
Миланнинг "Интер" клуби бош мураббийи Кристиан Киву А Сериясидаги "Фиорентина" устидан 3:0 ҳисобидаги ғалабани изоҳлаб ўтди. "Нерадзурри" меҳмонлар ҳимоясини фақатгина 66-дақиқада ёриб ўтди.
Ҳисобни Ҳакан Чалҳаноғлу очди. Орадан кўп ўтмай, Петар Сучич миланликлар фойдасига иккинчи голни киритди, учрашув охирида эса Чалҳаноғлу пеналтидан аниқ зарба йўллаб дублга эришди.
"Мақсадларга эришиш учун қийинчиликларни енгиш муҳим. Бугун биз учун осон бўлмади: "Фиорентина" тартибли ҳимояланди ва қарши ҳужумларга таяниб ҳаракат қилди.
Биринчи бўлимда ўйинимизни яхши ташкил қила олмадик – рақиб майдонида тўп билан тўғри қарорлар қабул қилиш етишмади. Вазият узоқ масофадан йўлланган зарба туфайли ўзгарди – биз бундай имкониятдан биринчи бўлимда фойдаланмагандик.
Ушбу гол бизнинг вазифамизни анча соддалаштирди", – деди Киву Sky Sport телеканалига берган интервьюсида.
"Интер" ҳозирда 18 очко билан 9 турдан сўнг мусобақа жадвалида учинчи ўринни банд этган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!