
Наманган вилоятида тўй кортежлари ортидан йўлларда қўпол тартиббузарликлар содир этган ҳайдовчиларга нисбатан кескин чоралар кўрилди. Ички ишлар вазирлиги маълумот беришича, тўй сафарбарлиги вақтида қонун-қоидаларни бузган 50 нафар ҳайдовчи аниқланиб, уларга маъмурий жазо тайинланган.
Маълум бўлишича, ушбу шахслар дрифт ҳаракатлари қилаётгани, йўлнинг қарши йўналишига чиқиб олгани, пиёдалар ва бошқа транспорт воситалари ҳаракатига жиддий хавф солгани қайд этилган. Улар бу қайдларни видеога олган ҳолда ижтимоий тармоқларга ҳам тарқатган.
Суд қароригa кўра, тартиббузарлик содир этган 25 нафар ҳайдовчи бир йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва БҲМнинг 25 баравари миқдорида жаримага тортилган.
Қолган 25 нафар шахсга эса БҲМнинг 5 баравари — 2 миллион 60 минг сўм миқдорида маъмурий жазо белгилаб берилган.
Маълумот учун, шунга ўхшаш ҳолат Андижонда ҳам кузатилган эди — тўй муносабати билан кортеж қилиб, йўл қоидаларини бузган ҳайдовчиларга нисбатан ҳам ҳуқуқий чоралар кўрилган.
Мутасаддилар бундай хатти-ҳаракатлар йўл хавфсизлигига жиддий таҳдид эканини таъкидлаб, фуқароларни қоидаларга қатъий риоя қилишга чақирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.