18:48 / 08.03.2020
4 489

«Олдин одамлар узоқ яшаган, ёлғиз аёллар эркаклардан кўп...» — Башарият ҳақидаги хато тушунчалар

«Олдин одамлар узоқ яшаган, ёлғиз аёллар эркаклардан кўп...» — Башарият ҳақидаги хато тушунчалар
Инсоният ўзи ҳақидаги жуда кўпчилик ёлғонларга қаттиқ ишониб қолган. Айниқса юртдошларимиз орасида қатор тушунчалар шу қадар ўрнашиб қолганки, анча-мунча киши уларнинг ҳақиқатга зидлигини тасаввур ҳам қила олмайди.

«Олдин одамлар узоқроқ яшаган»
Йиллар давомида шаклланиб келган хато тушунчалардан бири. Ҳолбуки Ер шари аҳолисининг, жумладан ўзбекистонликларнинг ўртача ёши муттасил ошиб бормоқда. Ўн тўртинчи асрларда сайёрамиз аҳолисининг ўртача ёши 34-35 ёшни, ўн олтинчи асрга келиб 50 ёшни ташкил қилган. 2000-йилларга келиб бу кўрсаткич 60 ёшни ортда қолдирди ва 2050 йилда 83 ёшга етиши тахмин қилинган. Ўзбекистонда ҳам бу кўрсаткич ошиб боряпти, сўнгги йилларда ўртача ёш 67дан 73,5 ёшга етган.

Ўртача ёшнинг ошиши дунё сиёсатчиларини янги муаммо – кекса аҳоли сони кўпайишига дучор қилмоқда.

«Аждодларимиз биздан кўра соғлом ва бақувват бўлишган»
Биринчи бўлим бу хатога ҳам қисман жавоб беради. Аммо бу тушунчада озроқ ҳақиқат ҳам бор – ўтмишда одамлар кўпроқ ҳаракатланишган, жисмоний меҳнат билан мунтазам шуғулланишган, ноқулай шароитларга ҳам бизга нисбатан чидамлироқ бўлишган. Лекин бу уларнинг бизга нисбатан соғломроқ бўлганини англатмайди. Ҳаттоки ўтган асрда, яқин ўтмишда ҳам одамлар юқумли касалликлар қаршисида анча ожиз бўлишган ва бугунги кун нуқтайи назарида арзимас касалликлардан ўлиб кетишган ёки ногирон бўлиб қолишган. Одамларнинг аксарияти гигиенага риоя қилмаган, бит босиш, манқалик, тери касалликлари жуда кўпчиликнинг доимий ҳамроҳи бўлган.

«Ёлғиз аёллар эркаклардан кўп»
Бугунги кунда ҳам мустаҳкам сақланиб қолган ёлғонлардан энг машҳури, десак хато қилмаймиз. Айниқса кўп хотинлиликни илгари сурувчиларнинг айримлари ҳам шундай тушунчани сабаб сифатида келтиришади. Аммо демографияга оид расмий статистика бунинг нақадар ёлғонлигини бир зумда исботлаб қўяди. Тўғри, Хитой, Ҳиндистон каби оила сунъий равишда режалаштириладиган, бола жинсига кўра танланадиган оз сонли давлатларда эркаклар сони нисбатан кўп ҳолат юзага келган. Лекин Ўзбекистонда ундай эмаслиги аниқ.

Мана, яқинда Ўзбекистон аҳолиси 34 миллион кишидан ошди. Мамлакат аҳолисининг таркибига кўра бугунги кун ҳисоби бўйича ҳамма ўзига биттадан жуфт топганида эди, камида 183 минг нафар эркак хотинсиз қолиб кетарди. Тасаввур қилинг, бу Хоразм вилоятининг Хонқа тумани аҳолисига тенг. Чунки 2020 йилнинг 18 февраль ҳолатига кўра Ўзбекистонда 17 093 248 нафар эркак бўлса, аёллар сони 16 909 633 кишини ташкил қилади. Умуман, ҳисоб-китобларга кўра дунёда 100 аёлга 102 эркак тўғри келади.

«Ер аҳолиси шиддат билан ўсиб бормоқда»
Олдин аёллар кўп туққанлари айни ҳақиқат. Аммо сўнгги ярим аср давомида бу туғиш кўрсаткичлари – яъни бир аёл туғадиган болалар сони муттасил камайиб бормоқда. Ривожланаётган давлатларда ҳамон туғилиш ва аҳоли сони ўсиши нисбатан юқори. Аммо дунё бўйича ҳисобланганда туғилиш камайган. Албатта, камайгани ҳам аҳолининг табиий ўсиши учун етарли. Аммо ўтган асрдагидай шиддатли ўсиш йўқолиб, айрим давлатлар ҳатто «шиддатли камайиш», яъни демографик инқироз қаршисида қолишмоқда.

«Олдин болалар чиниққан бўлган, ҳозиргилари нимжон»
Болалар яқин ўтмишда ҳам ноқулай шароитларга биздан кўра кўпроқ тушишгани тўғри. Аммо бу борада гап кетганида энг муҳим кўрсаткич – болалар ўлимини ҳисобга олиш зарур. Ўрта асрларни-ку қўя турайлик, бир аср олдин, фан ва техника ривожланиш сари қадам қўйган даврда ҳам болалар ўлими ниҳоятда юқори бўлган. Аввало туғилишда, гўдакликда (1 ёшгача) бундай тақдирга кўплаб болалар дуч келган бўлса, тетапоя бўлган, яъни 5 ёшгача болажонлар ҳам турли касалликлардан аёвсиз қирилишган. Бугунги кунда ўртача 6 млн бола 5 ёшгача нобуд бўлса, 1990-йилларда, яъни сайёра аҳолиси нисбатан кам бўлган даврда ҳам бу кўрсаткич 12 млн нафарни ташкил қилган.

1960-йилларда ҳам ҳар 10 боланинг бири нобуд бўлган бўлса, статистика аниқ юритилмаган 1900-йилларда бу кўрсаткич икки-учтани ташкил қилгани ҳақида маълумотлар бор.

Аброр Зоҳидов тайёрлади

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Олдин одамлар узоқ яшаган, ёлғиз аёллар эркаклардан кўп...» — Башарият ҳақидаги хато тушунчалар