date
views 2 794

Кичик бизнесга инқирозни енгиб ўтишга ёрдам берадиган 6та маслаҳат

Кичик бизнесга инқирозни енгиб ўтишга ёрдам берадиган 6та маслаҳат
Мамлакатда ва дунёда юз бераётган воқеалар барчага ўз таъсирини ўтказмоқда. Айниқса, карантин туфайли мижозларидан айрилган кичик бизнес учун жуда оғир. Аммо, тушкунликка тушмаслик керак: бу қоидалар бўҳрондан эсон-омон чиқиб олиш имконини беради.

1. Ҳолатни қабул қилинг
Энг очиқ-ойдин, аммо оғир йўл. Сиз нохуш эпидемиологик вазиятни шахсан барқарорлаштира олмайсиз. Ва мижозларингизга уйдан чиқишни тақиқлайдиган кўрсатма ва қонунларни бекор қилолмайсиз. Аммо ўз кучингиз ва асабингизни ваҳимага сарфлашдан тийилишга қодирсиз. Ҳиссиётлар оғушида қарор қабул қилиш – ҳар қандай бизнеснинг ашаддий душманидир. Яхшиси жаҳл ва бошқа босқичлардан дарҳол воз кечиб, қабул қилиш босқичига ўтиш керак: чунки ундан барибир қочиб қутулолмайсиз.

Вазият сиз учун бизнеснинг барча тизимларини кучли синовдан ўтказувчи ўзига хос стресс-тестга айланади. Агар сиз ҳозир ишни тўхтатиб, бўроннинг тинчишини кутадиган бўлсангиз, кейинчалик ҳар қандай ҳолатдан хулоса чиқара оладиган, қийинчиликлардан қўрқмайдиганлар билан рақобатлашишга тўғри келади.

2. Қайси харажатларни қисқартириш мумкинлигини ўйлаб кўринг
Кенг кўламли инқироз сабабли одамлар кам сарфлай бошлайдилар. Демак, ҳеч қандай чора кўрмасангиз, фойдангиз барқарор равишда пасая бошлайди.

Фойда – даромад ва харажатлар орасидаги фарқдир. Демак, қилмаган харажатларингиз капиталингизни кўпайтиради. Бизнесингиз нималардан воз кеча олиши ҳақида ўйлаб кўринг.

Масалан:
- пуллик дастур таъминоти, уларнинг бепул муқобиллари ҳам бўлиши мумкин;
- катта реклама харажатлари;
- аутсорсингга топширилаётган вазифалар;
- таъминотчилар билан тўғридан-тўғри эмас, балки дистрибьюторлар орқали ишлаш;
- ходимларни рағбатлантирувчи тўловлар;
- ходимларни ўқитиш харажатлари. Улардан тўлиқ воз кечиш шартмас, балки бепул турларини топиш мумкин.

3. Ходимларингиз хавфсизлигини таъминланг
Бутун дунё қўрқаётган COVID‑19 ҳақиқатдан ҳам хавфли. Агар мижозлар билан онлайн эмас, бевосита яқин алоқада ишлайдиган бўлсангиз, уларнинг ва ходимларингизнинг хавфсизлигини таъминлаш – сизнинг вазифангиз.

Масалан, агар дўконингиз бўлса, пештахта юзаларини, эшик тутқичларини мунтазам дезинфекция қилиш, савдо залидаги одамлар сонини чеклаш, полларни нам латта билан артиб туриш, имкони борича тўловларни нақдсиз қабул қилиш – муҳим ҳимоя чораларидир. Ва албатта шамоллашнинг ҳар қандай аломатига эга ходимларни ишга чиқишини тақиқлаш зарур.

4. Янги иш режимига ўтинг
Кўплаб компаниялар ходимларини масофавий иш режимига ўтказмоқда. Бунинг имкони йўқ жойларда (супермаркетлар, ресторанлар) эса мижозлар билан яқин алоқани имкон даражада чекламоқда.

Янги режимдан фақат ОАВ ёки ахборот технологиялари соҳасида эмас, балки кўплаб бошқа соҳаларда ҳам фойдаланиш мумкин. Масалан, бир қатор ресторанлар овқат етказиб бериш хизматини ишга туширган. Пойабзал ёки электроника дўконлари эса товар бериш пунктларида уларни сақлаш муддатини узайтирган. Баъзи компаниялар контактсиз етказиб бериш хизматини таклиф қилмоқда. Мижоз товар пулини олдиндан тўлайди. Курьер эса уни эшик олдида қолдириб, хавфсиз масофага чекинади ва мижознинг қабул қилиб олишини кутади. Сиз ҳам бу форматга ўтишингиз ва мижозларга уларнинг соғлиғини таъминлаш учун барча чораларни кўраётганингизни билдиришингиз мумкин.

Пандемия туфайли бизнесингизда янги мутахассисларга эҳтиёж пайдо бўлиши, баъзилари эса керак бўлмай қолиши мумкин. Ходимларни ишдан бўшатиш – энг сўнгги чорадир. Чунки 2-3 ой ичида ҳаммаси изига қайтишига умид бор, янги ходимларни олиш эса қимматга тушиши мумкин. Бундан ташқари, иш ўринларини оммавий қисқартириш жамоанинг иштиёқини сўндириши мумкин.

Иш фаолиятининг тизими қанчалик мукаммал бўлмасин, уни қайта созлаш мумкин. Масалан, ходимлардан баъзи бири мижозлар билан телефон орқали мулоқот қилиши, кимдир сайтдаги шарҳлар ва изоҳларни кузатиб бориши мумкин. Ўзингиз ҳам одамларни иштиёқини кўтаришингиз мумкин: кассада ишланг ёки товар етказиб беришда иштирок этинг.

5. Махсус таклифларни яратинг
Инқироз — таваккал қилиш пайти, шунингдек, маркетингда ҳам. Янгилик қилиш мумкин ва зарур, муҳими – аҳлоқ меъёрларидан чиқмаслик ва одамларнинг қўрқувидан пул ишлашга уринмаслик. Савдо ҳажмини ошириш учун нимани таклиф қилиш имкониятингиз борлигини ўйлаб кўринг.

Масалан, товар ва хизматларга обуна бўлиш таклифи – яхши ғоя. Йил давомида, ҳар ойда буюртма берувчи мижоз бир марталик кўплаб мижозлардан фойдалироқ бўлиши мумкин. Буни ўз мижозларга турли чегирмалар билан таклиф қилишинг. Обунани тўлиқ тўлайдиган мижозлар билан эса шартларни алоҳида келишиб олиш мумкин.

6. Мураккаб даврда сиз билан бирга қолаётганларни рағбатлантиринг
Оғир дамлар ўтиб кетади, агар ҳаммасини тўғри бажарсангиз ва воқеалар ривожи омадли кечса, бизнесингиз қолади. Имкони борича, жамоанинг ҳар бир аъзоси ишини баҳолаб қўйинг. Мураккаб даврдан ўтишга ёрдам берувчи ҳамкорлар, таъминотчилар, контрагентлар билан алоқада қолинг. Муносабатларингиз сермаҳсул давом этиши учун, қийинчиликлар тугагандан кейин уларга ҳамкорликнинг қандай ёқимли шароитлари ва бонусларини тақдим этишингизни ҳозирдан ўйлаб қўйинг.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Кичик бизнесга инқирозни енгиб ўтишга ёрдам берадиган 6та маслаҳат