман.

Кўрганларимдан кўнглим ёришиб, уйга қайтдим. Таътил вақтида режалаштирган барча тўгаракларни бир четга суриб, ўғлимни бувисининг олдида қолдириб келдим. Умрида бирор бадиий асар ўқимаган боламга катта-катта китоблар мутолаа қилдиришнинг уддасидан чиқаётган қайнонамдан фарзанд тарбиясида ўрганишим керак бўлган нарсалар анчагина эканини тушундим.
Саодат ИМОМОВА,
Андижон шаҳри
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қайнонамнинг мактаби ёхуд ўсмир тарбиясида кексалар ўгити