11:24 / 19.07.2020
1 757

Сабр — инсонни мақсадига энг тез олиб борадиган йўл кўрсатувчи

Сабр — инсонни мақсадига энг тез олиб борадиган йўл кўрсатувчи
Бугунги кунда бутун жаҳон аҳли оғир кунларни бошидан ўтказмоқда. Кўзга кўринмайдиган ёв деб аталаётган коронавирус пандемиясига кескин кураш олиб бормоқда. Коронавирус инфекцияси кўплаб мамлакатларни қамраб олди.

Тождор вирус туфайли миллионлаб одамларнинг хотиржамлиги йўқолди. Коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳар кунлик, ҳар дақиқалик хабарлар барчамизни бирдек хавотирга солмоқда.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда бу таҳдидга қарши самарали кураш олиб борилмоқда. Бу борада долзарб аҳамиятга эга бўлган бир нечта муҳим қарорлар қабул қилинди. Дунёни ларзага солаётган коронавирус пандемиясининг аввало инсонлар ҳаётига жиддий таъсир қилаётгани, қолаверса, бепарволикка берилиб, ижтимоий, иқтисодий, умуман, турмуш тарзимизга салбий оқибатларидан ташвишланган ҳолда Президентимиз бир неча бор халқимизга мурожаат қилди.

Инсонларнинг, оилаларнинг бир зумда шу касаллик билан хасталанганлиги, ундан азият чекаётганлиги, қолаверса вирусдан зарарланганлар сони кўпайиб бораётганлиги ҳар биримизни ҳушёр ва огоҳ бўлишга, санитария ва гигиена қоидаларига қатъий амал қилишимизга, энг асосийси эълон қилинган карантин талабларига сўзсиз риоя қилиш лозимлигини такрор-такрор кўрсатмоқда.

Айни пайтда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги барчани COVID-19 юқиши олдини олиш бўйича тавсияларга амал қилишга чақирмоқда. Албатта, бу даврнинг тез ўтиб кетиши фақат муайян шахсларга, тиббиёт ходимларига эмас, аксинча жамиятимиз ҳар бир аъзосининг қатъий интизом, сабр-тоқат ва улкан масъулият билан вазиятни чуқур англаган ҳолда ёндашишларига, бирдамлигимизга бевосита боғлиқ.

Айни пайтда, айрим давлатларда ҳар куни юзлаб, минглаб одам бу касалликдан вафот этаётганлиги ҳар биримиздан ҳушёр бўлишимизни, вазиятнинг кузатувчиси ёки томошабини эмас, балки жараённинг фаол иштирокчиси сифатида қолганларни ҳам карантин талабларига сўзсиз риоя қилишларини таъминлашимизни талаб қилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсиясига кўра, коронавирус инфекциясига қарши курашда энг самарали усул ҳисобланган «ўз-ўзини изоляция қилиш» қоидасига қатъий амалга қилишни бугунги давр талаблари тақозо этмоқда.

Чунончи, юртимизда ушбу вирусдан вафот этганлар орасида касалликка бефарқ қараб, буни атрофидагилардан яшириб оғир аҳволда шифокорларга мурожаат қилганлари, касалланганлар орасида эса «мен коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлмаганман» деган юртдошларимиз ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас.

Юртдошларимиз орасида карантин режимини тўғри тушунган ва унга тўла қонли амал қилаётганлари, нафақат ўзларининг, балки атрофидагиларнинг ҳам соғлигига бефарқ эмаслари кўпчиликни ташкил этаётган бўлса-да, аммо баъзида шифокорлар томонидан карантин назоратига олишни рад этадиган фуқаролар ҳам борлигини, уларнинг «мен уйдан чиқмайман» ёки «мен уйда қоламан» деб қаршилик кўрсатиш ҳолатлари ҳам учраб тураётганлигини таъкидлаш ўринлидир.

Ваҳоланки, шифокор назорати остидаги карантин уйда кўчага чиқмасдан кун ўтказишдан фарқ қилиши кўпчиликка маълум. Қачонки, вирус билан зарарланиш эҳтимоли юқори бўлса, бундай шахслар махсус карантин шифохоналарига олиб борилади ва шифокорлар томонидан туну кун кузатилади, махсус тестлар ўтказилиб касаллик эрта даврларданоқ аниқланади. Бу аввало, карантинга олинган шахс ва унинг атрофидагилари муҳофазаси учун эса муҳим аҳамиятга эга.

Баъзан иш фаолиятимизда айрим фуқаролар томонидан «менда ҳеч қандай белги йўқ, агар сезсам тез ёрдамга хабар бераман», деган қаршиликлар ҳам бўлади.

Аксарият ҳолларда, вирус организмга тушгандан сўнг бир неча кун давомида ўзига мос шароитни қидириб ўрнашишини, шундан кейингина одам сезадиган белгиларни (ҳароратнинг кўтарилиши, буруннинг оқиши, томоқ, мушак оғриқлари, юқори иситма, нафас етишмаслиги ёки диарея кабилар) намоён қилишини эринмасдан тушунтириш ҳам кундалик қоидамизга айланган.

Бинобарин, ҳар қандай касаллик сингари, COVID-19 инфекциясининг эрта диагностикаси ҳам долзарб аҳамиятга эга бўлиб, беморларни хавфли асоратларсиз даволашда, касалликнинг нисбатан енгил ўтишида муҳим ўрин эгаллайди.

Шунинг учун тез тиббий ёрдам марказларининг шифокорлари томонидан тавсия этилган махсус карантин шифохоналарини рад этмаслик зарур. Албатта, бу борада ҳар бир инсонда «Қандай инсонлар карантин шифохоналарига жойлаштирилади?» деган саволга жавобан махсус тиббий текширувда коронавирус аниқланган беморлар билан мулоқотда бўлганларни таъкидлаш ўринлидир.

Буюк мутафаккирлардан бири Абу Али ибн Сино ўзининг «Кўрсатмалар ва ўгитлар» китобида шундай ёзади: «Инсон ўз шахсий эҳтиёжларининг мустақиллиги маъносида алоҳида ажралган мавжудот эмас, чунки у ўз эҳтиёжларини инсониятнинг бошқа вакиллари билан мулоқотда бўлмай туриб қониқтира олмайди».

Бинобарин, ҳар бир инсон жамиятнинг бир бўлаги сифатида саломатлиги учун нафақат ўзи жавобгар, балки атрофидагилар ҳам масъулдир. Ўзини ва атрофидагиларни ўйлаган ҳолда ва беморлар билан мулоқотда бўлган ҳар бир инсон ўз вақтида шифокорларга мурожаат қилиши, карантин шифохонасига жойлашиши бу офатнинг янада кенг тарқалмаслигига, охир-оқибат пандемиянинг эрта тугашига олиб келади.

Барчамизга маълум, давлатимиз раҳбари жорий йил 8 июль куни ўтказилган йиғилишда Президентимиз «Касаллик аломатини сездингизми, дарҳол шифокорларга мурожаат қилинг. Такрор айтаман, касалликни оиламизга кириб келмаслиги, ўзимиз ва яқинларимизни ушбу иллатдан сақлаб қолиш, энг аввало, ўзимизга боғлиқ!» деб яна бир бор барчани огоҳликка чақирди.

Ҳар бир инсон ҳаётда турли ҳолатларга дуч келади. Баъзи воқеалар кишини шодлантирса, бошқалари ғамгин қилади. Шодлик вақтида шукр қилиш, қайғули дамларда эса сабрли бўлиш фарз қилинган. Шундай экан, ҳозирги дамларда ҳаётимизнинг бардавомлигини таъминлаш ҳар қачонгидан масъулиятли бўлишни тақозо этади.

Бир жиҳатни яхши англашимиз керак, коронавирус инфекцияси чегара билмайди, унинг юқиши билан эса ўзини, яқинлари, маҳалласи қўйинки халқимизга ўзининг салбий оқибатларини етказиши мумкин.

Инфекциянинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида ҳам уйимизда, ҳам маҳалламизда, ишхонамизда барча зарур чора-тадбирлар ўз вақтида амалга оширишда юксак тафаккур, темир интизом, сабр-тоқат ва шахсий масъулиятни талаб этади.

Бошқача айтганда, мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳикматларида қайд этилганидек, ҳаётда муваффақиятга эришиш учун уч нарса – диққат, интизом ва ҳаракат керак.

Айни кунларда «диққат» амалида биз ҳар доим ҳушёр ва огоҳ бўлишимизни, «интизом» деганда карантин талаблари, санитария ва гигиена қоидаларига қалбларига қатъий амал қилишимизни, «ҳаракат» моҳиятида эса хотиржам, бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришимиз учун барчамиз бирдек ҳаракат қилиб ўзимизни, оиламизни, фарзандларимизни, ёши улуғ кексаларимизни, юртдошларимизни асрашимиз лозимлигини тушунишимиз даркор.

Албатта, бу синовли кунлар ҳам ўтиб кетади. Яратганнинг бизга берган энг улуғ неъмати бўлган соғлиғимизни эса асраш ва мустаҳкам қилиб бориш ўзимизга, сабримизга боғлиқ.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сабр — инсонни мақсадига энг тез олиб борадиган йўл кўрсатувчи