22:16 / 05.09.2020
3 614

Ўгай опанинг қасди

Ўгай опанинг қасди
2020 йил январь ойида Асилбек (исм-фамилиялар ўзгартирилган) исмли тўрт ёшли боланинг ўз уйида ўлдирилган мурдаси топилди. Шу куннинг ўзида қотил ҳам аниқланди. Хўш, бу ваҳший ким, болада нима қасди бўлган?

Жиноят
Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан воқеа жойида олиб борилган ўрганишларда маълум бўлишича, ўша куни боланинг отаси Мансур Элмуратов ишга, онаси Райҳон Умарова дўконга кетган. Асилбек эса онасининг биринчи никоҳидан бўлган ўгай опаси Шириной Лепесова билан уйда қолган. Қўшниларнинг гувоҳлик беришича, шу куни Элмуратовларнинг хонадонида бегоналар бўлмаган ва ҳеч қандай шовқин ёки жанжал овози эшитилмаган.

Савол туғилади, унда болани ким ўлдирган? Наҳотки, яқин атрофдагиларнинг ҳеч бири ҳеч нарса сезмаган бўлса?..

Тақдир
Райҳон Умарова биринчи турмуш ўртоғи билан ўн йилча бирга яшади. Аммо оилада юзага келган келишмовчиликлар туфайли турмуш ўртоғи билан ажрашди. Икки фарзанд суд ажримига биноан она тарбиясида қолди.

Райҳон ишсиз эди. Шу боис ажрашганидан кейин бир йил ўтиб фарзандларининг каттаси Ширинойни меҳрибонлик уйига, кичиги Амирни эса гўдаклар уйига топшириб, ўзи ишлашга қарор қилди. У фарзандларидан бутунлай кечмади, вақт топиб улардан хабар олиб турди.

Шу зайл йиллар ўтди. Бу орада Райҳон Мансур Элмуратов исмли йигит билан танишиб, унга турмушга чиқди. Бир йилдан сўнг ўғил фарзанд дунёга келди. Эр-хотин маслаҳатлашиб, унга Асилбек деб исм қўйишди.

Айрим келишмовчиликларни ҳисобга олмаганда, оиладаги умумий муҳитдан Мансурнинг ҳам, Райҳоннинг ҳам кўнгли тўқ эди. Шундан бўлса керак, кейинчалик бу уйга Шириной ҳам келиб турадиган бўлди. Шириной ҳар келганида онасига уй ишларида ёрдам берарди, Асилбекни ўйнатарди, хуллас, унинг ора-орада келиб туриши оила аъзоларининг ҳеч бирига ортиқча ташвиш туғдирмасди.

Жанжал
Йиллар ўтди. Бу орада Шириной меҳрибонлик уйида мактабни тамомлаб ўгай отасининг уйига қайтди ва кейинги ўқишини яқин атрофдаги таълим муассасаларининг бирида давом эттирди.

Шириной энди бироз улғайган, оқ-қоранинг фарқини тушуна бошлаган, шу билан бирга, феълида ҳам ўзгаришлар пайдо бўлганди. Шунинг учун кейинги пайтларда онасидан кўпроқ танбеҳ эшитадиган бўлиб қолди. Лекин онанинг бу уринишлари бефойда кетди. Чунки Шириной онасининг гапига кирмас, ҳеч бир сабабсиз ўқишига бормас, гоҳида онасининг Асилбекни эркалаганига жаҳл қилиб уйдан кетиб ҳам қоларди. Унинг шу каби ножўя ҳаракатлари ота-онасининг жанжалларига сабаб бўларди.

Гумон
Ўша куни эрталаб ота одатдагидек ишга кетди. Она эса Шириной ва Асилбек билан уйда қолди. Ота уйдан чиқиши билан Райҳон қизига кеча мактабдан ўқитувчилари келиб, унинг устидан яна шикоят қилганини, шунингдек, бир неча кун аввал қўшнилар уни кўчада маст ҳолда кўрганини айтиб урушди. Аммо Шириной онасининг гапларига парво ҳам қилмади. Табиийки, бундан Райҳоннинг баттар жаҳли чиқиб, она-бола ўртасида жанжал юзага келди. Одатий жанжаллар ва қизининг феълида юз бераётган ўзгаришлардан чарчаган Райҳон Ширинойга урушиб, хонадан чиқиб кетди.

Шириной онаси уйдан чиқиши билан аразлаб хонасига кириб ётиб олди. Шу ётишида ўгай отаси ва онасининг ўзига муносабати ҳақида, ўзи билан боғлиқ кейинги воқеалар ҳақида ўйлади. «Наҳотки бу уйда ортиқчалик қилаётган бўлсам» деб изтироб чекди.

Ваҳшийлик
Айнан шу фикр унга тинчлик бермади. У ўзини ўгай ота хонадонида кераксиз буюмдек ҳисоблаб, онасини укаси Асилбекдан қизғанди. Шу пайт хонага Асилбек кириб опасига одатдагидай эркалик қила бошлади. Шириной унинг кўкрагидан итариб, ўзидан узоқлаштиришга ҳаракат қилар экан, Асилбек унга ёмон сўз айтди. Бу Шириной учун катта ҳақоратдай туюлди ва энг даҳшатли воқеа шундан кейин бошланди.

Шириной шаҳд билан ўрнидан турди-да, Асилбекни дуч келган жойига уриб-тепа бошлади. Кейин кўтариб кароват устига ташлади ва қўллари билан, сўнг рўмоли билан бўғди. Шусиз ҳам нафас олишга қийналаётган боланинг юзига ёстиқ босиб, ўлишини кутди…

Жазо
Табиийки, бу мудҳиш воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан суриштирув бошланди. Воқеа жойини кўздан кечириш жараёнидаёқ ўзини ғалати тутган Шириной берилган саволлардан сўнг жинояти ҳақида гапириб беришга мажбур бўлди. Шу боис Ш.Умаровага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишини ҳар томонлама ўрганиб чиққан суд айбдорни 6 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Тимурбек БЕКМУРАТОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим прокурори

Парахат ҲАБИБУЛЛАЕВ

Манба: Huquq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўгай опанинг қасди