10:00 / 30.06.2019
3 611

Сардор Умрзоқов: Бозоримизни бутунлай очиб ташлаш ҳам мумкин, лекин натижа нима бўлади?

Сардор Умрзоқов: Бозоримизни бутунлай очиб ташлаш ҳам мумкин, лекин натижа нима бўлади?
29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ва Савдо саноат палатаси раиси Адҳам Икромов иштирокида мутасадди ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар ва ОАВ вакиллари билан «Халқаро савдо ва солиқ ислоҳотлари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатининг ўзига хос жиҳати очиқ мулоқот шаклда ўтказилгани ва унда биринчи навбатда тадбиркорлар тинглангани бўлди. Кўп йиллик анъаналардан фарқли равишда тадбиркорлар аввал ўргатилган гапларни эмас, айнан ўзларини қийнаётган муаммоларни ошкора айтиб, уларнинг ечимларини ҳам кўрсатиб беришди.

Мисол учун, гулқоғоз клейлари ишлаб чиқариш соҳасида бизда етакчи бўлган ва ўз сифатли маҳсулотлари орқали бу маҳсулотнинг четдан кириши кескин камайишига эришган тадбиркор Аббос Барноев Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган хом ашёлар учун божхона тўловларини камайтириш ёки бутунлай олиб ташлаш зарурлигини билдирди. Шунингдек, Хитойдан Ўзбекистон чегараларига маҳсулот келтиргунча темирйўл учун 6 минг АҚШ доллари тўлашини, Ўзбекистон ичида, қисқа масофага 2 минг АҚШ доллари тўлаши зарурлиги, яъни бу хизмат анча қимматлигини таъкидлади.

Қўлқоплар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона раҳбари Рустам Ахметов хориждан кираётган импортда исталган нарх кўрсатилиши ортидан тўланадиган ҚҚС ҳам кам бўлиши, бизда ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархи аниқлиги учун унга қўшилган ҚҚС ортидан маҳсулот қимматлашиб кетаётгани, шу сабабли 150 иш ўрнини ҳозирги кунда 70тага туширишга мажбур бўлганини билдирди.

Таклифлар турли-туман эди. Лекин уларда бир қатор умумийликлар бор – ўзимизда бўлмаган хом ашёни олиб киришда енгилликлар, тайёр маҳсулот учун божни аста-секин ошириб бориш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлаш зарурлиги.

Анжумандаги фикр мулоҳазалар, ўзига хос хулосалар билан ўртоқлашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқовни алоҳида суҳбатга тортдик.

– Сардор Ўктамович, бу ерда фақат бир неча ўн тадбиркорни кўрдик. Аммо Ўзбекистонда ўн минглаб тадбиркорлар фаолият юритади, уларнинг ҳам фикрлари инобатга олинадими?
– Албатта. Бу давра суҳбати қатор ишларнинг бир қисми холос. Ислоҳотлар бўйича ҳар қандай соғлом фикрларни эшитишга тайёрмиз, эшикларимиз очиқ. Бундан ташқари, махсус рақамлар, телеграм каналлар ҳам ташкил қилганмиз. Тадбиркорларимиз мунтазам мурожаат қилишмоқда.

— Хулоса қилиб айтганда, бугунги тадбирдан кейин нималарга эътибор беришни лозим деб ўйлайсиз?
– Бугунги тадбиркор кечаги тадбиркор эмас. У жуда фаол, ривожланишни истайди. Кўпчилик тадбиркорларимиз қандайдир енгилликлар сўрайди, имтиёзлар, преференциялар таклиф қилишади. Аммо бу йўл нотўғрилиги исботини топиб бўлди. Имконият ҳамма учун тенг бўлиши лозим. Энди бозоримизни очиш масаласига келсак, бу борада жуда эҳтиёткор бўлиш шарт. Мен шахсан ўзим очиқлик тарафдориман.

Лекин биз бугун бунга тайёрмизми? Тасаввур қилайлик, ҳамма учун бозорларимизни очдик ва бошқалар ҳам бизга нисбатан шундай қилишди. Қандай ҳолат юз беради, рақобат бизни қай ҳолга туширади? Албатта, дастлаб ҳаммаси яхшидай туйилади, четдан маҳсулотлар кириб келади, улар сифатлироқ ва ҳатто арзонроқ бўлади. Аммо уни харид қилиш учун пул керак, пул эса ишлаб топилади, ишлаш учун иш ўринлари керак. Булар ҳаммаси бир-бирига боғлиқ.

– Яъни сунъий тўсиқларнинг ўз ўрни бор?
– Айни пайтда шундай. Биз кўп соҳаларда ишлаб чиқаришимизни ривожлантириб олишимиз учун шундай ҳаракатлар керак. Бу қарашлар учун ижтимоий тармоқларда бизни танқид қиладиганлар жуда кўп, буни кузатиб борамиз. Албатта ҳамма ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга. Аммо Ўзбекистонда ҳар йили 1 млн атрофида янги ишчи кучи пайдо бўляпти.

Биз истеъмол бўйича ҳозир МДҲда учинчи давлатмиз, ҳисоб-китобларга кўра яқин ўн йилликда Россиядан кейин иккинчи бўламиз. Шундай йирик бозорни хом ашё даражасига тушириб қўйиш, ўз ишлаб чиқаришимизни ривожлантирмаслик тўғри бўлмайди. Албатта, ҳар қандай имтиёзлар, қўллаб-қувватлашлар вақтинча характерга эга ва соҳалар маълум даражада ривожланиб олиши билан улар қайта кўриб чиқилаверади.

– Автосаноат бунинг аксини кўрсатмадими?
– Автосаноат, тўғрироғи Асакадаги завод ўзига хос масала ва бу бўйича президентимиз айтганлари тўғри. Биз бу заводни қўллаб-қувватлашда ўхшатиш бўлсада «А» деганмиз, лекин «Б»га ўтмаганмиз. Яъни унинг учун барча имтиёзларни яратганмиз, ишлаб чиқаришни, тўғрироғи йиғишни йўлга қўйганмиз, 5-10 минг ишчи ўрни яратганмиз.

Аммо қани, 50-100 минг иш ўринлари? Локализацияга эътибор бермаганмиз, эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқарувчи корхоналар очмаганмиз. Энди бугун мана шундай вазият юзага келди. Энди бундай камчиликларга йўл қўймай, ақл билан иш тутишимиз лозим.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сардор Умрзоқов: Бозоримизни бутунлай очиб ташлаш ҳам мумкин, лекин натижа нима бўлади?