date
views 2 588

Тўртинчи саноат инқилобига қандай кадрлар керак?

Тўртинчи саноат инқилобига қандай кадрлар керак?
Таълим одамларнинг ишга жойлашишида кўмаклашувчи асосий восита. У ишга жойлашув инфраструктурасида фойдаланиладиган қурилиш блокига ўхшайди. Ишга жойлашиш эса, ўз навбатида, шахсга молиявий жиҳатдан мустақил бўлиш ва иқтисодий жараёнларда фаол иштирок этиш имконини берувчи кучдир.

Бироқ тўртинчи саноат инқилоби даврида анъанавий таълим услубларига асосланган иш тизими замонавий технологиялар сабаб кўплаб муаммоларга дуч келмоқда.

Aйрим саноат йўналишларида мазкур жараён таъсирида ишчи кучига бўлган талаб сезиларли даражада қисқарди. Бу тадбиркорлик фаолияти ва иш билан таъминлаш масалаларини қайта кўриб чиқиш заруратини туғдиради.

Таълим ва ишга жойлаштирув механизмини яратиш орқали одамларни тўртинчи саноат инқилобидан қўрқишга эмас, балки бу жараёнда муваффақиятли карьера ва бизнес бошлашга ишонтириш мумкин, деб ёзмоқда weforum.org.

Таълим эволюцияси (ривожи) нимага боғлиқ?
Aнъанавий таълим монодисциплинар характерга эга бўлиб, одамлар ўқишни давом эттиргани сари ихтисослиги ҳам торайиб бораверади. Натижада улар университет, коллеж ёки таълим дастурлари берган билимга асосан ўзлари қизиққан тор доирадаги соҳада фаолият юрита бошлайди.

Шаклланган тушунчага кўра, ихтисослик доираси торайгани сари ўша соҳа вакилларининг қадри шунчалик ортиб бораверади. Мисол тариқасида айтиш мумкинки, қайсидир йўналишни чуқур биладиган шифокор умумий амалиёт шифокоридан кўра кўпроқ пул топади. Худди шу қоида яна айрим йўналишларга мос келади. Лекин бу таълимга қандай ёндашишимиз кераклигини қайта ўйлаб кўрмасликка туртки бўла олмайди.

Тўртинчи саноат инқилоби даврида шундай кадрлар керакки, улар битта йўналишни мукаммал даражада ўзлаштирган ва ўз мутахассислигидан ташқари бошқа йўналишларга ҳам мослаша оладиган малакага эга бўлиши зарур. Бу малака билан улар ўз соҳасида ҳам тажрибаларини ошириб бораверади.

Биргина мисол, Жефф Безос – дунёнинг энг бой кишиларидан бири. Мутахассислиги компьютер илми бўлган Безос Wall Street’да ишлаган узоқ муддат давомида бир қанча йўналишларда билимга эга бўлиб, кейинроқ электрон тижоратда ҳам ўзини синаб кўрган. Сўнгра 1994 йилда машҳур Amazon’ни ташкил этган.

Айтиш жоизки, Жефф Безос олдин ҳам компьютер илми бўйича таълим олган бўлса-да, интернет дунёсини қайтадан ўрганишга ва ўз билимини бойитишга ҳаракат қилган. Натижада эгалланган янги билимлар Безосга учинчи саноат инқилобининг яхши намунаси бўлган Amazon’ни яратишга ёрдам берди.

Таълимдан ишга ёлланиш босқичига ўтиш қандай юз беради?
Тўртинчи саноат инқилобидан фойда олиш учун инсон доимий равишда малакасини ошириб бориши ва янги технологиялардан бохабар бўлиши лозим бўлади. Яхши тарафи, бу инқилоб ўрганишни хоҳловчиларга ўзи имкон беради. Google каби қидирув платформалари, Edx, Coursea каби онлайн ўқув курслари ва Youtube’нинг турли видеолари билан кўпчиликнинг мушкули осон бўлмоқда. Битта ихтисослик ишга эга бўлиш имконини чекласа, кўптармоқлилик уларга мослашувчан бўлишга ёрдам бермоқда.

Яъни технология одамни четга суришга эмас, балки унинг бандлик соҳасида мослашувчан бўлишига кўмаклашади.

Учинчи саноат инқилоби даврида саноат ва ишга ёлланиш ўртасидаги боғлиқлик
Ўтган инқилоб даврида ишлаб чиқаришда автоматлаштириш ва компьютерлаштириш жараёнининг бошланиши худди ҳозиргидай турли қўрқувларни юзага чиқарган эди. Турли журнал ва газеталарда «компьютерофобия» атамаси кўзга ташланиб қолгани ҳам шунинг таъсирида деб тахмин қилиш мумкин.

Лекин жамият ва бизнесга технологияларни мослаштиришдан асосий мақсад самарадорликни ошириш ҳамда товар ва хизматлар харажатларини камайтиришдангина иборат бўлган. Бу эса ўз-ўзидан ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилиши керак эди.

Бироқ учинчи саноат инқилоби даврида кўп ишчилар ўз иш жойига мослашиш учун компьютер технологияларини ўрганишга ва маълум бир даражадаги компьютер саводхонлигига эга бўлишга ҳаракат қилишга мажбур бўлишди.

Тўртинчи саноат инқилобининг ҳам ўзига яраша талаблари бўлиши табиий. Чунки саноат ишчи кучига ҳам талабни шакллантиради.

Келажак ишчилари бизнесмен бўлиши кутилмоқда
Технологиялар ва бизнес интеграциялашуви жараёнида одамлар мақсадига тезроқ эришмоқда.
Масалан, ҳуқуқшунос blockchain технологияларини ўрганиш орқали турли смарт шартномалар тузиши ёки ижтимоий тармоқларда ўз компанияси саҳифасини очиб, пиар қилиш йўли билан даромадини ошириши мумкин.

Айтиш мумкинки, бизнеснинг ташкилий структураси ўзгариб боргани сари унда ҳар бир ходимнинг роли ҳам кучайиб бораверади. Тўртинчи саноат инқилобининг асосий талаби одамларнинг бизнесга мойиллигини оширишдан иборат. Бизнес бошлаш мотивацияси инсониятни янгиликка ўч қилади, ким учундир ишлаётган ходим энди шароити бундан-да яхшироқ бўлишига ёки ўзи бизнес бошлашга қизиқади.

Агар олдинлари бизнес катта таваккал ва катта сарф-харажатга асосланган бўлса, ҳозир технологиялар тараққиёти таъсирида одамлар осонроқ ва арзонроқ йўллар билан ўз товар ва хизматларини сотишга эришмоқдалар.

Демак, таълим, ишга ёлланиш ва бизнес бошлаш йўналишларини қайта кўриб чиқиш орқали рақамли технологиялар оммалашган иш муҳитида ҳам ўрин эгаллаш мумкин.

Фақат бу борада одамларга ислоҳ қилинган таълим тизимидан баҳраманд бўлишга имкон бериш ҳар қачонгидан зарурроқдир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тўртинчи саноат инқилобига қандай кадрлар керак?