00:30 / 16.02.2020
2 871

Содиқ Сафоев: «Бўғинлар ўртасида бир-бирини тийиб туриш тизими бўлмаса, мақсадга эриша олмаймиз»

Содиқ Сафоев: «Бўғинлар ўртасида бир-бирини тийиб туриш тизими бўлмаса, мақсадга эриша олмаймиз»
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев парламентнинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид масалаларни ҳал қилишдаги ваколатларини кенгайтириш мавзусида журналистларга интервью берди. Унда бугунги кунда парламент олдида турган асосий вазифаларга тўхталди.

“Биринчиси, қонун ижодкорлигини такомиллаштириш. Бизда масалага жиддий эътибор бериш вақти келди. Кўп йиллар мобайнида бу масалага озгина юзаки қараб, охир-оқибат қонунларнинг ижроси таъминланмайдиган даражага келдик. Ўзбекистонда ҳам тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни жорий этиш вақти келди. Қонун қабул қилинганидан кейин у бевосита, ҳаётимизга, иқтисодиётимизга, ижтимоий, маданий соҳаларга ўз таъсирини кўрсатадиган ҳужжат бўлиши керак. Яъни, уни ишлатиш учун қандайдир бир қўшимча қарорлар, меъёрий ҳужжатлар, айрим вақтда бир-бирига зиддиятли бўлмаслиги керак”, - деди Содиқ Сафоев.

Унинг фикрига кўра, бу борада парламент олдида қонун ижодкорлигини такомиллаштириш борасида бир неча вазифалар мавжуд. Хусусан, янги сайланган парламентарийлар – сенатор ва депутатлар қонунни қабул қилаётганда ана шу соҳанинг мутахассислари даражасида билимга эга бўлиши лозим. Ҳар бир қўмита қошида экспертлар кенгашини жорий қилиш, қонун ижодкорлигининг очиқлигини таъминлаш, қонунни ҳаётга татбиқ этиш ва унинг ижро механизмини таъминлаш, қонунларнинг халқаро рейтинглар ва Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига бажарилишига қаратилган бўлиши шулар жумласидандир.

Содиқ Сафоевнинг фикрига кўра, парламент олдида турган иккинчи вазифа - парламент назорати. Ҳокимият органлари, ҳукумат, вазирликлар, жойлардаги органлар қандай ишлаётгани, қонунлар, халқаро мажбуриятларнинг ҳаётга татбиқ этилиши бўйича назоратни олиб боришдир.

“Замонавий парламент бюджетни шакллантириш ва бюджетни ижро этиш билан бошланган. Бу парламентнинг асосий функцияларидан бири. Парламент кўп йиллар мобайнида бюджетни юзаки, хўжакўрсинга кўриб чиқарди. Бугун акси бўляпти. Халқ вакиллари халқдан солиқ орқали тўпланган маблағ қандай шаклланяпти ва улар қаерга сарфланаётганлигини назоратга олиши керак. Жорий йилдан бошлаб нафақат марказда, балки маҳаллий кенгашларга ҳам жойлардаги маблағлар қандай тақсимланаётгани, қандай ишлатилаётганини [назорат қилиш] ҳуқуқи берилди”, - деди Сафоев.

Содиқ Сафоевнинг таъкидича, парламент назоратининг энг муҳим усулларидан бири бу – депутатлик, сенаторлик сўрови.
“Яъни, бу вакиллик органи томонидан ҳокимият, вазирлар, ҳукуматга халқ номидан уни безовта қиладиган масалалар бўйича сўровни юбориш. Шу сўровга аниқ жавобни талаб этиш”, - дея қўшимча қилди у.

Сафоевнинг фикрига кўра, парламент олдида турган учинчи вазифа – маҳаллий кенгашларнинг ролини ошириш.
“Вакиллик органларининг жамиятдаги ролини оширмоқчи бўлсак, буни фақатгина марказда эмас, энг узоқ ҳудудларда ҳам таъминлашимиз керак. Бусиз биздаги демократик жараёнларни тўлақонли таъминлаяпмиз, деб айта олмаймиз.

Давлат бошқарув тизимида шундай ибора бор – децентрализация, ўзбек тилида марказсизлантириш деб айтамиз. Бу ниҳоятда муҳим масала. Унинг негизида давлат хизматларини бажаришни қуйи органларга бериш туради. Яъни, марказдан эмас, балки, истеъмолчига, халққа яқинроқ қилиш. Маҳаллий органларда кўпроқ ваколат бўлиши керак, шу жумладан, маҳаллий кенгашларда ҳам. Бўғинлар ўртасида бир-бирини тийиб туриш тизими жойларда бўлмаса, олдимизда турган мақсадларга эриша олмаймиз. Ана шу тизим жойларда ҳам бўлиши керак. Бу ким бўлиши мумкин? Жойлардаги халқ вакиллари”, - деди Содиқ Сафоев.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Содиқ Сафоев: «Бўғинлар ўртасида бир-бирини тийиб туриш тизими бўлмаса, мақсадга эриша олмаймиз»