08:48 / 22.01.2020
2 648

Тарихга тўғридан қарайлик

Тарихга тўғридан қарайлик
Маънавият оламида тарихга мурожаат қилиш одатдаги ҳол. Зеро, “Ҳар қандай янгилик – унутилган эскиликдир” деган гап бекорга пайдо бўлмаган.
Маълумки, айни пайтда мактаблардаги тарих дарсликлари изчил хронологик усулда тузилган, яъни энг қадимги даврлардан бугунгача бўлган тарих йиллар бўйича ўргатилади.

Масалан, VI синфларда қадимги дунё тарихи, VII синфларда ўрта асрлар тарихи, ХIII синфдан кейин ХVII асрдан бошлаб ўргатилади. Бу, албатта, бир томонлама яхши, ўқувчининг тасаввури инсоният такомили билан ҳамқадам ривожланиб боради. Бироқ дастур шундай тузилганки, умуман инсоният тарихида муҳим бўлган воқеалар ҳам бир қур эслаб ўтилади, кейинги босқичларда, масалан, Х-ХI синфларда уларга махсус тўхталишнинг имкони бўлмайди.

Масалан, тўққиз йиллик таълим дастурида Амир Темур ва Темурийлар даврини ўрганишгаVII синфда 2 соат (ҳозир 9 соат) ажратилган. Таассуф қиладиган томони шундаки, кейинги синфларда бу даврга махсус тўхталмайди, йўл-йўлакай тилга олиб ўтиш мумкин, аммо тарихимизнинг энг гуллаган босқичи сифатида бу йиллар ҳар жиҳатдан (илм-фан, санъат, давлатчилик тараққиёти, халқаро алоқалар ва ҳоказо кўзгусида), қолаверса, жаҳон тамаддуни тадрижи билан қиёсланиб, мукаммал ўргатилиши лозим. Ҳозирча ўрта маълумот олган ёшларимиз ҳатто Амир Темурнинг кимлигини ҳам билмай келишяпти.

Ростда, икки соатнинг бирида ўқувчи дарсга келмаган, иккинчи соатини ўқитувчи ўтказиб юборган бўлса, ўқувчи таҳсили давомида бу номларни эшитмаган бўлиши ҳам мумкин. Ҳолбуки, ҳамма жойда сурати осиб ташланган, шаҳарларда ҳайкали қўйилган зотни беш қўлдек билиш ҳам фарз, ҳам қарз.Ёки илм-фан гуллаб яшнаган, инсониятга Хоразмий, Беруний, ибн Синоларни етказиб берган Х-ХI асрлар ҳақида ҳам шундай хулосага келиш мумкин.

Хуллас, ҳозир амалда бўлган дастурда давр горизонтал усулда жойлаштирилган, воқеалар (тарих) эса вертикал тартибда. Биз мулоҳаза тарзида бир фикрни ўртага ташлашга журъат қилдикки, унда воқеалар горизонтал жойлаштирилса, яъни тарихни ўрганиш инсоният эришган ютуқларни йиллар кесимида талқин қилишдан бошланади. Масалан, ҳунармандчилик тарихи бир йилда ўқитилиши мўлжалланса, унинг пайдо бўлишидан ҳозирги даражага етишигача бўлган эволюцияси йиллар кетма-кетлигида, бутун дунё кўзгусида талқин қилинади.

Бу усулда бир давр ёки шахслар фаолиятига таҳсил давомида бир неча марта тўхталишга тўғри келади, ўқувчининг билими ривожлантириб борилади, энг асосийси аҳволни бугунги кун билан қиёслаш имкони пайдо бўлади. Ҳозир V синфда “Тарихдан ҳикоялар” берилган, шу усулни давом эттириш мақсадга мувофиқ. Дастурни воқеаларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва ўқувчининг ёш хусусиятларини ҳисобга олиб, “оддийдан мураккабга” тамойили асосида тузиш мумкин.

Хуллас, лойиҳа сифатида биз тавсия қиладиган тартиб тахминан қуйидагича:
V синфда шаҳарлар тарихи;
VI синф – ҳунармандчилик тарихи;
VII синф – буюк шахслар тарихи;
VIII синф – ижтимоий формациялар тарихи;
IХ синф – динлар тарихи;
Х синф – давлатчилик тарихи;
ХI синф – маданият тарихи.

Мазкур принципда боланинг ёш хусусиятлари, дунёқарашининг кенгайиб бориши, шахсиятининг шаклланиши сингари омилларни ҳисобга олишга ҳаракат қилдик. Масалан, таҳсилни шаҳарлар тарихидан бошлашдан мақсад – бу ёшда бола атроф-теваракка синчков назар билан қарайди, ўзига ёқимли нарсалар излайди. Шунда унинг атрофидаги муҳит саволларига жавоб бериши мумкин. Қолаверса, мактабда ватанпарварлик туйғусини сингдириш энг биринчи талаблардан ҳисобланади.

Ўз қишлоғининг, шаҳрининг тарихини билмасдан бу вазифани уддалаш қийин. Шунинг учун боланинг тарихдан илк сабоғи ўзи яшаб турган маконнинг тарихини ўрганишдан бошлангани маъқул, деб ўйлаймиз. Албатта, бир мавзу (ҳар бир синфга мўлжалланган ўқув дастурини жаҳон тарихининг бир мавзуси, деб аташ мумкин) ўргатилар экан, фақат ахборий маълумотлар билан чекланилмайди, балки ҳодисанинг юзага чиқиши, аҳамияти, ўтмишни баҳолашда ва келажакка таъсири сингари қирралари талаб даражасида ёритилади.

Дейлик, VII синфда ўрганишга мўлжалланаётган “Буюк шахслар тарихи”, аввало, боланинг ёш хусусиятларига мос (шу йилларда ўсмир биологик жиҳатдан тез ривожланиш босқичига киради, хаёллар тизгинсиз, ўзига идеал излайди ва ҳоказо), шунга кўра шахслар ҳақида гап кетганда у зотнинг шунчаки таржимаи ҳоли эмас, кўпроқ фаолиятининг аҳамиятига урғу берилади.

Назаримизда, мактабдаги ўқув дастури ана шундай тартибда тузилса, анча қизиқарли бўлади, ўқувчилар тарихий далилларни қуруқ ёдлашдан кўра уларнинг моҳиятини англаш ҳамда мулоҳаза юритиш малакаларини ҳосил қилади. Зеро, тарихни ўрганишнинг бош мақсади ҳам ўтмиш сабоқлари билан келажак авлодни тарбиялашдир.

Умуман, бу тавсия шунчаки бошланғич лойиҳа, унинг тўлдирилиши, мукаммаллаштирилиши ҳамкасбларимизнинг саъй-ҳаракатига боғлиқ.

Ҳаким САТТОРИЙ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Анварбек МУҲАММАДИЕВ, тарих муаллими.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тарихга тўғридан қарайлик