15:30 / 23.12.2019
3 067

Партия етакчилари сайловлар бўйича хулосаларини билдиришди

Партия етакчилари сайловлар бўйича хулосаларини билдиришди
22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди. Марказий сайлов сайлов комиссияси маълумотига кўра, сайловда умумий сайловчиларнинг (18,7 млн) 71,1 фоизи (13,3 млн) қатнашган.

Kun.uz сиёсий партиялар раҳбарлари билан боғланиб, уларнинг «Янги Ўзбекистон – янги сайловлар» шиори остида ўтган сайлов жараёнлари ва унда аҳолининг иштироки борасидаги фикрлари билан қизиқди.

Алишер Қодиров, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси лидери:
«Фикримча, бу Ўзбекистон тарихида ўхшаши йўқ сайлов бўлди. Сифат, жараёнларга умумий ташкилий тайёргарлик, ОАВнинг муносабати бўйича ҳам. Буни Ўзбекистон учун катта қадам деб ҳисоблайман.

Бу сайлов, ундаги жараёнлар очиқ, шаффоф рақобатга бой, партиялар бир-бирини очиқ танқид қила олган ва том маънодаги электоратнинг ижобий маънодаги рақобатли мунозараларига бой майдонни пайдо қилиб берди. Аслида ривожланишни пайдо қилувчи муҳит мана шундай бўлади.

Агар бир барчамиз масалага бир кўз билан қарайверсак, муаммоларни бир кўз билан кўраверадиган бўлсак ва уларнинг ечимлари бўйича ҳаммамиз ўлчанган бир хил гапларни гапирадиган бўлсак, ривожланиш бўлмаслигининг намуналари бизда етарлича. Шу нуқтайи назардан, бу сайловлар жамият учун янгилик бўлди.

Биз муаммоларни айтяпмиз, уларни муҳокама қиляпмиз ва партиялар ўша муаммоларга турли ечимлар беряпти. Берилаётган таклифларнинг қандайлиги ва уларнинг савияси иккинчи масала.

Албатта, ҳали сайловлар кўп, лекин мана шу сайловлар халқ билан ҳокимият орасидаги конструктив мулоқотни шакллантирган сайлов сифатида тарихда ўз ўрнини қолдиради.

Бу сайловлар барча ютуқ ва камчиликлари билан ўзимизники. Биз ривожланиш йўлига кирдик. Шуниси билан у менга қадрли.

Сайловчилар иштироки ҳақида тўхталадиган бўлсак, бу жуда яхши. Менга хорижлик кузатувчи савол берди, нега сайловчилар сони сизларда доим баланд, деб. Мен айтдим, аслида халқимиз сайловларни яхши кўради.

Халқимиз – масъулиятли, сайловларда қатнашмаганларнинг фикрини ҳам шахсий бир қарор сифатида ҳурмат қилиш керак.
Менимча. Бу Марказий сайлов комиссияси келтирган рақам сайловлар шаффоф ўтганини кўрсатувчи натижадир».

Наримон Умаров, «Адолат» Социал демократик партияси лидери:
«Бу йилги сайловлар очиқлик, ошкоралик руҳида ўтганини алоҳида таъкидлашим керак. Бундан ташқари, ушбу сайловлар барчанинг диққат марказида бўлди. Барча фуқароларимиз сайловлар, партиялар ҳақида ўз фикрларини билдиришди. Бу халқимизда мазкур жараёнларга дахлдорлик ҳисси ортганини билдиради.

Кўпчиликнинг дилини хира қилувчи турли қонун бузилиш ҳолатлари ҳам очиқлик ва ошкоралик сабаб юзага чиқди. Афсуски, бу каби ҳолатлар участка сайлов комиссиялари аъзоларининг етарли даражада тайёргарликдан ўтмагани, айрим ўринларда эса партия кузатувчиларининг нофаоллиги натижасида юзага келди.

Сайловларда аҳолининг 71 фоизлик иштирокини ҳам шу очиқлик натижаси деб биламан. Яъни, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари, блогерларнинг фаол иштироки туфайли кўп жойларда оилавий овоз беришларнинг ҳамда нореал рақамлар ҳақида маълумот берилишининг олди олинди.

Натижаларни тахмин қилиш ниятимиз йўқ. Расмий натижалар эълон қилинишига саноқли дақиқалар қолмоқда. Ҳаммаси соат 14:00да маълум бўлади. Яхшисидан умидвормиз».

Борий Алихонов, Ўзбекистон экологик партияси лидери:
«Бу сайлов бизга катта мактаб бўлди. Ҳам камчиликлар устида ишлаш, ҳам янги мақсадларни пухта белгилаб олиш учун.
Нима бўлганда ҳам, ёш партия сифатида куч, имкониятимизни максимал кўрсатиб бера олдик, бунга ҳаракат қилдик.

Шу пайтга қадар туман, шаҳарларда вакилларимиз йўқ эди. Энди бизнинг ҳам жойларда вакилларимиз, депутатларимиз бор.
Бугундан бошлаб биз янгича ҳаёт тарзига ўтяпмиз ва бу бизга ҳам халқимиз, ҳам берган ваъдаларимиз учун виждонимиз олдида синов.

Албатта, жараёнда қонун бузилиши ҳолатлари ҳам бўлди. Биз бу ҳолатларни таҳлил қиламиз.
Қайтараман, қийин жараёнлар биз учун мустаҳкам жамоани шакллантириб бера олди.
Сайлов жараёнларида иштирок этганлар сонига келсак. Бу яхши ҳолат, деб ҳисоблайман, чунки у мана энди ҳақиқий рақамларга асосланди».

Улуғбек Иноятов, Халқ демократик партияси лидери:
«Халқ демократик партияси Сайловолди дастури халқчил бўлиши учун 2017 йилда тайёргарлик жараёнини бошлаган. Бу йилги сайловнинг ўзига хос жиҳати сиёсий партияларга ўз ғоя ва ташаббусларини жамоатчилик орасида тарғиб қилиш учун кенг имкониятлар бўлди. Очиқ майдонлардаги тарғибот тадбирларида, оммавий ахборот воситалари орқали ўтказилган дебатларда партиялараро ғоялар кураши акс этди. Бу кўппартиявийлик тамойилини янги босқичга кўтаришда долзарб аҳамиятга эгадир.

Бу йилги сайловнинг муҳим ютуқли жиҳатларидан яна бири шундаки, унда халқимизнинг сиёсий-ижтимоий фаоллиги ошгани, ҳуқуқий хабардорлик даражаси кўтарилгани яққол сезилди.

Номзодлар билан учрашувларда мамлакат келажаги, халқ фаровонлиги билан боғлиқ кўплаб саволлар берилди. Бир сўз билан айтганда, сайлов жараёнларида партиямиз халққа янада яқинлашди, ташаббусларимиз ҳаётий эканига, уларни амалга ошириш учун қатъиятли бўлишимиз зарурлигига яна бир бор амин бўлдик.

Хулосам шуки, Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар табиий ривожланиш ва юксалиш йўлига чиқди. Бу жараён янги авлод сиёсатчилари етишиб чиқишига мустаҳкам замин ҳозирлади».

Актам Хаитов, Ўзбекистон либерал демократик партияси лидери:
«Фикримча, сайловлар ёмон ўтмади. Ундаги жараёнлар очиқлик, конструктивлик ва барча партиялар учун тенг имкониятлар принципига асосланди.
Шунингдек, бу сайловлар молиялаштиришнинг янги тизими ва кодекс асосида ўтди.

Эътирозли ҳолатлар бўйича штабимиз ишлаяпти ва бу ҳолатлар ҳуқуқий жиҳатдан ўрганиляпти.
Сайловда сайловчиларнинг иштироки масаласига келсак, илк бор ҳаётийликка яқин келди, десам бўлади. Тез орада энг сўнгги рақамлар ҳам айтилади».

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Партия етакчилари сайловлар бўйича хулосаларини билдиришди