Осиё Чемпионлар лигаси Элит босқичининг 3-турида “Насаф” сафарда “Шабаб Ал Аҳли” жамоасига қарши баҳсда 1:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Учрашувдан сўнг “аждарлар” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида жамоа ўйини ва натижа ҳақида фикр билдирди, деб хабар берди клуб матбуот хизмати.
“Бугун “Шабаб Ал Аҳли” биздан кўра ҳар жиҳатдан устун бўлди. Улар тўпни яхши назорат қилди, тезкор қарорлар қабул қилди ва голли вазиятлардан унумли фойдаланди. Шунинг учун ғалаба уларнинг ҳаққоний ютуғи бўлди. Рақибни ғалаба билан табриклайман”, — деди Бердиев.
Мураббийнинг сўзларига кўра, “Насаф” режалаштирган тактик йўналишини тўлиқ амалга ошира олмаган: “Афсуски, ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам кўзланган ишни бажара олмадик. Айрим эпизодларда интизом йўқолди, бу эса рақибга имконият яратди. Биринчи бўлимдаги хатолар кейинги натижани белгилаб берди.”
Шу билан бирга, Бердиев жамоа руҳиятини йўқотмаганини таъкидлаб, кейинги турларда хатолар устида ишланишини қўшимча қилди. “Бундай мағлубиятлар сабоқ бўлиши керак. Биз ҳали олдиндаги ўйинларда ўз сўзимизни айтамиз”, — деди у.
Эслатиб ўтамиз, “Насаф” кейинги баҳсини ўз майдонида ўтказади. Жамоа Элит гуруҳ босқичидаги имкониятларини сақлаб қолиш учун кейинги ўйинда ғалаба қозониши шарт бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!