22:20 / 28.09.2019
3 926

Отабек Ҳасанов: "Агар жамиятда яна шундай ҳоким ўринбосари чиқса, бизга қийин бўлади"

Отабек Ҳасанов: "Агар жамиятда яна шундай ҳоким ўринбосари чиқса, бизга қийин бўлади"
Фото: «Дарё»
Кўпчилик раҳбарлар оммавий ахборот воситаларига маълумот бергиси келмайди ёки интервью беришдан қўрқади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси декани, сиёсий фанлар доктори Отабек Ҳасанов «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов билан суҳбатида айтиб ўтди.

Олдинроқ, Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов «Kun.uz» сайти мухбирига тажовуз қилгани ва мухбир унга катта миқдорда пора таклиф қилгани ҳақида айтилган эди. Ишни Тошкент шаҳар прокуратураси ўрганиб, Ваҳобов ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги тўғрисида ахборот берганди. Кейинроқ ишни Бош прокуратура қайта кўриб чиққани ва ҳоким ўринбосари ишдан олингани хабар қилинди.

Ушбу масала юзасидан Отабек Ҳасанов ҳам сиёсатшунос, ҳам блогер сифатида ўз фикрини билдирди. Мутахассиснинг айтишича, раҳбарларнинг ўзини бундай тутиши уларда маълумот етишмаслигидан келиб чиқмоқда.

Ўзим блогерман. Бу менинг мутахассислигимга ҳам яқин. Тадқиқот ишим — раҳбарларни тайёрлашда ва уларни касбий ўсишида замонавий тажрибалардан фойдаланиш.

Мен блогер бўлишдан олдин уч ой ўзимни-ўзим тайёрладим. Аввало, блогер қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб топдим. Бунинг учун ОАВ қонунларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўқиб чиқдим. Хорижий мамлакатлар тажрибасини ўргандим. Чунки сиз блогер бўлсангиз ва сизни ўн минглаб кузатувчингиз бўлса, шунча одамни фикрига таъсир қилишингиз мумкин. Шуларни ҳисобга олиб, тайёр бўлганимдан кейин фаолият юритяпман.

Бугунги кунда кўпчилик раҳбарларимиз ОАВларга маълумот бергиси келмайди ёки интервью беришдан қўрқади. Лекин ОАВ ҳам, блогерлар ҳам ўз-ўзидан хоҳлаган одамидан бориб интервью олмаяпти. Бир муаммо келиб чиқяпти, кейин журналист ёки блогер ойдинлик киритиш учун боряпти. Ўша жойда раҳбар ёки ҳоким масалага ойдинлик киритиб, изоҳ берса, масала жойида ҳал бўлади. У ижтимоий тармоқларда айланиб, бошқача тус олиб кетмайди. Бу нимадан далолат беради — маълумот етишмаслигидан. Уинстон Черчилл айтганидек, «Ҳақиқат кийингунча, ёлғон бутун дунёни айланиб чиқади». Яъни ҳоким ва раҳбарларга муомала ҳамда нотиқлик маданияти ҳам керак бўляпти.

Академияда ўша куннинг эртасига — 3 сентябрдан тингловчилар учун нотиқлик, муомала маданияти ва ОАВ билан ишлаш бўйича махсус курсни ишлаб чиқишни режа қилдик. Чунки раҳбарларнинг ҳар бир хатосида ўзимизни кўряпмиз. Биз бундай ҳолатни олдиндан башорат қила олмаймиз, аммо бўлган хатоликка академияда унинг акси сифатида иш олиб боришимиз зарур. Агар жамиятда яна шундай ҳоким ўринбосари чиқса, бизга қийин бўлади. Демак, бошқа чиқмаслиги (чиқиши мумкин бошқа муаммолар билан), ҳудди шу муаммо қайтарилмаслиги учун бу каби ҳолатларга тезда ечим беришимиз даркор.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Отабек Ҳасанов: "Агар жамиятда яна шундай ҳоким ўринбосари чиқса, бизга қийин бўлади"