date
views 2 648

Аниқ саволларга аниқ жавоблар

Аниқ саволларга аниқ жавоблар
- Кимлар имтиёзли ишга жойлашиш ҳуқуқига эга?
Саида Азимова. Самарқанд шаҳридан.

Муҳаммадамин Каримжонов, ҳуқуқшунос:
- Ўзбекистон Ренсубликаси Меҳнат кодексининг тегишли моддаларига кўра, аҳолининг айрим тоифаларига ишга жойлашишлари учун алоҳида кафолатлар бериб ўтилган. Яъни буларга ўрта махсус касб хунар таълим муассасасини тамомлаган ёшлар, шунингдек олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида тугатган ёшлар, бундан ташқари ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ҳамда меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган шахслар, шу жумладан 14 ёшга тўлмаган болалари бор, ёки ногирон болалари бор ёлғиз оталар, ёлғиз оналар, шу жумладан ногиронлар, пенция ёшига етганлар киради. Бундан ташқари жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга ҳам ишга жойлашишда алоҳида имтиёзлар белгилаб ўтилган.

- Ўқитувчиман, бир ўқувчим мунтазам равишда дарс қолдиради, бир неча маротаба ота онасини огоҳлантиришимга қарамасдан, ота онасининг ўзи фарзандини ўқишга жунатмайди, фарзандини дарс вақти қишлоқ ишлари билан банд қилади. Бу ота она учун маъмурий жавобгарлик борми?
Ҳакимжон Парпиев Қашқадарё вилоятидан

Фурузбек Худойқулов, ҳуқуқшунос:
- Албатта маъмурий жавобгарлик бор. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47 моддаси айнан шунга бағишланган. “Болаларни тарбиялаш, уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик” деб номланади. Бу модда икки қисмдан иборат. Берилган саволда иккинчи қисми назарда тутилган.

Биринчи қисми: ота оналар, уларни ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш, уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши бўлса, иккинчисида айнан саволга тўғридан тўғри жавоб назарда тутилган, болаларни мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус касб ҳунар таълими олишига ота оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш.

Мисол учун олайлик ота она ўз фарзандини мактабга қўймаяпти ёки лицейга қўймаяпти, ўз ўзидан ота-оналар шунга диққат эътибор беришлари керакки, улар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этаётган ҳисобланади ва тегишлича аниқлангандан сўнг маъмурий жавобгарликка тортилади. Масалан, энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга асос бўлади.

- Жиноят кодекси ва Жиноят процессуал Кодексининг бир биридан қандай фарқи бор?
Дилшод Наримонов. Тошкент шаҳридан

Моҳигул Қодирова, ҳуқушунос:
- Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси қилмишнинг жиноийлигини аниқлайди ва бунинг учун жиноий жавобгарлик чораларини белгилаб беради, яъни қилмишнинг жиноят ёки жиноят эмаслигини аниқлайди ва унинг турларини белгилаб ўтиб ва шу аснода унинг учун жиноий жавобгарлик- жазо чораларини ҳам ўзининг санкциясида белгилаб беради.

Жиноят Процессуал Кодекси эса қилмиш-жиноят содир этилгандан сўнг, жиноят ишини қўзғатиш, суриштирув, дастлабки тергов юритиш ва суд мухокамасида шахснинг айбдор ёки айбсиз эканлигини аниқлаш, исботлаш жараёнини амалга оширади, тартибини белгилаб беради ва бунинг учун Жиноят Кодексида белгиланган жазони процесда қўлланилишини белгилаб беради, яъни ҳукм чиқарилиши билан шахсга жиноят содир этган бўлса, Жиноят кодексининг муайян моддаларини процесда қўлланилиш тартибини белгилаб беради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Аниқ саволларга аниқ жавоблар