21:16 / 25.06.2019
4 412

Олимлар: «Энди пахтани одамлар эмас, машиналар теради»

Олимлар: «Энди пахтани одамлар эмас, машиналар теради»
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган грантлар танловида «Пахта майдони агрофонини шакллантириш ва кластер асосида пахта хом ашёсини машина орқали бир теримда йиғиб олиш учун техник воситаларнинг таянч тўпламини ишлаб чиқиш» мега лойиҳаси ҳам мавжуд. Лойиҳа келгуси икки йилда бажарилиши режалаштирилиб, унга 2,2 млрд маблағ ажратилди.

«Лойиҳадан кўзланган мақсад — пахтани сифатли етиштириш ва териб олиш. Албатта, бу жараённи бир қанча техник воситаларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бундан илгари, агротехника машиналари Ўзбекистонга чет давлатлардан келтирилган. Бу катта маблағни ташкил этади. Қолаверса, ҳар бир машина ўша мамлакат иқлим ва экинчилигига мослаштирилган ҳолда ишлаб чиқарилади.

Шу билан бирга пахта териб олиш машинаси учун махсус воситалар керак бўлади. Уни тозалаш, пахтани сифатли териши учун доим техник воситани созлаб туриш керак. Бу қўшимча маҳсулотлар ҳам катта харажатларни ташкил қилади. Биз яратмоқчи бўлган машина улардан камида 3, 5 баробар арзон бўлади», — дейди лойиҳа раҳбари ўринбосари, профессор Анвар Ризаев.

Лойиҳага кўра, бир нечта пахта териб оладиган машиналар Ўзбекистонда тайёрланади. Буни учун 11та ташкилот масъул этиб тайинланган.

Маълум қилинишича, лойиҳада кўрсатилган прототип машиналар амалда синаб кўрилган ва яхши натижани қайд этган. Энди уни кенг далаларга татбиқ қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

«Бугунги кунга қадар бир теришда пахтани 70 фоиздан кўп миқдорда машиналар билан териш имкони бўлмаган. Бунга сабаб, чет элдан кириб келган машиналар бизни экиш тизимимиз учун мўлжалланмаган ва бунинг натижасида пахтанинг кўп қисмига зарар етган ҳолда терилган», — дейди лойиҳа директор ўринбосари профессор Анвар Ризаев.

Янги ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган пахта териш машинаси икки типда бўлиб, улар пахтани қачон ва қандай етилганлигига қараб ишга туширилади. Бундан ташқари пахта баргларини тўкувчи ва яна бир нечта вазифаларни бажарувчи машиналар ҳам лойиҳага мувофиқ тайёрланади.

Вазирлик эълон қилган грантнинг асосий шартларидан бири, машиналар бир айланиб терганда пахтанинг 94-95 фоизи ҳосилини жамлашдир.

«Олдимизга қўйган олий мақсадимиз — пахта теримида қўл меҳнатини бартараф этиш. Бугунги кунда бир нечта мамлакатлар, жумладан, Америка, Россия, Англия ва яна бошқалар машинада териш усулига аллақачон ўтишган. Биз яратмоқчи бўлган машиналар ҳам замонавий териш усулларида ишлайдиган кучга эга бўлади. Қолаверса, яратилажак машиналарни қўшни Озарбойжон, Қозоғистон, Туркия мамлакатларига экспорт қилиш ҳам кўзда тутилган. Яқин икки йил ичида пахта саноатида катта ўзгаришлар бўлишидан умидвормиз», — дейди Анвар Ризаев.

Озода ВАЛИЕВА

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Олимлар: «Энди пахтани одамлар эмас, машиналар теради»