20:46 / 22.04.2019
3 308

Неоўзбек қатлам

Неоўзбек қатлам
Неоўзбек, яъни замонавий ўзбек бўлиш қийин эмас.
Тахминан, 5-10 та «евро» сўзларни кундалик луғатга қўшасан, ёзган матнингда шундай сўзлар танлагинки, ўзбекчада умуман муқобили бўлмасин.

"Маънавият" сўзининг устидан қотасан, "чириган Ғарб" терминини сарказмингга қўшиб кетасан, "суриш керак" истилоҳини шиор даражасига олиб чиқасан, ўзинг учун.
"Ўзбекчилик", "қадрият", "миллийлик" тушунчаларига милоддан олдинги учинчи минг йилликка қарагандай қарайсан.

Ва ўйлайсанки, бизда эркинлик йўқ, фикр қадрланмайди жамиятда, зиёли зоти тикка келса, тепадагилар пўкка қилади.
Салгина "популист" бўл, йўқса "неоўзбек" бўлолмайсан.

Неоўзбек қатламнинг аниқ бир принципи йўқ, ўзини янгиликка ўч деб ҳисоблайди, масалан, илмда Беруний ёки Фаробийдан мисол айта олмайди, Билл Гейтс билан Стив Жобснинг йўриқномаларини кўзини юмиб ёддан айтиб беради.

Жадидлар янгиликка интилган эдилар, лекин улар янгилик қилишди, улар энг биринчи ўринда маърифат учун қайғурдилар, мактаб очишди, театр ташкил қилишди, матбуотни яратишди. Уларнинг хатти-ҳаракати бесамар кетмади, ўйлаганлари матн ҳолида қолиб кетмади.

Улар ҳам аслида "неоўзбек" эдилар, лекин аниқ маслаклари бор эди.
Бугунги "неоўзбек"ларда маслакнинг ўзи йўқ, эътиқод ҳам ҳаминқадар деб қўрқаман. Имкон бўлса-ю, чет тилини ўрганиб, хорижга сурса.

Миллат нима бўлади, сен сураверсанг, аниқ маслагинг бўлмаса, муддаонг матнда қолиб кетаверса, фикрларингни оёғи чиқмаса.
Шу гаплар...
Бўтақул Болта

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Неоўзбек қатлам