20:00 / 02.07.2019
2 117

Электр энергияси нархини либераллаштириш: кутилаётган натижа, эҳтимолий салбий оқибатлар ва уларнинг олдини олиш (3-қисм)

Электр энергияси нархини либераллаштириш: кутилаётган натижа, эҳтимолий салбий оқибатлар ва уларнинг олдини олиш (3-қисм)
Ечимлар ва салбий оқибатларни камайтириш чора-тадбирлари
Воқеаларнинг юқорида келтириб ўтилган йўсиндаги ривожи биз учун энг кўнгилсиз сценарий, албатта. Ишонаманки, пухта ўйланган, оқилона макроиқтисодий сиёсат, аниқ режа асосида ва назорат остида олиб борилган ислоҳот ушбу жараёндан имкон қадар йўқотиш ва талофатларсиз ўтиб олишимиз гаровидир.

Ҳукумат идоралари томонидан ишлаб чиқил(ади)ган электр энергиясини либерализация қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури доирасида амалга ошириладиган бошқа амалиётлар билан уйғунлигини инобатга олган ҳолда, жаҳон тажрибасида мавжуд қуйидаги ечимларни қўллаш мақсадга мувофиқлигини кўриб чиқиш зарур:

(уларнинг айримлари тасдиқланган ҳукумат қарорида ҳам таъкидлаб ўтилган,бу ерда уларни амалга оширишда айнан қайси жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш бўйича ҳам мулоҳаза юритилмоқда)

1. Тафовутли (differential) электр энергия тарифлаш тизимини жорий қилиш
Сутканинг истеъмол ҳажмлари юқори бўлган вақти учун баланд, нисбатан паст бўладиган қисми учун пасайтирилган нархлар жорий қилиш. Бу ўзгариш сутка давомида нисбатан мувозанатлашган истеъмол кўрсаткичларига олиб келган бўларди. Бундан кўзланган мақсад электр энергияси истеъмоли камайган пайтида ИЭСлар самарадорлиги тушиши ва юқори истеъмол ҳажмлари пайтида эса ишлаб чиқариш ускуналари ва узатиш инфратузилмалари зўриқиш билан ишлашига барҳам беришдир.

Бу ўз навбатида технологик жараёнлар самарадорлиги ошиши, харажатлар камайиши, натижада истеъмолчига етказиб берилаётган электр энергияси нархининг тушишига олиб келади.

2. Ҳар бир хўжалик учун базавий истеъмол ҳажмларидан ошиқча миқдор учун ўсиб борувчи коэффициентда нархлаш тизими
Бундай механизм ижтимоий адолатни таъминлаш ва энергия сарфини оптималлаштиришга қаратилган яна бир чора сифатида баҳоланади. Бу амалиёт Тошкент шаҳри Юнусобод туманида синов тариқасида жорий қилинаётганидан хабаримиз бор. Аммо тажриба энергия сарфи кўрсаткичларига қандай амалий таъсир кўрсатгани тўғрисида ҳали расмий маълумот берилгани йўқ.

Ушбу тартибни ишлаб чиқишда фақат базавий норма ва ундан ошган ҳажм учун фарқланувчи нарх эмас, балки сарф билан пропорционал равишда муттасил ошиб борувчи нарх коэффициентларини жорий қилиш энергия сарфи ва молиявий харажатларни янада оптималлаштиришга ёрдам беради.

3. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун аниқ манзилли субсидиялар жорий қилиш
Аниқ манзилли субсидиялар жорий қилиниши Вазирлар Маҳкамаси қарорида ҳам таъкидланган. Аммо ушбу молиявий қўллаб-қувватлаш механизмини жорий этишда айрим эътиборга молик жиҳатлар мавжуд. Хусусан, субсидияларни суиистеъмол қилиш ва улардан фойдаланишда эҳтимолий коррупциянинг олдини оладиган, истеъмолчининг тўлов қобилиятини объектив баҳолайдиган шаффоф тизим ишлаб чиқиш лозим.

4. Аҳолининг кенг қатламларини ва маҳаллий тадбиркорларни замонавий молиялаштириш механизмларини жорий қилиш орқали энергетик таъминот бўйича лойиҳаларга жалб этиш
Яқинда Марказий банк аҳоли ўртасида валюта жамғармалари тўғрисида ўтказган аноним сўрови натижаларини эълон қилди. Унга кўра, фуқароларда мавжуд жами чет эл валютасидаги жамғармалар 10,2 млрд. АҚШ долларини ташкил қилади. Ўтказилган сўровнома кўламини ва мамлакатда фаолият юритувчи тижорат банклари томонидан таклиф этилаётган жамғарма ва пул қўйилмалари аҳолида мавжуд маблағларни турли сабабларга кўра (қайтарилиш кафолати, фоиз ставкалари ва ҳоказо) самарали жалб қила олмаётганини инобатга олсак, бу қиймат янада кўпроқ бўлиши мумкин.

Молия вазирлиги, Марказий банк, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ва бошқа алоқадор давлат идоралари томонидан ушбу аҳоли жамғармаларини саноатнинг турли тармоқларида, хусусан энергетика саноатида амалга оширилаётган лойиҳаларга ўзаро манфаатли шартларда жалб қилишнинг қонуний асослари ва ишчан механизмларини яратиш устида бош қотириши лозим. Бу янги корхоналар, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва янги иш жойлари, дегани.

Жаҳон тажрибасида бу турдаги инвестицион ресурсларни самарали жалб қилиш бўйича синалган, аллақачон яхши натижа бераётган концептуал ечимлар мавжуд. Улар орасида краудфандинг, давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги (PPP), ижтимоий облигациялар (social impact bonds) мамлакатимиз учун истиқболли йўналишлар, деб ҳисоблайман. (Энергетика соҳасида микромолиялаштириш инструментлари тўғрисида кейинги мақолаларимизда батафсил тўхталамиз)

5.Босқичма-босқич, эҳтиёткор либерализация
Юқорида таъкидланганидек, электр энергияси мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли фаровонлиги учун ғоят аҳамиятлидир. Шу сабаб жаҳон тажрибасида ҳам бу соҳага оид сиёсатни амалга оширишда эҳтиёткор ва пухта ўйланган қарорлар қабул қилиб келинган. Ҳаттоки XIX асрдан буён саноат капитализми ва бозор иқтисодиёти асосида тараққий топиб келаётган Европа мамлкатлари ҳам бор-йўғи асримиз бўсағасига келибгина (1990-йиллар ва 2000-йиллар боши) ушбу соҳани либераллаштиришга журъат қилишди.

Шу сабаб ҳам амалга ошириладиган ислоҳотнинг тадбиркорлик фаолияти ва мамлакат макроиқтисодий кўрсаткичларига таъсирини максимал даражада аниқ прогнозлаштириш ва ислоҳот даврида синчковлик билан кузатиб бориш лозим. Акс ҳолда, нохуш иқтисодий оқибатлар узоқ йилларга чўзилиши мумкин.

Юқорида таъкидланган вазифаларни амалга ошириш учун энегетика вазирлиги ва тегишли идора ва вазирликлар ҳамкорлигида электр энергияси бозорини либераллаштириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилиши зарур.

Ушбу дастурда энг камида қуйидагиларни аниқ белгилаб олиш зарур:
- Босқичма-босқич амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва вазифалар, улардан кутилаётган натижалар аниқ рақамлар билан;
- Дастурда белгиланган барча вазифаларни амалга ошириш учун зарур молиявий ресурслар ва уларнинг манбалари;
- Натижаларни баҳолаш мезонлари ва механизмлари;
- Ҳар бир босқич учун юзага келиши мумкин бўлган хатар (риск)лар таҳлили ва уларнинг олдини олиш, эҳтимолини камайтириш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар;
- Сўзим сўнгида кутилаётган ислоҳот юзасидан аҳоли, тадбиркорлар ва потенциал инвесторлар ўртасида тизимли равишда тушунтириш ишлари олиб борилиши мақсадга мувофиқ эканини яна бир бор таъкидламоқчиман.

Ривожланишимизнинг навбатдаги босқичи ўлароқ давлатимиз ва халқимиз олдида турган масъулиятли вазифани амалга оширишда ҳукумат идоралари юқори профессионал ёндашув намоён қила олишларига ишонч билдириб қоламан.

Раҳимберди МАМАЮСУПОВ.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Электр энергияси нархини либераллаштириш: кутилаётган натижа, эҳтимолий салбий оқибатлар ва уларнинг олдини олиш (3-қисм)